Форум тадбиркорлар ва ўз бизнесини бошламоқчи бўлган фуқароларнинг муаммоларига бағишланди

01.02.2021, 16:20

Форум тадбиркорлар ва ўз бизнесини бошламоқчи бўлган фуқароларнинг муаммоларига бағишланди

O‘zLiDeP Бухоро вилоят Кенгаши Сиёсий таълим ва депутатлик гуруҳлари билан ишлаш бўлими томонидан партиянинг туман, шаҳар Кенгашлари билан ҳамкорликда маҳаллий Кенгаш депутатлик гуруҳларининг жойларда пандемия даврида аҳолини бандлигини таъминлаш, бизнес субъектларининг фаолиятини тиклашга кўмаклашиш, инвестицион лойиҳаларни ҳаётга тадбиқ этишдаги муаммолар ва бошқа шу соҳага тегишли масалалар юзасидан “Депутатлар ва тадбиркорлар мулоқоти” форуми  бўлиб ўтаяпти.

Ана шундай форумларнинг навбатдагиси Олот туманидаги 31-Иқтидорли болалар мактаб-интернатида ташкиллаштирилди. Тадбирда тадбиркорлар, кичик бизнес вакиллари, оилавий тадбиркорлар, тадбиркорликни бошламоқчи бўлган ёшлар ва аёллар ўз муаммо, ва таклифлари билан мурожаат этишди.

- Туман марказидаги истироҳат боғида каруселлар ўрнатиб, 2018 йилдан болажонларга хизмат кўрсатишни бошлагандим, - дейди хусусий тадбиркор Гулчеҳра Қораева. – Бу учун ўз ҳисобимдан 250 млн. сарфлаб ва банкдан 200 млн. кредит олиб, лойиҳани бошлагандим. Аммо янги лойиҳага кўра, мазкур боғдаги мен ўрнатган каруселларни бузишмоқчи эканлар. Агар даромад келтирадиган фаолиятим тўхтатиб қўйилса, мен кредитни қайси маблағимдан тўлайман?

Олотлик Ботир Имомов эса Республикада таниқли ошпаз. Шу йўналишдаги бир неча танловлар ғолиби экан. Унга кўра, 2018 йилда туманда янги лойиҳа асосида бозор қурилиши муносабати билан унга тегишли бўлган умумий овқатланиш шохобчаси бузилган. Ўз ишининг устаси эса одамлар гавжум жойдан янги ошхона очиш учун жой сўраб,  мурожаат қилди. Шунингдек, бир қатор фуқаролар мутасаддиларга чорвачилик, паррандачилик ва тикувчилик қилишни йўлга қўйишлари учун банкдан кредит ажратишда кўмаклашларини сўрашди.

Форумда партиянинг Олот тумани Кенгаши аппарат раҳбари Ўткир Рустамов ва депутатлар юқоридаги масалалар юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар. Тегишли ташкилот вакиллари ўз йўналишларидан келиб чиқиб, маслаҳатларини беришди. Муаммоларнинг ечими йўлида кўмаклашишларини билдирдилар. Қолаверса, бир қатор мурожаатлар бўйича депутатлик сўровлари чиқарилишига келишиб олинди.

Руслан ЗАГРЕТДИНОВ,

  O‘zLiDeP Бухоро вилоят Кенгаши

Сиёсий таълим ва депутатлик

гуруҳлари билан ишлаш бўлими мудири

  • Кўрилди
    698
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+