Деҳқонободлик сайловчилар Спикер ўринбосарига миннатдорлик билдирди
22.12.2020, 17:11
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг ўз сайловчилари билан юзма-юз учрашувининг аҳамияти жуда катта. Бу фақат халқни қийнаётган муаммоларни ўрганиш, ҳал этишга кўмаклашиш билангина боғлиқ эмас. Балки йўл танобини тортиб, сайловчи ҳузурига бориш, ҳол-аҳвол сўраш, яшаш шароитларини ўрганиш, ўй-фикрлари, тафаккури ва эртанги кунга ишончи, эътибори ҳақида қизғин суҳбатлар қуриш сайловчи ва депутат ўртасидаги муносабатларни янада мустаҳкамлайди.
Парламент қуйи палатаси Спикери ўринбосари, ЎзЛиДеП фракцияси раҳбари Актам Ҳаитовнинг Деҳқонободнинг олис тоғ ён бағирларида жойлашган Боғчорбоғ ҳудудидаги “Чашмимирон” МФЙга қарашли қишлоқлардаги сайловчилар билан учрашуви ҳам жуда қизғин ва кўтаринки руҳда ўтди.
Суҳбат ва мулоқотлар чоғида маҳаллий аҳоли вакиллари, оқсоқоллар депутатнинг жорий йилда тоғли қишлоқларга 4 марта келганини, қишлоқ врачлик пункти қуришга кўмаклашганини, аҳолининг дардини юзма-юз эшитиб, ҳуқуқий маслаҳатлар берганини эътироф этдилар. Қувонарлиси, янги йил арафасида, қиш-қировли кунларга қарамасдан ҳол-аҳвол сўраш, аҳолининг заиф қатламларини қўллаб-қувватлаш учун яна бир бу ҳудудга келганидан миннатдор эканликларини билдирдилар.
–Нега касалхона, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш ҳақида сўрамаяпсизлар, – деди А.Ҳаитов сайловчиларга қарата. – Сабаби, олдинги учрашувларда бу муаммо кўтарилган эди ва тегишли ташкилотлар орқали имкон қадар ҳал қилишга кўмаклашгандик. Бугунги суҳбатимизда биринчи кўтарилган масала – қишлоқда кутубхона қуриш билан боғлик эканидан жуда мамнун бўлдим. Оқсоқоллар униб-ўсиб келаётган ёшларни билимли, салоҳиятли бўлиши учун жон койитаяпти, қишлоқда маданият ва маърифатни, маънавиятни юксалтириш учун қайғураяпти. Буни қўллаб-қувватлаш керак. Зотан, Президентимиз олиб бораётган изчил сиёсат, ҳаётбахш ислоҳотлар энг чекка тоғ ҳудудларидаям ўзининг акс-садосини бераётир.
Сайловчилар билан учрашувда ишсизлик муаммоси, нон маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхонаси қуриш, аҳоли учун минерал ўғитлар савдо дўкони барпо қилиш, ёш оилаларга боғ яратиш учун субсидия ажратишга оид мурожаатлар келиб тушди.
Шунингдек, ичимлик суви муаммосини ҳал этиш, ҳудуддаги 10-мактаб шароитларини яхшилаш, иситиш тизимини йўлга қўйиш, Чашмимирон қишлоғидаги касб-ҳунар коллежи биносини ўзбек тилига ихтисослашган мактабга айлантириш ва бошқа шу каби масалалар ўрганилиб, уларни ҳал этиш бўйича чора-тадбирлар белгиланди.
Спикер ўринбосари А.Ҳаитовнинг учрашувлари Деҳқонобод туманининг Белибойли ҳудудидаги “Оқтош” маҳалла фуқаролар йиғинида давом этди.
Юзма-юз, самимий мулоқотлар давомида ҳудуд аҳолиси тоғ-ён бағирларидаги фойдаланилмай турган ерларда боғ ташкил этиш, талабгар ёшларга ер ажратиш масалаларида ёрдам сўради. Халқ вакили ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлаб, бу масалада доим ёрдамга тайёрлигини билдирди.
–Оқтош қишлоғида “Ҳар бир ёшга бир гектар” тамойили асосида ёшларга 100 гектарга яқин ер ажратилиб, токзорлар барпо қилингани яхши самара бераётганидан жуда мамнунман, – деди А.Ҳаитов. – Бундан кейин ҳам сизларнинг талабингизга кўра, яна ер ажратиш бўйича тегишли ташкилотлар билан фикрлашамиз, бу борада зарур чора-тадбирларни кўрамиз.
Оқтош қишлоғи оқсоқоллари ҳудуддаги бошқа бир қатор муаммолар ҳақида ҳам депутат билан суҳбатлашиб, ҳуқуқий маслаҳатлар олишди. Ўз навбатида, қишлоқ одамлари ўз ҳузурига келиб, улардан ҳол-аҳвол сўраган, сайловчиларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаётган халқ вакилига самимий миннатдорлик билдирди.
O’zLiDeP Қашқадарё вилоят Кенгаши
матбуот хизмати
Фикрингизни қолдиринг
Ўхшаш янгиликлар
-
Давлат дастуридан келиб чиқадиган партия ва фракция олдидаги вазифалар муҳокама қилинди
26.02.2024, 17:32
-
Депутат мактаб кутубхонасига 100 дан ортиқ бадиий асарлар ва адабиётлар туҳфа қилди
14.02.2024, 17:23
-
Муҳим ва устувор вазифалар белгилаб олинди
31.01.2024, 17:49
-
“Аёллар дафтари” билан манзилли ишлашнинг шаффоф механизми яратилади
30.01.2024, 12:28
-
Депутат жарқўрғонлик тадбиркорлар муаммосини ўрганди
30.01.2024, 10:11
Билдирилган фикрлар
Рахманова Гульнара Арзеновна 2020-12-23 10:36:50
Халкимизга эътибор элга этибор. Фарован турмуш тарзини шакллантириш учун барча сохаларда эркин ривожлантиришларни жадаллаштириш, ахолининг огрини енгил килиш максадида утказилаетган хар бир учрашувлар узининг самарасини курсатмокда. Хакикатдан хам Хурматли Президентимиз айтиб утганидек хар бир фукора мурожаати остида инсон хаети етади. Мурожаатлар ижобий хал килиниб борилса партиямизга депутатларимизга халкимизнинг ишончи ошади.