Мурожаатда айтилган муаммо аслида асослими?

18.01.2021, 17:15

Мурожаатда айтилган муаммо аслида асослими?

“Сиздан Асака” телеграм каналига Р.Ф исмли фуқаронинг эътирозли мурожаати келган эди. Мурожаатда тумандаги 59-умумтаълим мактабида қиш мавсумига умуман тайёргарлик йўқлиги, бунинг устига совуқ бўлишига қарамай ўқувчилардан мактаб формаси талаб қилинаётгани, агар иситиш тизими кўнгилдагидек бўлганида муаммо бўлмаслиги хусусида сўз борган.

Мурожаатга бефарқ қарай олмадим. Гарчи, ўзим сайланган ҳудуд бўлмаса-да, виждон ва масъулият амри билан муаммони ўрганиш ва ижобий ечим топиш учун таълим муассасасига бордим. Мазкур умумтаълим мактаби тумандаги энг катта ва энг салоҳиятли таълим даргоҳларидан бири эканлиги шундоққина билинади.

Мактаб қозонхонасига ўрнатилган иситиш тизими кўздан кечирилганда, ундаги соз ҳолатлар салбий фикрларни тўзитиб юборгани рост. Негаки, қозонхонада яратилган шароит иситиш воситаси орқали бутун мактаб хоналарини меъёрий тафтига етади. Тушунмовчилик сабаб мактаб директори билан суҳбатлашдим. Маълум бўлишича, мурожаатчи мурожаат қилган кунлари мактабда электр таъминотида узилиш бўлган, яъни икки кун электрсиз қолинган. Мавжуд иситиш воситасининг мотори фаолияти эса табиийки электр билан боғлиқ. Шу сабабли ўқувчилар икки кун давомида ҳақиқатан ҳам совуқ хоналарда дарс машғулотлари ўтишга мажбур бўлишган.

Албатта, фақат директорнинг фикр билан чекланишни истамадим. Айрим ўқитувчилар ва ўқувчилар билан шу хусусда суҳбатлашдим. Улар ҳам директорнинг гапларини айтишгач, сабаб ишончлилиги тасдиқланди.

Айни кунда эса мактабда иситиш ишлари кўнгилдагидек. Ўқувчилар иссиқ хоналарда дарс ўтишяпти. Хавотирга ҳожат йўқ.

Шу ўринда бир савол туғилади. Шу қадар шошқалоқ бўлиб кетганмизки, тўсатдан пайдо бўлган носозлик бартараф этилгунга қадар муаммони катталаштириб юборамиз, аслида шу ҳолат тўғрими? Бунинг устига ноҳақ айблашдан ҳам чўчимаймиз?!

Майли, бизку, зиммамиздаги масъулият, жавобгарлик ҳисси билан мурожаатга ечим топамиз, аммо ўша жойда фидойилик билан меҳнат қилаётганларга бекор тош отишдан не наф???

Сайдилло ЭРГАШЕВ,

Халқ депутатлари Асака

туман кенгаши депутати

  • Кўрилди
    822
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+