Кластер – аграр секторнинг асосий ўсиш нуқтаси

06.02.2021, 21:45

Кластер – аграр секторнинг асосий ўсиш нуқтаси

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги фаол қўллаб-қувватланадиган давлатлар сирасига киради. Шу боис, бугунги кунда республикамиз аграр соҳасига давлат томонидан ривожланган мамлакатларга нисбатан кўпроқ маблағ ажратилмоқда.

Ҳозирги мураккаб ва қалтис давр дунё миқёсида аграр соҳанинг ҳал қилувчи ўрни ва аҳамиятини яна бир бор яққол кўрсатиб бермоқда. Мавжуд ресурс ва имкониятлардан оқилона фойдаланиб, аҳолини қишлоқ хўжалик маҳсулотлари билан кафолатли таъминлаш, соҳада янги иш ўринлари яратиш, манфаатдорликни янада ошириш энг муҳим масалага айланмоқда.

Мамлакатимизда иқтисодиётни, жумладан, қишлоқ хўжалиги соҳасини модернизация ва диверсификация қилиш, озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш, фермер, кластер ҳамда кооперацияларни молиявий қўллаб-қувватлаш масаласига ҳар доимгидан ҳам кўпроқ аҳамият берилаётганининг боиси ҳам шунда.

Бинобарин, кластер тизимини жорий этиш, замонавий иссиқхона хўжаликларини яратиш ва томорқа хўжалиги амалиётини кенгайтириш нафақат ҳосилдорликни, балки қишлоқда аҳоли турмуш даражасини сезиларли даражада ошириш имконини берди. Таъбир жоиз бўлса, ушбу янги тузилма ўтган жуда қисқа вақт ичида аграр соҳани ҳаракатлантирувчи етакчи куч — драйверига айланди.

Хўш, кластернинг афзаллик томонлари нимада? У қайси омиллар ҳисобига ривожланяпти? Кейинги йилларда катта эътибор қаратилаётган қишлоқ хўжалигининг мазкур йўналиши ўзини қай даражада оқлаяпти?

Кластер бу – уруғни ерга қадашдан бошлаб, ундан юқори ва қўшимча қийматли маҳсулот ишлаб чиқариш, тайёр маҳсулотларни ички бозорга ва экспортга йўналтиришгача бўлган ишларни бирлаштирувчи тизим. Бугун дунёнинг кўплаб давлатларида бу тизим қўлланилади.

Шу сабабли Президентимиз ҳам 2017 йилнинг февраль ойида Бухоро вилоятига ташрифи чоғида илк бор кластер ислоҳотини илгари суриб, тўқимачилик корхоналаримиз оёққа туриб олди, бу корхоналар энди пахтачиликда мустаҳкам манба сифатида ишлаб кета олади, дея таъкидлаган эди.

Сўнгги йилларда бу йўналишда амалга оширилаётган салмоқли ишлар туфайли кластер усулида маҳсулот етиштирувчи ва уни қайта ишловчилар манфаатларининг муштараклиги таъминланяпти. Кластер иштирокчилари қишлоқ жойларга саноатни олиб кириш эвазига соҳада йиғилиб қолган муаммоларни ҳал этишда ташаббускор бўляпти. Энг асосийси, кластерларда одамларнинг бандлиги таъминланиб, улар қишин-ёзин меҳнат қиляпти, ойлик маош оляпти.

Бошқача айтганда, бу тизим деҳқонларимиз, аграр соҳа вакилларига янгича замонавий услубда ишлашни ўргатди. Ҳосилдорлик, даромадни оширди. Тан олишимиз керакки, ҳар бир инсонни, аввало, манфаат бошқаради. Ҳар бир инсон яхши яшашни, фаровон турмуш кечиришни истайди. Бунинг учун, албатта, ўзи ва юрти манфаати йўлида тинмай меҳнат қилади. Кластер бизга мана шу манфаатни кўрсатди.

Эътибор беринг, 2020 йилда 97 та пахта-тўқимачилик кластерлари томонидан жами 2 млн 794 минг тонна пахта хом ашёси етиштирилган бўлиб, ўртача ҳосилдорлик 30,1 ц/га ни ташкил этган. Қолаверса, 78 та пахта-тўқимачилик кластерлари томонидан шартномада белгиланган ҳосил тўлиқ етиштирилиб, шундан 11 тасида юқори кўрсаткичларга эришилган ёки ўртача 3-8 ц/га қўшимча ҳосил олинган.

Шу жиҳатдан, бугун қишлоқ хўжалигида иш юритишнинг янгича шакли — кластер усули тобора оммалашмоқда. Негаки, бундай механизм ҳар қандай шароитга мослаша олади, ҳам иқтисодий, ҳам ижтимоий муаммоларни изчиллик билан самарали ечиб беради. Чунки кластер усули тўқимачилик саноати ривожида муҳим аҳамиятга эга ва бу усулни ҳаётга татбиқ этиш учун юртимизда барча имкониятлар етарли.

Муболағасиз айтаманки, кластер тушунчаси, бугун ҳамма учун бўлмаса-да, шу тизимда ишлаётган фермерларга яхши таниш бўлиб қолди. Пахта экишдан то тайёр маҳсулотгача бўлган жараённи ягона технологик тизимга бирлаштирган ишлаб чиқаришнинг янги мажмуаси илм-фан ютуқларини, янги инновацион технологияларни амалиётга жадал жорий этишга ҳам кенг йўл очиб берди.

Шу нуқтаи назардан Ўзбекистон шароитида кластерларни ривожлантириш энг оқилона қарордир. Боиси қишлоқ хўжалиги учун ноқулай келган йилларда ҳам кластернинг бошқа ташкилотлари ҳисобидан умумий иш ўрни ва иш ҳақи сақлаб қолинади. Асосийси, кластерлар ҳудудларнинг иқтисодий мустақиллигини мустаҳкамлашда катта роль ўйнаб, ушбу ёндашув иқтисодий жиҳатдан устувор тармоқлар ва лойиҳаларни аниқлаш имконини беради.

Хулоса ўрнида айтганда, бозор тамойилларига ўтишда кластер тизими муҳим омилдир. Сабаби кластер тизими – бу манфаатдорлик, соҳага илм-фан ва инновациянинг кириб келиши демакдир. Зотан, кластер элга манфаат келтиради, одамларни иш билан, даромад билан таъминлайди. Аслида бугунги ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад ҳам шу эмасми!?

 Актам ҲАИТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси Спикери ўринбосари

  • Кўрилди
    799
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+