Шаҳрисабз туманида аҳоли малина етиштириш кооперациясига бирлаштирилади

17.01.2021, 12:33

Шаҳрисабз туманида аҳоли малина етиштириш кооперациясига бирлаштирилади

Етмиш ёшни қаршилаган Муборак опа Мейлиевага Шаҳрисабз туманидаги “Мираки” МФЙда яшовчи аҳоли ҳавас қилади, худди шу онахон каби ҳовлисида малина етиштиришга, мўл даромад олишга интилади. Хонадон бекаси меҳнатсеварлиги, тиниб-тинчимаслиги орқасидан одамлар тилига тушди, эл эътирофига сазовор бўлди. Хонадонда бир неча йиллардан буён малина етиштириб келинаётгани ва 6 сотих томорқасининг 1 сотихида экилган малинадан 2 марта ҳосил олаётгани, шу мўъжазгина ердан 6 миллион сўмга яқин даромад топаётгани эса ибратга лойиқдир.

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши вакиллари, Қува томорқачилик маркази, соҳа мутахассислари иштирокида Муборак опа ва Зулфиқор ота Умаров томорқасида малина етиштириш бўйича аҳоли вакиллари учун маҳорат дарси ўтказилди. Шу ернинг ўзида малина кўчатларини экиш технологияси, парваришлаш, бўташ, кўчириб ўтқазиш ва симбоғозга тортиш бўйича амалий машғулотлар олиб борилди. Унда водийлик деҳқонлар тажрибаси ҳам ўрганилди.

Муборак опа хонадонига Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, O’zLiDeP фракцияси раҳбари Актам Хаитов ҳам келиб, онахонни ибратли ишларига юксак баҳо берди, томорқачиликни ривожлантиришга қўшаётган ҳиссаси учун миннатдорчилик билдирди.

-Муборак опа каби онахонлардан ёш оилалар ибрат олиши керак, - деди А. Хаитов. –Биз Муборак опа ва Зулфиқор ота тажрибасини, таъбир жоиз бўлса, ташаббусини кенг ёямиз, ҳозиргина аҳоли вакиллари билан суҳбатлашдим, уларнинг аксарияти шу ҳудудда малина етиштирувчилар кооперациясига бирлашишга розилик беришди. Бу кооперация албатта, ўзининг натижаларини беради. 100 га яқин хонадон бирлашиб, томорқасида бир экин тури- малина етиштиришга ихтисослашса, уни нафақат ички бозорга балки хорижга экспорт қилиш имконияти ҳам яратилади.

Бир хонадонда бошлаган хайрли ишларни туман миқёсида оммалаштириш ва аҳоли томорқаларидан олинадиган даромадни кўпайтириш бўйича олиб борилаётган саъй-ҳаракатларга бир қатор маҳалла фуқаролар йиғинларида яшовчи аҳоли вакиллари ҳам хайрихоҳлик билдиришди.

Таъкидлаш жоизки,  Ўзбекистон фермер,  деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳузуридаги жамғармадан қарийб 1 млрд сўм имтиёзли кредитлар ажратилиб, мингга яқин хонадонда малина етиштириш йўлга қўйилади. Ушбу хайрли ишлар айниқса "Аёллар дафтари"га киритилган хотин-қизлар учун яхшигина даромад манбаи яратилади. Бунинг натижасида уста деҳқонлар 5 сотих малиназордан йилига 45-50 млн сўм даромад олишлари мумкин.

O’zLiDeP Қашқадарё вилоят

Кенгаши матбуот хизмати

  • Кўрилди
    916
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+