Президент ишончи Ўзбекистон ёшларининг таянчи ва суянчидир

04.01.2021, 15:12

Президент ишончи Ўзбекистон ёшларининг таянчи ва суянчидир

2020 йилнинг 29 декабрь куни тарих саҳифаларига зарҳал ҳарфлар билан битилди. Чунки бу кунда Муҳтарам юртбошимизнинг Олий Мажлисга ва халқимизга йўллаган Мурожаатномасини барча юртдошларимиз сафида минг ҳаяжон ва ифтихор ила мен ҳам тингладим. Шу юрт, шу замин фарзанди сифатида мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, ўзгаришлару янгиликларни юрак-юракдан ҳис этиб, ғурурландим.

Барчамизга маълумки, 2020 йил дунёнинг 191 та малакатлари қаторида юртимизга ҳам коронавирус деган баол кириб келди. Шунингдек, Бухоро ва Сардобада рўй берган табиий ва техноген офатлар ҳам халқимизнинг сабр-бардошини, метин иродасини синовдан ўтказди. Гарчи, оғриқли кунлар қалбимизда муҳрланиб қолган бўлсада, юртбошимизнинг олиб бораётган оқилона ва одилона қарорлари сабаб халқимиз қадди букилмади, боши хам бўлмади. Зеро, бу кунлар одамларимизнинг бир-бирига бўлган меҳр-оқибатини кўрсатиб берди.  

Бу машаққат ва оғир кунлардан эсон-омон ўтиб олдик. Илло, мамлакатимиз ривожи тўхтаб қолмади. Барча соҳаларда юксалиш ва ривожланиш бирдек давом этди. Жумладан, 2020 йилда мамлакатимизнинг халқаро молия бозорларига чиқиш имкониятлари янада яхшиланиб, илк бор миллий валютада 2 триллион сўмлик давлат еврооблигациялари паст фоизларда жойлаштирилди. Шу билан биргаликда, республикамизда 197 та йирик, минглаб кичик ва ўрта корхоналар ҳамда инфратузилма объектлари барпо этилди.  

Хусусан, “Навоийазот”да аммиак ва карбамид ишлаб чиқариш комплекси ҳамда азот кислотаси заводи, Муборак, Газли ва Шўртан нефть-газ корхоналарида суюлтирилган газ ишлаб чиқариш қурилмалари, Тошкент металлургия заводи каби йирик қувватлар ишга туширилгани, фикримиз исботидир.

Юртбошимиз томонидан 2021 йил учун ҳам алоҳида таклиф ва режалар қатъий белгилаб берилди. Барчамизга маълумки, инсон саломатлиги энг олий неъмат. Бу борада юртимизда бир қатор янгиликлар бўлиши маълум қилинди. Соғлом турмуш-тарзига риоя этиш, аҳоли саломатлиги сақлаш, бу борада зарурий чоралар кўриш лозимлиги айтиб ўтилди. Фарзандларимиз ҳам жисмонан ҳам маънан етук бўлиши учун барча шарт-шароитлар яратилиши кераклиги таъкидланди.  

Дарҳақиқат, мамлакатимизда  Учинчи Ренессанс даври бошланган экан, биз буюк аждодларимиз бўлган Хоразмий, Беруний, Ибн Сино, Мирзо Улуғбек, Навоий ва Бобурлар изидан бориб, аждодларига муносиб авлодларни тарбия қилмоғимиз даркор.  

Бунинг учун энг аввало таълим-тарбияга алоҳида эътибор қаратилиши, илм-фанни юқори чўққига чиқариш лозим. Бу борада ҳар бир ёшни миллий қадриятларимиз, урф-одатларимиз ва анъаналаримиз руҳида тарбиялашимиз, шу билан биргаликда Янги Ўзбекистонга арзигулик янгича руҳ ва қарашда улғаётган ёшларимизни қўллаб-қувватлашимиз лозимлиги айтиб ўтилди.

Муҳтарам юртбошимиз ёшларни илм-фанга ҳамда касб-ҳунарга йўналтириш, билим ва тажрибага эга бўлган кадрларни етиштириб чиқариш устувор вазифалардан бири эканлигини алоҳида таъкидлаб, буюк бобокалонимиз Абу Али ибн Синонинг: “Довюрак ва ботир инсонлар келажакда содир бўладиган қийинчиликлардан қўрқмайди”, – дея айтган пурмаъно ҳикматини келтирар экан, ёшлар ҳар соҳада етакчи бўлишини, бу борада барча имкониятлар яратилишини билдириб ўтганида, ҳар бир кишининг қалбида ўзгача ҳаяжон бўлди.  

Шунингдек, 2021 йилни мамлакатимизда “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”, деб ном берилиши ниҳоятда ҳаяжонли бўлди. Ва бу борада йил давомида амалга оширилиши керак бўлган устувор вазифалар дастуриламал қилиб белгилаб берилди. Чунончи, фарзанд тарбиясида мактабгача таълим муассасаларидан эътибор қаратилиши ҳамда келгуси йил якуни билан мактабгача таълим қамровини 65 фоизга, 2023 йил охирида эса 75 фоизга етказилиши кераклиги, бундан ташқари ЮНИСEФ ҳамда Жаҳон банки билан ҳамкорликда имконияти чекланган болалар учун мактабгача таълимни уйда бериш модели ишлаб чиқилиши кераклиги халқимиз нечоғлик болажон халқ эканлигидан далолатдир.

Шу билан бир қаторда, мактаб таълимини тубдан яхшилаш, муаллимларга муносиб шароит яратиш борасидаги ислоҳотлар ҳам жадал давом эттирилиши, бошқа тумандаги олис мактабга бориб, дарс берадиган ўқитувчилар ойлигига 50 фоиз, бошқа вилоятга бориб ишласа – 100 фоиз устама ҳақ тўланиши, келгуси йилда юртимизда 10 та Президент мактаби, кимё-биология, математика, ахборот технологияларига ихтисослашган 197 та мактаб ўз фаолиятини бошлаши, 240 мингдан зиёд мактаб ўқитувчиларига синф раҳбарлиги учун устама тўловлар 1,5 баробарга оширилиб, бюджетдан 400 миллиард сўм қўшимча маблағ ажратилиши, юртбошимиз томонидан: “Жамиятда ўқитувчи касби энг нуфузли ва обрўли касб бўлиши лозим”, – дея эътироф этилиши ҳам фикримиз исботидир.

Шунингдек, жамиятда хотин-қизларимизнинг нуфузини оширишда, энг аввало уларнинг таълим олишига эътибор қарата Олий ўқув юртларига қабул қилишда эҳтиёжманд оилалар қизлари учун грантлар сонини 2 баробарга кўпайтириб, 2 мингтага етказилиши, аъло баҳоларга ўқиётган, ижтимоий-ҳимояга муҳтож қизлар учун махсус стипендиялар жорий этилиши эса юртимизда қизларимиз алоҳида меҳр-муҳаббатга лойиқлигини намоён этмоқда.  

Шу билан биргаликда, келгуси йилда нуфузли хорижий университетлар, илмий ва инновацион марказлар билан алоқаларни кучайтириш, улар билан кадрлар тайёрлаш бўйича ҳамкорликни янада кенгайтириш зарурлиги, ушбу муносабат билан, “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали етакчи хорижий олий ўқув юртларининг магистратура ва докторантурасида ўқишга юбориладиган ёшлар сони 5 баробарга оширилиши таъкидлаб ўтилганида салоҳиятли, ақл-заковатли ёшлар юртимиз таянчи эканлигига яна бир бор амин бўласан, киши.

Юртбошимиз: буюк мутафаккир бобомиз, туркий тил асосчиси Мир Алишер Навоийнинг: “Қуёшлиқ истасанг, касби камол эт”, – деб айтган ҳикматларини келтириб ўтар экан, ёшларимизнинг келажаги қуёшдек порламоғи учун ҳар бири чин юракдан мақсадлари сари бел боғламоғини уқтириб ўтдилар.  

Дарҳақиқат, шунча имконият, шунча шарт-шароит ва эътибор учун беминнат жавоб қайтариш ҳар бир ёшнинг ҳам мажбурияти ҳам масъулияти бўлиши керак.  

Бундан ташқари 2021 йилда барча таълим муассасаларида физика ва чет тилларини ўрганишни устувор йўналиш этиб белгиланиши, айниқса, физика фани бўйича Аҳмад Фарғоний номидаги халқаро фан олимпиадаси ташкил этилиши бу юртда ҳар бир аждод авлодлар назарида эканлиги, уларнинг бой маънавий мероси қадр топаётганлигидан далолат.  

Шунингдек, юртбошимизнинг эҳтиёжманд оилаларнинг фарзандлари, чин етим, ногиронлиги бўлган ва даволанишга муҳтож болаларга алоҳида меҳр-мурувват кўрсатиб, республикамизда эътиборга муҳтож 18 ёшгача бўлган 150 минг нафар фарзандларимиз учун 2021 йилда биринчи марта бюджетдан 900 нафар чин етим ёшларни уй-жой билан таъминлашга 50 миллиард сўм ажратилиши, бундай эзгу ишларни тизимли йўлга қўйиш учун Болаларни қўллаб-қувватлаш жамоат фондини ташкил этиб, унга бюджетдан 100 миллиард сўм ажратилиши ҳеч бир ёш эътибордан четда эмаслигини кўрсатади. Олий Мажлис палаталари Болаларни қўллаб-қувватлаш жамоат фонди фаолиятини қонун даражасида мустаҳкамлаб, бу борада фаоллик кўрсатган юртдошларимизни рағбатлантирилиши эса таҳсинга сазовордир.  

Юртбошимиз ўз мурожаатларида у хоҳ иқтисодий, хоҳ ижтимоий соҳа бўлсин, бир қатор янги таклиф ва лойиҳаларни, амалга оширилиши керак бўлган ислоҳотларни бир-бир санаб ўтар экан, биз ҳам ғайрат ва шижоатли бўлишимиз кераклигини яна бир бор англаб етдик. Чунки ортимизда тоғдек таянч ва суянч бўлиб турган Президентимизнинг ишончини оқлаш барчамиз учун шарафдир.  

Зеро, ҳар бир ёш қалбида Ўзбекистон фарзанди эканлигидан фахрланиш туйғуси бор экан, бу каби юксалишлар, албатта, давом этади. Илло, ёшлар – бугуннинг ниҳоллари, эртанинг келажаги, бахтли кунларнинг давомчилари, нурли заминнинг нурли фарзандларидир!

Жамшид ХОДЖАЕВ,

Ўзбекистон ёшлар ишлари агентлиги  

Навоий вилояти бошқармаси бошлиғи, сенатор

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    623
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+