Шаҳрихонликлар марказий поликлиникага 2 та транспортда боряпти. Муаммо қачон бартараф этилади?

03.02.2021, 12:08

Шаҳрихонликлар марказий поликлиникага 2 та транспортда боряпти. Муаммо қачон бартараф этилади?

Муаммонинг катта-кичиги бўлмайди. Ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири, унинг дарду ташвиши ётади. Демак, ўз муаммоси билан бир идора эшигини қоқиб келган фуқаронинг оғирини енгил қилиш, ҳар бир мурожаатга масъулият билан ёндашиш бугун барча даражадаги раҳбарлар, депутатларнинг ҳам энг асосий вазифаси ҳисобланади.

Фуқароларимиз қонуний ҳуқуқлари бузилса, муаммолари мутасадди идораларда вақтида ҳал этилмай сарсон бўлса, ҳақиқат излаб депутатга мурожаат қилишлари ҳам бежиз эмас. Чунки халқ вакиллари мурожаатларни эътиборсиз қолдирмайди, ижобий ҳал этиш чораларини кўради.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, O'zLiDeP фракцияси аъзоси Одинахон Отахонова ҳам сайловчилар ишончини оқлаб келаётган депутатлардан бири саналади. У қачон сайловчилар билан учрашмасин, ҳар гал муаммоларга жойида ечим топишга, одамларнинг дилини ёритишга ҳаракат қилади.

Халқ вакили Андижон вилоятидаги бу галги учрашувларини Шаҳрихон туман тиббиёт бирлашмаси фаолияти билан яқиндан танишишдан бошлади. Бу ерда даволанаётган беморлар аҳволи, турмуш шароити билан қизиқди, улар билан мулоқот қилди.

Туман тиббиёт бирлашмасига қарашли 64-сонли оилавий поликлиникаси тасарруфида бўлган собиқ Ахмадбек қишлоқ врачлик пункти фаолияти тугатилгани туфайли “Баркамол авлод” МФЙда яшовчи фуқаролар бирлашмага қарашли 66-сонли ҚОПга бириктирилган. Лекин ушбу муассаса олисда жойлашгани сабабли ҳудуд аҳли поликлиникага 2 та транспортга боришига тўғри келяпти. Маҳаллий аҳолининг айтишича, агар Ахмадбек қишлоқ врачлик пункти қайта ташкил этилса, муаммо ижобий ҳал этилади. Депутат бу масала юзасидан тегишли вазирлик ва идораларга сўров чиқаришини айтиб, муаммони ҳал этиш чораларини кўришини маълум қилди.

Жойлардаги бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятини ва хизмат кўрсатиш кўламини яхшилаш — бугунги куннинг энг муҳим талабидир. Шу сабабли, депутат учрашувлар доирасида уйма-уй юриб, жойларда аҳолини тиббий хатлов ва антропометриядан ўтказиш тадбирлари ҳолатини ҳам ўрганди.

Суҳбат ва мулоқотлар жараёнида Президентимизнинг 2020 йил 12 ноябридаги “Бирламчи тиббий санитария ёрдами муассасалари фаолиятига мутлақо янги механизмларни жорий қилиш ва соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ва бошқа меъёрий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти ҳақида маълумотлар берилди.

Шаҳрихон туманидаги 4-сонли умумий ўрта таълим мактабида 1631 нафар ўқувчи таҳсил олади. Уларга эса 80 нафарга яқин ўқитувчилар таълим-тарбия бериб келмоқда.

Халқ ноиби учрашувлари давомида ушбу таълим муассасаси фаолияти билан танишиб, бу ерда ўқувчилар учун яратилган шарт-шароитлар билан қизиқди, ёшлар билан суҳбатлашиб, уларнинг таклиф-мулоҳазаларини тинглади.

 Бугун халқ билан ҳамнафас бўлиш, унинг қувонч ва шодликларига шерик бўлиш, қийналган дамларида амалий ёрдам кўрсатиш бизнинг бош мақсадимизга айланмоғи лозим, – дейди парламент қуйи палатаси депутати О.Отахонова. – Шу боис, учрашувлар давомида кўпроқ халқ ичида юришга, жойларда тўпланиб қолган муаммоларни ҳал этишга жиддий эътибор қаратдик. Зеро, юзма-юз мулоқотлар натижасида инсон манфаатларининг рўёбга чиқарилиши аҳолининг эртанги кунга бўлган ишончини янада мустаҳкамлайди, кучига куч, ғайратига ғайрат қўшади.

Сўнгги йилларда таълим соҳасининг барча босқичларини замонавий талаблар асосида ташкил этиш бўйича амалий ишлар амалга оширилмоқда. Бу ислоҳотларнинг, аввало, мактабгача таълим ва тарбия соҳасида бошланиши ҳам бугунги кунда ушбу соҳага алоҳида эътибор берилаётганидан далолатдир.

О.Отахонованинг тумандаги учрашувлари “Вахм” МФЙ ҳудудида жойлашган 23-МТМда давом этди. Халқ вакили бу ерда озуқа захиралари билан танишиб, тарбиячилар ва болажонлар билан суҳбатлашди.

Депутат ўз сўзида юртимизда давлат мактабгача таълим муассасалари қуриш, таъмирлаш ва жиҳозлаш, болалар боғчаларининг моддий-техник ҳолатини яхшилаш бўйича кенг қамровли ишлар олиб борилаётганини таъкидлади.

Ўзаро мулоқотлар чоғида бу ерда болалар учун мебель ва мусиқа асбоблари етишмаслиги аниқланди. Халқ вакили бу масалага шу куннинг ўзида жиддий киришиб, муаммони ҳал этилишига эришди. Яқин орада МТМ учун зарур жиҳозлар олиб бериладиган бўлди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг жойлардаги ўрганишлари давом этмоқда.

  • Кўрилди
    625
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+