Президентимизнинг ёшларга эътибори кучимизга куч қўшди

07.01.2021, 14:23

Президентимизнинг ёшларга эътибори кучимизга куч қўшди

Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасини тинглаб, халқнинг ишонган бир вакили сифатида ич-ичимда шижоат оловланди.
Аввало, Мурожаатномада Президентимиз 2021 йилдаги улкан режалар ва устувор вазифаларга тўхталар экан, бу йил аввалгиларига қараганда баракали бўлишини ҳис этиб турдим. Айниқса, ҳар бир соҳа кесимида ислоҳотлар амалга оширилиши, барча жабҳаларда имтиёз ва имкониятлар яратилиши хусусида сўз борганида бугунги кун ёшларининг ёруғ келажаги кўз олдимга келди.

Юртбошимизнинг “Агар катта авлоднинг билими ва тажрибасини, узоқни кўра олиш фазилатларини ёшларимиздаги ғайрат-шижоат, мардлик ва фидойилик билан бирлаштира олсак, кўзлаган марраларга, албатта, етамиз. Янги Ўзбекистонни ана шундай билимли ва бунёдкор ёшларимиз билан биргаликда барпо этамиз”, дея ишонч билдирганлиги зиммамиздаги вазифаларимиз юзасидан масъулиятни янада оширди.

Мурожаатномада жамиятда ўқитувчи нуфузи ва обрўсини ошириш борасидаги ишлар келгуси йилда ҳам изчиллик билан давом эттирилиши, она ва бола соғлиғига юксак эътибор қаратилиши, хусусан, олий таълим муассасаларига киришда грант квоталари 25 фоизга оширилиши тарихий воқелик бўлди.

Шунингдек, ОТМга қабул қилишда эҳтиёжманд оилалар қизлари учун грантлар сони 2 бараварга кўтарилиб, 2000 тага етказилиши, аъло баҳога ўқиётган ижтимоий ҳимояга муҳтож қизлар учун махсус стипендиялар жорий этилиши, хусусий олийгоҳларга мутахассислар тайёрлаш учун давлат буюртмаси берилиши давлат раҳбарининг илм-фан ва таълим ривожига қаратилган юксак эътиборининг амалий ифодасидир.

Бундан ташқари, Мурожаатномада Президентимиз томонидан 2005 йилгача Ўзбекистонга келиб, доимий яшаётган, фуқаролиги бўлмаган шахсларга ҳам тўғридан-тўғри Ўзбекистон фуқаролиги берилиши, бу ўзгариш билан мамлакатда яшаб келаётган яна 20 минг киши фуқаролик олишини таъкидлангани бағрикенгликнинг яна бир ёрқин исботи бўлди.

Ўзбекистонда 15 йил давомида муқим яшаган фуқаролиги бўлмаган шахсларга тўғридан-тўғри фуқаролик бериш тартиби жорий этилиши эса нур устига аъло нур бўлди.

Мазкур Мурожаатноманинг мазмун-моҳиятини аҳолининг барча қатламига етказишда, уларнинг давлатдан розилигини таъминлашда биз денпутатлар ўзимизнинг бор имконият ва ғайратимизни сафарбар этамиз.

Халқимизнинг турмуш фаровонлигини яхшилаш учун келгуси йилда амалга ошириладиган изчил ислоҳотлар ижросини таъминлашга дахлдор эканмиз, яратилаётган ҳамма имкониятларни ишга солиб мамлакат равнақига муносиб ҳиссамизни қўшамиз.

Сардор ҒАФФОРОВ,

Халқ депутатлари Навоий

шаҳар Кенгаши депутати.

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    658
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+