O’zLiDeP депутати қишлоқ врачлик пунктлари ҳолатини ўрганди

08.01.2021, 17:06

O’zLiDeP депутати қишлоқ врачлик пунктлари ҳолатини ўрганди

2005 йилда Андижон туманидаги “Юқори”, “Жевачи-1” ва “Жевачи-2” маҳалла фуқаролари йиғинлари аҳолиси учун қишлоқ врачлик пункти ташкил қилинган эди. Мазкур ҚВП жами 8 минг нафарга яқин аҳолига тиббий хизмат кўрсатарди. Аҳолининг 200 нафарини ногиронлиги бўлганлар ташкил қилади.

2017 йилга келиб, ушбу ҚВП юқоридаги маҳаллалардан 5 километр узоқликдаги Заврақ қишлоғида ташкил этилган 2-қишлоқ оилавий поликлиникасига бирлаштирилган. Энди тасаввур қилинг, деярли 4 йилдан буён аҳоли олисдаги ҚОПга қатнашга мажбур, ахир саломатлик учун бу зарур. Ёшларку майли, аммо кексалар, имконияти чекланганлар, ҳомиладорлар, кам таъминланган оилалар аъзолари учун бу йўл, очиғи, машаққатли бўлаётир.

Мазкур маҳаллаларни ўз ичига олувчи 59-сайлов округидан халқ депутатлари вилоят кенгаши депутатлигига сайланган Хуршидахон Халиловага шу масалада қилинган мурожаат беэътибор қолмади.

Маълум бўлишича, собиқ ҚВП биносидан айни вақтда 34-мактабгача таълим муассасаси вақтинча фойдаланиб келмоқда. Сабаби, боғча учун қайта қурилаётган бино қурилиши тугалланмаган. Аслида собиқ ҚВП биноси ҳам анчагина таъмирталаб, масалан, ёнғин хавфсизлиги талабларига умуман жавоб бермайди. Шунга қарамай, боғча учун амаллаб фойдаланилиб келинмоқда. Депутатга йўлланган мурожаатда эса мазкур бинони (албатта, МТМ “бўшатганидан” сўнг) ҚВП учун қайтарлишида амалий кўмак сўралган.

Муаммо атрофлича ўрганилди. Дастлаб депутат собиқ ҚВПга қарашли ҳудудларнинг оилавий шифокорлари ва патронаж ҳамширалари фаолияти самарадорлигини оширишга эътибор қаратди. Тегишли мутасадди ташкилотга мурожаат юзасидан депутатлик сўрови юборилди.

-Албатта, масала жиддий ўрганишни талаб қилади, - дейди депутат Х.Халилова. – 5 километр масофа кексалар, ногиронлиги борлар, ёш болали ва ҳомиладор аёллар учун олислик қилади. Қай даражадаки қулайлик жуда зарур. Аввало, оилавий шифокор ва патронажлар фаолиятини кўриб чиқдик. Уларнинг оилалар билан доимий ҳамкорлиги, алоқасини янада мустаҳкамлашга эҳтиёж катта. Имкон қадар мутасаддилар билан ҳамкорликда масалани ижобий бартараф этишга ҳаракат қиламиз.

Муаммони ўрганиш учун келган депутат жараён давомида ҳудуддаги кам таъминланган оилалар ҳолидан хабар олди.

Зилола РАҲМОНОВА,

O’zLiDeP Андижон вилоят Кенгаши

Матбуот хизмати ходими

  • Кўрилди
    727
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+