Ўзбекистоннинг МДҲдаги раислигига юқори баҳо берилди

19.12.2020, 12:50

Ўзбекистоннинг МДҲдаги раислигига юқори баҳо берилди

Жорий йилнинг 18 декабрь куни Президентимиз раислигида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги давлатлари раҳбарлари кенгашининг видеоанжуман шаклидаги мажлисининг бўлиб ўтиши том маънода 2020 йил охиридаги муҳим воқеалардан бири бўлди.

Ушбу мажлисга берилган бундай баҳо саммит кун тартиби билан белгиланади. Унда МДҲ доирасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорликнинг барча йўналишларида, шунингдек, янги хатар ва таҳдидларга қарши биргаликда курашиш соҳасида кўп қиррали муносабатларнинг бугунги ҳолати ва уларни ривожлантириш истиқболларини баҳолаш ўрин олди.

Саммит иштирокчилари шунингдек, МДҲни 2030 йилгача бўлган муддатда янада ривожлантириш концепцияси лойиҳаси ва уни амалга ошириш режасини ҳам муҳокама қилдилар. Ушбу ҳужжатларда ҳамкорликнинг яқин ва ўрта муддатли истиқболдаги стратегик мақсадлари ва асосий тадбирлари белгиланган.

БМТга асос солингани муносабати билан ҳамда халқаро ахборот хавфсизлигини таъминлаш соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги қўшма баёнотлар, шунингдек, Ҳамдўстлик фаолиятининг турли жиҳатларига доир қарорнинг қабул қилиниши саммитнинг муҳим натижаси бўлди.

Депутатлик корпуси, жумладан, парламент қуйи палатасидаги ЎзЛиДеП фракцияси аъзолари МДҲга раислик қилишдек масъулиятли вазифани илк бор ўз зиммасига олган мамлакатимиз, пандемия билан боғлик мураккаб шароитларга қарамай, Ҳамдўстликка раислик концепциясини тўлиқ ҳажмда амалга оширди, деб ҳисоблайдилар.

Бир қатор амалий кўрсатгичлар, хусусан, кўпгина муҳим ҳужжатлар қабул қилингани ҳам буни тасдиқлайди. Зеро, 2030 йилгача муддатга мўлжалланган Иқтисодий тараққиёт стратегияси, Транспорт соҳасидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишлари, туризм, спорт ва ёшларга оид сиёсат соҳаларида ҳамкорлик стратегиялари ва бошқалар қабул қилинди. Ҳукумат раҳбарлари кенгаши, Иқтисодий кенгаш, Ташқи ишлар вазирлари кенгаши, МДҲнинг бошқа устав ва тармоқ органларининг мажлислари муваффақиятли ўтказилди. Умуман, 60 га яқин кўп томонлама тадбир ўтказилиб, Ҳамдўстликни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашга хизмат қиладиган 70 дан зиёд ҳужжат қабул қилинди.

Ўз навбатида, якунланиб бораётган 2020 йилда Ўзбекистон МДҲнинг Ёшлар билан ишлаш Кенгаши, Меҳнат, бандлик ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш маслаҳат кенгаши, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш маслаҳат кенгашига қўшилди. Ишончимиз комилки, буларнинг бари, мамлакатимизнинг Ҳамдўстликка аъзо давлатлар билан ҳамкорлик кўламини янада кенгайтиради.

O'zLiDeP фракцияси аъзолари МДҲнинг узоқ муддатли вазифалари бўйича Ўзбекистон Республикасининг истиқболи ҳамда Президентимиз томонидан МДҲ раҳбарлари мажлисида амалий ҳамкорликни кенгайтириш бўйича билдирилган аниқ таклифларини алоҳида эътироф этади. Биринчи навбатда, Ҳамдўстлик улкан бунёдкорлик салоҳиятига эга, масалан, бу МДҲ маконида фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилишда умумий механизмни яратиш билан боғлиқ. Мафкуравий ва ахборот соҳаларида хавфсизликни таъминлаш масалалари ҳам янги, ноодатий ёндашувларни тақозо этмоқда.

Сайловчиларимиз, тадбиркорлар, ишбилармонлар ва фермерлар номидан МДҲ, жумладан, Жанубий Осиё билан савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш учун барча имкониятларни тўла ишга солиш муҳим, деб ҳисоблаймиз. Бундан кейин ҳам Ҳамдўстлик мамлакатлари ўртасида “яшил” йўлаклар амалиётини кенг жорий этиш, электрон савдони ривожлантириш бўйича “йўл харитаси”ни қабул қилиш, саноат кооперацияси бўйича комплекс дастур ишлаб чиқиш, айниқса, агросаноат, машинасозлик, электротехника, енгил ва озиқ-овқат саноати, фармацевтика ва бошқа устувор тармоқларда қўшма кластерлар ташкил этиш зарур. Энг муҳими, МДҲда авиақатновларни имкон қадар тез фурсатда қайта йўлга қўйилишига кўмаклашиш, меҳнат мигрантлари ҳужжатларини ўзаро тан олишнинг ягона механизмини яратиш ва бу соҳада алоҳида дастур қабул қилиш лозим.

Давлатимиз раҳбарининг бу ва бошқа ташаббусларини амалиётга тадбиқ этилиши Ҳамдўстлик маконида инқироздан кейинги даврда барқарор ривожланиш учун МДҲга аъзо давлатларнинг улкан салоҳиятидан тўла фойдаланиш, саъй-ҳаракатларни бирлаштириш имконини беради, деб ҳисоблаймиз.

Яна бир муҳим жиҳат, МДҲнинг 2030 йилгача иқтисодий ривожланиш стратегиясининг амалга оширилиши алоҳида эътиборга молик. Ушбу ҳужжат иқтисодий ҳамкорликнинг 30 дан ортиқ йўналишлари бўйича ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришга, миллий иқтисодиётлар рақобатбардошлиги ошириш ва Ҳамдўстлик фуқароларининг фаровонлигини юксалтиришга, унга аъзо давлатларнинг жаҳон иқтисодий алоқаларидаги мавқеини мустаҳкамлашга қаратилган. Бу Президентимиз ташаббуси билан таклиф этилган МДҲга аъзо давлатларнинг 2030 йилгача транспорт соҳасида ҳамкорлигининг устувор йўналишларига ҳам тааллуқли. Унда умумий транспорт маконини шакллантириш ва МДҲ мамлакатларида транспорт йўлаклари рақобатбардошлигини ошириш, уларнинг Европа ва Осиё транспорт тизимларига интеграциялашуви бўйича мувофиқлашган сиёсат юритиш кўзда тутилган.

Бир сўз билан айтганда, O'zLiDeP фракцияси аъзолари Президентимиз раислигида бўлиб ўтган мажлис кўплаб минтақавий ва халқаро ташкилотлар ишини қийинлаштириган мураккаб эпидемиологик вазиятга қарамай, Ўзбекистоннинг МДҲ раислиги доирасида унумли ва самарали иш олиб борганини яққол кўрсатди, деб ҳисоблашади. Зотан, Ўзбекитон МДҲ маконида кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш, сиёсий, иқтисодий ва гуманитар ҳамкорликнинг барча йўналишларида амалий шерикликни чуқурлаштириш, барқарор ва мустаҳкам ривожланишни таъминлашнинг қатъий тарафдори эканини яна бир бор кўрсатди.

Актам Ҳаитов,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси Спикери ўринбосари,

O'zLiDeP фракцияси раҳбари
  • Кўрилди
    700
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+