Нуроталик тадбиркор 300 аёлни ўз уйида ўтирган жойида маош оладиган қилди

27.01.2021, 15:36

Нуроталик тадбиркор 300 аёлни ўз уйида ўтирган жойида маош оладиган қилди

Нурота каштачилик санъати харидоргирлиги билан ҳам ажралиб туради.

Шу боис бу юрт аёллари ҳар бир дақиқасини зое кеткизмайди. Уй-рўзғор ташвишларидан ортиб, ипакларни ишга солиб, арабу ажам, турку фаранг диёрларига муҳташам сўзаналарини тақдим этади.

Нурота тумани А.Навоий маҳалласи истиқомат қилиб келаётган ишбилармон аёл М.Шаҳарова тадбиркорликнинг бир неча йўналиши бўйича фаолият олиб бормоқда.

Болалар боғчасида оддий тарбиячи бўлиб иш бошлаган аёлнинг касбини тадбиркорликка йўналтиришига қишлоқ аёлларининг гулдай ҳунар билан уйда ўтириши сабаб бўлди.

«Олтин ипак жилолари» тадбиркорлик субъектини барпо этди-ю, маҳалланинг уйда ўтирган 6 аёлига маош белгилади. Каштачилик ҳунарини билганларни атрофига жамлади, билмаганларга ўзи ўргатди.

Тошкентдаги ноёб (антиквар) моллар савдоси билан шуғулланувчи дўконлар билан алоқа ўрнатиб, Нурота кашталарини харидоргир маҳсулотга айлантирди.

 – Тўрт йил ичида 300 нафар аёлни ўз уйида ўтирган жойида маош оладиган қилдим. Ип-игнасигача олиб бериб, буюртма қиламан. Буюртмам тайёр бўлиши билан териб олиб, харидорга етказаман.

Секин-аста «Олтин ипак жилолари»нинг ёнига «Гулбашакар» қандолатчилик цехини ҳам қўшдим. Ҳар хил пишириқлар, нон маҳсулотларини сотувга чиқардим. Нуротада тўю маъракалар «Гулбашакар»нинг пишириқларисиз ўтмайдиган бўлди.

 7% лик имтиёзли кредит кўтариб, 42 та мол ҳам олган эдим. Сарфлаган 7 миллионимни бир йилда 14 миллионга айлантирдим. Яъни бирига бир фойда билан чиқдим. Савдо дўконларига гўшт етказиб бераман. Шунга қарамай, 100 дан ошиқ қорамолим сақланиб қолмоқда.

 – Хитойда педагогика йўналишида таълим олиб қайтиб, болаларга ўқув курсларида хитой тилидан дарс бераётган ўғлим билан йилқичиликни ҳам йўлга қўймоқчимиз, – дейди тиниб-тинчимаган Муҳаббат опа.

 Рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, бугунги кунда Нурота туманида 38 минг ишчи кучи бўлиб, шундан 16 минг нафари расмий ва 12 минг нафари норасмий фаолият олиб бормоқда. Аҳолининг 5 мингга яқини эса ишсиз.

 Юқорида ҳикоя қилганимиз, М.Шаҳарова каби халққа фойдаси тегадиган, ўзини ҳам ўзгаларни ҳам фойдали меҳнат билан банд қила оладиган фидойи ҳамюртларимиз кўпайса, халқимизнинг мушкули осон, оғири енгил бўлиб, ишсизлар сони кескин қисқармоғи шубҳасиздир.

  O'zLiDeP Навоий вилояти кенгаши

матбуот хизмати

  • Кўрилди
    763
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Шалола2021-01-27 16:49:57

шундай тадбиркор аёлларимизнинг сафи кенгаяверсин


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+