Дониёр Ғаниев сайловчилар билан учрашувларда қандай муаммоларни ҳал этди?

21.12.2020, 15:24

Дониёр Ғаниев сайловчилар билан учрашувларда қандай муаммоларни ҳал этди?

Халқ қалбига қулоқ солиш, одамларнинг дарду ташвишини тинглаш, муаммоларини ҳал этиш бугунги ислоҳотларнинг туб моҳиятини ташкил этмоқда. Шунинг учун ҳам Президентимиз халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши кераклигини ва бу ҳақиқатни, аввало, барча бўғиндаги раҳбарлар яхши тушуниб олиши зарурлигини қайта-қайта таъкидламоқдалар.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ҳам халқ билан ҳамнафас яшаб, уларнинг муаммоларига ечим топишда жонбозлик кўрсатмоқдалар. Хусусан, куни-кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, O'zLiDeP фракцияси аъзоси Дониёр Ғаниев ҳам Марғилон шаҳрида бўлиб, сайловчилар билан учрашди. Уларнинг таклиф ва ташаббусларига қулоқ тутди. Муамоларга ечим излади.

Шаҳардаги 18, 23-умумий ўрта таълим мактаблари ҳамда 10-сонли болалар Мусиқа ва санъат мактабида депутат билан сайловчилар иштирокида очиқ мулоқотлар ўтказилди.

Учрашувда Марғилон шаҳар ҳокими Адҳамжон Зиявитдинов, шаҳар ҳокими ўринбосарлари Жалолиддин Тоштемиров, Тўланбой Бекназаров, Марғилон шаҳар Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонаси мудири Фозилжон Сотволдиев ҳамда шаҳардаги коммунал ва бошқа корхона-ташкилот раҳбарлари иштирок этдилар.

Мулоқотда фуқаролар коммунал масалалар, шунингдек, тадбиркорлик учун ер ажратиш, банк кредитлари сингари ўзларини қийнаб келаётган муаммолар билан депутатга мурожаат қилдилар.

Учрашув давомида шаҳар ҳокими А.Зиявитдинов ҳамда депутат Д.Ғаниевлар республикамиз, хусусан, Марғилон шаҳрида ҳозирги кунда аҳоли мурожаатлари билан ишлаш, уларни қийнаб келаётган муаммоларни аниқлаш ва бартараф этиш бўйича олиб борилаётган ишлар хусусида тўхталиб ўтдилар.

–  Олий Мажлис Қонунчилик Палатасига депутатлар сайлови бўлиб ўтганига деярли бир йил тўлди. Ўтган давр мобайнида асосан қонун ижодкорлиги билан ҳамда озми-кўпми менга ишонч билдирган сайловчилар манфаати учун фаолият олиб бордим, – дейди Дониёр Ғаниев. – Ортда қолган бир йил давомида амалга оширилган ишлар юзасидан сайловчиларга ҳисобот бериш, шу билан биргаликда уларнинг муаммоларини ўрганиш ва муаммоларга ижобий ечим топиш асосий вазифаларимдан биридир.

Депутатнинг таъкидлашича, учрашувларда электр ва газ муаммолари бўйича кўплаб мурожаатлар билдирилди. Шу боисдан, мазкур масалаларда аниқланган бир қатор муаммоларни имкон қадар бартараф этиш мақсадида, Энергетика вазирлиги, “Ўзтрансгаз” ва “Ҳудудий электр тармоқлари”АЖлар масъул ходимлари билан муамоларга ечим изланди.

Натижада шаҳарга табиий газ узатувчи асосий “Турват” ГРСдан аҳоли истеъмолчиларига алоҳида тугун чиқариш (янги тармоқ ажратиш) учун “Ўзтрансгаз” АЖдан техник шарт олишга эришилди. Электр таъминотидаги узилишларни бартараф этиш учун Марғилон шаҳрини электр энергияси билан таъминловчи 4 та 110/35/6 кВли тармоқлардан 2 тасини автоматикадан чиқариш ҳамда электр энергиясини узлуксиз етказиб берилишига келишилди. Шаҳар электр тармоқлари корхонасига куз-қиш мавсуми давомида юзага келган аварияларни тезкор ва сифатли бартараф этиш учун қўшимча автокран, юк машинаси ва эксковатор (1 тадан) билан таъминлашга келишиб олинди. Ҳозирда мазкур муаммоларни тўла бартараф этиш учун зарурий чоралар кўрилмоқда.

Бундан ташқари, фуқаролар томонидан янги трансформаторлар ўрнатиш, кредит ажратиш, бола нафақаси тайинлаш, уй-жой билан таъминлаш каби кўплаб мурожаатлар келиб тушди. Депутат шу куннинг ўзида автомобиль Дарё транс (автомобил ва дарё транспорти агентлиги) томонидан асоссиз жаримага тортилган фуқаронинг муаммоси ҳамда оқава тармоғидаги авария ҳолатини бартараф этиш бўйича юзага келган муаммоларни жойида баратараф этди.

Қолган муаммоларни бартараф этиш бўйича маҳаллий ижрочилар билан ҳамкорликда иш олиб борилиб, муаммолар ижроси шаҳар ҳокимлиги ва маҳаллий Кенгаш депутатлари томонидан назоратга олинди.

Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниев Марғилон шаҳридаги учрашувларида шаҳардаги Рақамли технологиялар марказида ҳам бўлиб, у ерда ёшлар билан учрашди.

Очиқ мулоқотда депутат бугунги кунда мамлакатимизда ёшларнинг таълим-тарбия олишлари, касб-ҳунар эгаллашлари йўлида кўплаб шарт-шароитлар яратилаётгани, ушбу имкониятлардан эса фақатгина чуқур билим олиб ўз ўрнида оқилона фойдаланиш лозимлигини алоҳида қайд этиб ўтди.

Учрашув давомида ёшлар депутатга ўзларини қизиқтирган савол ва таклифлар билан мурожаат қилдилар.

Бир сўз билан айтганда, Д.Ғаниев бу галги сайловчилар билан учрашувларида ҳам бир қатор муаммоларни ижобий ҳал этиб, халқ ишончини қозонишга эришди. Асосий мақсад ҳам аслида шу. Аҳоли муаммоларини тўлиқ қамраб олиш, уларга тезкор, самарали ва ҳаётий ечим топиш, халқимиз ўз ҳаётида ижобий ўзгаришларни эртага эмас, балки бугун кўришига эришишдан иборатдир.

Шоҳсултон ТЎХТАМАТОВ,

O'zLiDeP Фарғона вилояти Кенгаши

матбуот котиби.

  • Кўрилди
    668
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+