Деҳқон хўжалигини юритишда қандай янгиликлар кутиляпти?

28.12.2020, 14:17

Деҳқон хўжалигини юритишда  қандай янгиликлар кутиляпти?

Мамлакатимизда кенг турдаги юқори сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш учун барча имкониятлар мавжуд. Шу боис, юртимизда кафтдек ердан даромад топиш, шу орқали халқимиз ва давлатимиз иқтисодиётига манфаат келтириш мақсадлари юқори босқичга кўтарилди. Соҳа ривожига оид қатор қонун ва қонуности ҳужжатлари қабул қилинди.

Лекин бу йўналишдаги меъёрий ҳужжатларда деҳқон хўжаликларини юритиш билан боғлиқ айрим масалалар тўлиқ очиб берилмаган. Хусусан, амалдаги қонунчиликда деҳқон хўжалигини юритиш учун ер участкалари фуқароларга мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи асосида берилиши назарда тутилган.

Бунинг натижасида ҳуқуқий тушунчалардаги чалкашликлар туфайли деҳқон хўжаликлари ихтиёридаги ерларда аҳоли томонидан ўзбошимчалик билан уй-жойлар ва бошқа иморатлар қурилиб, турар жой сифатида фойдаланиб келинди. Ачинарли жиҳати, ерларни асраш, унумдорлигини ошириш ва агротехника талабларига риоя қилиш каби мажбуриятларни бажариш иккинчи даражага тушиб қолди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида кўриб чиқилган “Деҳқон хўжалиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасида шу каби муаммоли масалаларга алоҳида аҳамият берилган.

Деҳқон хўжалигини ташкил этиш ва юритиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган ушбу қонун лойиҳасининг асосий мақсади – деҳқон хўжалигини ташкил этиш, фаолиятининг ҳуқуқий асосларини белгилаш, шунингдек, деҳқон хўжаликларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборатдир.

Шу жиҳатдан қонун лойиҳасида деҳқон хўжалигини юритиш учун 0,06 гектардан 1 гектаргача бўлган ўлчамда ер участкалари берилиши ва ундан ихтисослашуви асосида фақат қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш учун фойдаланиши кераклиги белгиланмоқда.

Ердан деҳқон хўжалигининг ихтисослашувида назарда тутилмаган бошқа қишлоқ хўжалиги экинларини деҳқон хўжалигининг ихтисослашувига мувофиқ асосий қишлоқ хўжалиги экинларининг қатор ораларига экиш ёки асосий ва бошқа қишлоқ хўжалиги экинларини навбатлаб экиш йўли билан етиштириш учун ҳам фойдаланилиши мумкинлиги назарда тутиляпти.

Булар ҳали ҳаммаси эмас. Мазкур ҳужжатга биноан, деҳқон хўжалигини юритиш учун берилган ер участкасида бино ва иншоотлар, шу жумладан, ерости иншоотларини қуриш тақиқланмоқда. Бундан енгил конструкцияли иссиқхона ва бошқа шу каби қурилмалар, шунингдек, суғориш иншоотларини қуриш мустасно. Ер участкасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етиштириш билан бир вақтда 10 бошдан ортиқ бўлмаган миқдордаги чорва молини ўтлатишга йўл қўйилади. Ўз тасарруфидаги ер участкасидан хўжасизларча фойдаланиш ёки уларнинг яроқсиз ҳолга келиб қолишига йўл қўйилмайди.

Деҳқон хўжалиги томонидан қишлоқ хўжалиги экинларини экиш ихтисослашувга кўра амалга оширилмаган тақдирда, ер солиғи уч баравар миқдорда ундирилади. Бу эса ердан самарали ва оқилона фойдаланишга хизмат қилади.

Яна бир муҳим янгилик – қонун лойиҳаси қабул қилингач, деҳқон хўжалиги ўзининг қишлоқ хўжалиги маҳсулотини даласида, деҳқон бозорларида ва савдо марказларида, шунингдек, аҳоли пунктларида сайёр савдо ташкил этиш йўли билан қўшимча рухсатномаларсиз реализация қилиш ҳуқуқига эга бўлишади. Деҳқон хўжалиги томонидан ўзининг қишлоқ хўжалиги маҳсулотини реализация қилишдан олган даромадларига солиқ солинмайди.

Умуман олганда, ҳар қарич ердан унумли фойдаланиш, ер эгаларида шахсий масъулият ва жавобгарлик ҳиссини ошириш, соҳа равнақига тўсиқ бўлаётган камчиликларни узил-кесил бартараф қилишга қаратилган қонун лойиҳасида бугунги куннинг устувор вазифалари аниқ, чуқур ёндашилган ҳолда белгилаб берилмоқда. Бинобарин, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкаларидан фойдаланиш самарадорлигини янада ошириш ҳозирги мураккаб шароитда ҳар қачонгидан муҳимроқ.

“Ери бойнинг эли бой”, дейди халқимиз. Зеро, тириклик манбаи бўлиб келган ернинг ҳар қаричидан оқилона фойдаланиш иқтисодий барқарорлик кафолатидир. Демак, ҳар бир хонадоннинг қут-баракали бўлиши, одамларимизнинг ўз турмушидан рози ва мамнун яшаши учун ердан самарали фойдаланиш лозим. Ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши эса соҳа ривожига хизмат қилиши аниқ.

Актам ҲАИТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Спикери ўринбосари,

O'zLiDeP фракцияси раҳбари

  • Кўрилди
    340
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+