“Пистамозор”ликларни қандай муаммолар қийнамоқда?

02.02.2021, 17:34

“Пистамозор”ликларни қандай муаммолар қийнамоқда?

Андижон туманидаги 59-Ҳоқон  сайлов округидаги мавжуд маҳаллалар аҳли бугун ўзлари сайлаган депутатдан рози эканликларини кўп таъкидлашади. Ахир сайловчилари ҳолидан тинмай хабардор бўладиган, кимга қандай кўмак керак бўлса доим тайёр фидойи халқ ноибидан рози бўлмай бўладими?

Мазкур сайлов округидан халқ депутатлари вилоят кенгаши депутатлигига сайланган Хуршидахон Халилованинг бу галги кўмак манзили ўзида 2947 нафар аҳолини жамлаган “Пистамозор” маҳалласи бўлди. Дастлаб халқ ноиби маҳаллада юритилаётган “Темир”, “Аёллар” ва “Ёшлар” дафтарларига рўйхатга олинган фуқароларнинг яшаш шароитлари, муаммолари билан яқиндан танишди. Маълум бўлишича, “Темир” дафтарга рўйхатга олинган 26 нафар фуқароларнинг 21 таси айни вақтда мазкур дафтар рўйхатидан чиқарилган. Уларнинг барчаси тадбиркорликнинг турли йўналишларидан фаолиятларини йўлга қўйган.

“Аёллар”  дафтарига рўйхатга олинган 51 нафар ҳамда “Ёшлар” дафтарига рўйхатга олинган 28 нафар фуқаролар билан ишлашда, бандлигини таъминлашда тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Масалан, “Ёшлар” дафтаридаги йигит-қизлар бугунги кунда тумандаги 2-сон Агроиқтисодиёт касб-ҳунар коллежида қизиқишлари бўйича турли йўналишлардаги ҳунармадчилик ва тадбиркорлик ўқув курсларидан таҳсил олмоқдалар.

Депутатнинг мазкур дафтарлар юритилишини ўрганиш ишлари якунига етмай маҳалла аҳли вакиллари мурожаатлари билан МФЙ биноси атрофига кела бошладилар. Х.Халилова уларнинг ҳар бири билан алоҳида самимий суҳбатлашишга, муаммолари ечими учун камарбаста бўлишга ҳаракат қилди.

Маликахон Юлдашева 42 ёшда. Маълум сабабларга кўра турмушидан ажрашган. Ҳудуддаги қишлоқ оилавий поликлинкада фаолият юритган. Астма касаллигидан азият чекадиган 8 ёшли фарзандининг соғлиги сабабли ишдан бўшаганига анча вақт бўлган. Бироқ айни вақтдаги рўзғор тебратиши ва дилбанди даволаниши учун моддий таъминот зарур. Ҳамширалик йўналишидаги иш билан таъминланишида амалий кўмак сўраган фуқаро эътиборсиз қолдирилмади. Депутат шу жойнинг ўзида туман тиббиёт бирлашмаси мутасаддиси билан боғланиб, масала ечими учун қадам ташлади.

1958 йилда туғилган Мақсудахон Юлдашева 1-гуруҳ ногирони. Руҳий хасталик сабаб доимий махсус дори истеъмол қилади. Турмуш ўртоғининг айтишича, айни кунда мазкур дорини топишнинг имкони бўлмаяти. Ушбу муаммо шу жойнинг ўзида масъуллар билан бартараф этилди.   

Икки фарзанди билан ота уйига қайтиб келган Мадина Ходжаева моддий кўмакка муҳтож. Ота-онаси 2-гуруҳ ногирони. Яна бир опаси ҳам турмушидан ажрашган. Депутат кўмаги билан мазкур оилага моддий ёрдам берилди.

Бундан ташқари, маҳалла аҳли вакилларининг мерос, уй-жой, коммунал тўловлари масалаларидаги қатор муаммоларига имкон қадар ечим топилиб, маслаҳат ва тавсиялар берилди.

Мана, фидойи депутатнинг яна бир куни. Кундалик фаолиятини сайловчилари ҳолидан хабар олиш, уларга елкадош бўлишликдан бошлаган Хуршидахон Халилова маҳалладан чиқаркан, енгил тин олди. Зиммасидаги тоғдек масъулият бир қадар енгиллагандек бўлди.

Зилола РАҲМОНОВА,

O'zLiDeP Андижон вилоят кенгаши

матбуот котиби

  • Кўрилди
    432
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+