O'zLiDeP фаоли “Аёллар дафтари”га киритилган қизларни бепул ўқитмоқда

02.02.2021, 16:51

O'zLiDeP фаоли “Аёллар дафтари”га киритилган қизларни бепул ўқитмоқда

Андижон шаҳридаги “Ўзбегойим” ўқув маркази 2012 йилда 2 та иш ўрни билан ташкил этилган. Дастлаб қизларни чеварлик йўналишларидаги қизиқишларини аниқ ҳунарга айлантириш мақсадини ўзида жамлаган марказ йилдан йилга фаолиятини кенгайтириб борди. Бугунга келиб элита парда тикиш, ҳамширалик, моделлаштириш, пазандалик, безак бериш, карвинг, сунъий гуллар тайёрлаш каби ўнлаб ўқув курслари фаолият юритмоқда. Айни кунда 4 нафар ўқитувчи ва тренер уч ойлик ўқув курсларида 30 нафар қизларга касб-ҳунар сирларини ўргатиб келмоқдалар. Марказнинг ютуғи шундаки, бу ерда таҳсил олган қизлар нафақат вилоятнинг барча туманларидан, балки қўшни Қирғизистон Республикасидан ҳам келиб таълим олмоқдалар. Ўқув курсларини тамомлаган қизлардан 2 нафари Қирғизистон ва Туркия давлатларида марказ филиалларини ташкил қилганлари қувончли.

Умидахон Усмонова ўқув маркази директори сифатида бугунгача қанча-қанча қиз ва аёлларнинг бандлигини таъминлашда, оилаларига даромад олиб киришларида яқиндан кўмаклашмоқда. Айниқса, унинг ташаббуси билан ўқув маркази жойлашган ҳудудда истиқоамт қилувчи “Аёллар дафтари”га рўйҳатга олинган қизларни бепул ўқитишни йўлга қўйилгани хайрли ишнинг бир яққол кўриниши бўлди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Умидахон Зокирова ҳамда O’zLiDeP Андижон вилоят Кенгаши Аёллар қаноти ҳамкорлигида мазкур ўқув марказида  ташкил этилган давра суҳбати чинакам самимий учрашувга айланди. Дастлаб сўз олган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати У.Зокирова бугун хотин-қизларга яратилаётган имкониятларни давлатимиз раҳбарининг Мурожаатномасидан келиб чиққан ҳолда баён этар экан, уларнинг бандлигини таъминлаш, тадбиркорликларини йўлга қўйишларида кўмаклашиш биринчи галдаги вазифа эканлигини, бу масала ечимида мана шундай марказлар фаолияти алоҳида аҳамият касб этишини таъкидлади.

Ўқув маркази билан яқиндан танишув, қизлар ва ўқитувчилар билан самимий суҳбат давомида муаммолар ҳам ўртага ташланди.

-Ўзим шу ўқув марказида таҳсил олганман, - дейди Моҳларой Бегматова. – Айни вақтда карвинг ва сунъий гул тайёрлаш йўналишларида қизларга дарс бериб келяпман. Мақсадларим улкан. Келгусида айни ўқув марказ филиалини ташкил қилмоқчиман. Бироқ имтиёзли кредит олишда қийинчиликларга дуч келяпман.

Моҳларойнинг муаммоси Умидахон Зокирова томонидан ҳал қилиш учун йўналтирилди.

-Бугунги тадбирдан бир олам таассуротлар олдим, - дейди марказ директори Умидахон Усмонова. – Аёллар қаноти ва депутатдан миннатдор бўлдик. Уларнинг тарғиботи туфайли партиянинг имкониятларини тушундик. Шу бугун партия аъзолигига қабул қилинганим қувончли воқеа бўлди мен учун.

Бундай тадбирлар жойларда давом этмоқда.

Умидахон ИСАЕВА,

O’zLiDeP Андижон вилоят Кенгаши

Аёллар қаноти бўлими мудири

  • Кўрилди
    771
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+