Мақсад Афғонистонда тинчлик ўрнатиш орқали ўзаро савдо алоқаларини янада ривожлантириш

05.02.2021, 17:04

Мақсад Афғонистонда тинчлик ўрнатиш орқали ўзаро савдо алоқаларини янада ривожлантириш

Ўзбекистон Марказий Осиёда аҳолиси сони жиҳатидан энг йирик давлат ҳисобланади. У бой табиий заҳиралар ва муҳим геостратегик аҳамиятга эга. Ўз навбатида, Покистон аҳолиси зич, шу билан бирга, Марказий Осиё минтақаси учун “денгиз дарвозалари”га эга мамлакат. Мазкур иқтисодий ва географик омиллар Ўзбекистон ва Покистоннинг муҳим минтақавий савдо ҳамкорлари бўлишлари учун объектив омил бўлиб хизмат қилади. 

Бугунги кунда Ўзбекистон ва Покистон ўртасида эришилган ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг юқори ўсиш динамикаси минтақалараро ўзаро муносабатларнинг салоҳияти улкан эканлигидан далолат беради. Масалан, айнан 2017 йилдан мамлакатларимиз ўртасидаги савдо 5 баробарга, Покистондан Ўзбекистонга келаётган туристлар сони 12 баробарга ортди. Шу 3 йил ичида Ўзбекистондаги Покистон капитали билан фаолият кўрсатаётган корхоналар сони деярли 2 баробарга ортди – яъни 68 тадан 109 тага етди. Ўзбекистон ҳудуди орқали транспортнинг барча турларида Покистон юкларини транзит ўтказиш 5 баробар кўпайди.

2017 йилда Ўзбекистоннинг Исломободдаги элчихонасида доимий равишда фаолият кўрсатувчи “Ўзбекистонда тайёрланган” номли кўргазма йўлга қўйилди ва Тошкент билан Лахор ўртасидаги тўғри авиа алоқа тикланди. 2018 йилнинг март ойида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва Покистоннинг Глобал ва стратегик тадқиқотлар маркази ўртасида Ўзбек-Покистон ишбилармонлар кенгаши тузиш тўғрисидаги битим имзоланди. Апрель ойида Исломободда унинг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди. 

Бугунги кунда, пандемия келтириб чиқарган қийинчиликларга қарамай, амалий ўзаро фаолиятнинг тобора кенгайиб борувчи динамикасига кўмаклашаётган фаол алоқа ва алмашинувлар давом этмоқда. Икки мамлакатнинг манфаатларини кўзлайдиган дўстона, иқтисодий муносабатларни қўллаб–қувватловчи ҳамкорликдаги лойиҳалар амалга оширилмоқда.   

Ўзбекистоннинг сўнгги беш йил ичидаги ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ислоҳотлар сиёсати покистонлик сармоядорлар учун шубҳасиз катта қизиқиш уйғотади. Масалан, Ўзбекистон ривожланган ифратузилма, сифатли пахта, газ заҳиралари ва шу кабиларга эга. Афсуски, шу кунгача икки томонлама ҳамкорликнинг ривожига тўсқинлик қилувчи асосий омиллар сифатида қатор вазиятлар мавжуд эди: булар-икки томонлама савдо муносабатлари соҳасидаги ишга солинмаган салоҳият, тўғридан-тўғри транспорт йўналишларининг етишмаслиги, Ўзбекистонда Покистон сармояларининг кам ҳажми ва шу кабилар.

 Афғонистонда тинчликка эришиш ва унинг иқтисодиётини тиклаш жараёнида Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатларининг саъй-ҳаракатлари масалалари ҳам диққат-эътиборда турибди. ЎзЛиДеП фракцияси аъзолари партиянинг дастурий мақсадларидан келиб чиқиб, Афғонистонда узоқ муддатли тинчликка эришиш минтақамизнинг барқарор ривожланиши, трансминтақавий ҳамкорликнинг улкан салоҳиятини амалга ошириш учун стратегик аҳамиятга эга, деб ҳисоблайдилар.

 Афғонистонда барқарор тинчликка эришиш жараёнида ҳар томонлама ва узоқ муддатли ўзбек-афғон ҳамкорлиги муҳим ўрин тутиши мумкин. Масалан, Афғонистонда тинчлик ўрнатилиши бутун Евроосиё минтақасида барқарор ривожланиш учун мақбул шароитлар яратади. Минтақамиз мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ва чуқурлаштириш учун ижобий турки бўлади.   

Бу ерда муҳим амалий қадам сифатида экспертлар доираларида катта қизиқиш уйғотган қуйидаги сиёсий воқеани ажратиб кўрсатиш лозим. Шу йилнинг 2 февраль куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Тошкентда Афғонистон ва Покистон делегациялари билан  учрашув ўтказди. Уларда Трансафғон темир йўли қуриш тўғрисида гапирилди. Афғонистон делегациясини Ташқи ишлар вазири Муҳаммад Ханиф Атмар ва Президент администрацияси раҳбари Муҳаммад Шокир Коргар, Покистон делегациясини эса – Бош вазир маслаҳатчиси Абдул Разоқ Довуд бошқараётган эди. Томонлар Марказий ва Жанубий Осиёни энг қисқа йўналиш орқали боғлайдиган, Покистон денгиз портлари инфратузилмасига чиқиш ва уларни самарали йўлга қўйиш имконини берадиган, Афғонистон ҳудуди орқали ўтадиган темир йўл қурилиши лойиҳасини илгари суриш тўғрисидаги ташаббусни жадал тайёрлаш ва амалга оширишнинг муҳимлиги қайд этдилар. Шу билан минтақадаги мамлакатлар чет эллик шериклар ва потенциал сармоядорларни фаол жалб қилиш бўйича қўшимча имкониятларга эга бўладилар, дея ишонч билдиришди ЎзЛиДеП депутатлари. 

Аввалроқ Исломободда Покистон ва Ўзбекистон ўртасида Трансафғон темир йўли қурилиши лойиҳасини тасдиқлангани тўғрисида хабар берилган эди. Бу лойиҳага халқаро молия ташкилотлари томонидан 4,8 миллиард доллар миқдорида маблағ жалб этилиши кутилмоқда. Темир йўлдан йўловчи ва юк ташиш мақсадларида фойдаланилади. Аввалроқ Покистон 2.655 км масофадаги темир йўл қуриш орқали Хитой билан иқтисодий йўлак яратишга киришган эди.  

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев парламентга мурожаатида айтганидек, гап Марказий Осиёни Ҳинд океани билан боғлайдиган Трансафғон транспорт йўлагини қуриш йўлидаги дастлабки қадамлар тўғрисида бормоқда. 

O'zLiDeP электорати мулоҳазаларига таянган ҳолда, тўқимачилик ва қишлоқ хўжалиги соҳасида Покистон тенхнологияларига бўлган қизиқишга эътибор қаратади. Покистон пахтасининг асосий импортерлари АҚШ, ЕИ мамлакатлари, Канада ва Туркия давлатлари ҳисобланади. Бу тажрибани Ўзбекистон ҳам пахта импортерлари сонини кўпайтириш жиҳатдан ўрганиши мақсадга мувофиқ.   

Умуман олганда, партия депутатлик корпуси фикрига кўра, савдо-иқтисодий ва транспорт алоқаларини ривожлантириш Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги ҳамкорликнинг асоси, деб аташ мумкин.  Афғонистон ҳудуди инфратузилмали, ижтимоий-иқтисодий ва транспорт-логистика лойиҳаларини амалга оширишга саъй-ҳаракатларни бирлаштириш зарур. Бу мазкур мамлакатнинг узоқ муддатли ва барқарор ривожланишига кўмак беради, Ўзбекистон ва Покистон ўртасида минтақалараро алоқаларни ташкил этади.  Бунда икки томонлама ўзаро фаолиятни мустаҳкамлаш учун ўзаро савдога тўсқинлик қиладиган тўсиқларни бартараф қилиш бўйича қонун лойиҳалари ишларини жадаллаштириш, бизнес-делегациялар ташрифларини кўпайтириш, кўргазмалар ташкил этиш, тўқимачилик, нефть-газ, банк, ахборот соҳаларида қўшма корхоналар яратиш муҳим аҳамият эгадир.

Актам Хаитов,

O'zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатасидаги партия фракцияси раҳбари

  • Кўрилди
    723
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+