Тўрақўрғонда 200 нафардан ортиқ ишсиз ёшларга 20 сотихдан ер майдони ажратиб берилди

12.02.2021, 17:08

Тўрақўрғонда 200 нафардан ортиқ   ишсиз ёшларга 20 сотихдан ер майдони ажратиб берилди

Ёшлар ва аёллар бандлигини таъминлаш – бугунги куннинг энг муҳим ва долзарб вазифаларидан бирига айланган. Боиси, ҳозирги давр уларга зарур даромад манбаи яратиш, касб-ҳунарга ўқитиш, бизнесни бошлашга кўмаклашиш каби масалаларни ҳал этиш, бу борада жиддий чоралар кўришни тақозо этмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 3 февралдаги фармони билан тасдиқланган “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурининг асосий мақсади ҳам ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, иқтисодиётни ривожлантириш орқали халқ фаровонлигини оширишдан иборатдир.

Дастурда иқтисодиётни ривожлантириш бўйича 113 та чора-тадбир белгиланган бўлиб, бунда энг катта эътибор янги иш ўринлари ташкил этишга қаратилган. Хусусан, ўз ишини бошламоқчи бўлганларга 7 миллион сўмгача субсидия, касбга ўқимоқчи бўлган эҳтиёжманд аҳолига 1 миллион сўмдан компенсация берилиши кўзда тутилган.

Президентимиз 10 февраль куни “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастури ижросини самарали ташкил этиш масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида бу масалага тўхталиб, мутасаддиларга ушбу маблағларни ажратиш тартибини тасдиқлаб, тезроқ амалиётга киритиш бўйича кўрсатма берди.

Албатта, давлатимиз раҳбари ёшларни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган замонавий касб-ҳунарларга ўргатиш, уларда тадбиркорлик кўникмалари ва меҳнатсеварлик фазилатларини шакллантириш масаласига бежиз қайта-қайта тўхталаётгани йўқ. Чунки бугун юртимизда аҳолининг қарийб 55 фоизини ёшлар ташкил этади. Шу боис, бугун ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, уларни бизнес билан шуғулланишга фаол жалб қилиш O'zLiDeP ва унинг парламентдаги фракцияси аъзоларининг асосий вазифасига айланган.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, O'zLiDeP фракцияси раҳбари А.Ҳаитов ташаббуси билан Тўрақўрғон туман ҳокими З.Маҳкамова раҳбарлигидаги 1-сектор ҳудудида жойлашган Ахси, Қодиробод, Файзиобод маҳаллаларида яшовчи 57 нафар ёшларга “Она ер муруввати” фермер хўжалигидан 11,4 гектар энг сара майдонлари экин экиш учун ажратиб берилди.

–Энди “Ёшлар дафтари” рўйхатига олинган бу йигит-қизлар деҳқончилик қилиб, йилда уч марта ҳосил олиш ҳаракатида ишлайди, оиласи даромадига ўз ҳиссасини қўшади, – деди А.Ҳаитов. – Бинобарин, ёшларнинг экин-текин қилишлари учун “Ёш боғбонлар томорқа сифат хизмати” МЧЖ томонидан уларга сабзавот ва полиз маҳсулотлари уруғлари етказиб бериладиган бўлди. Ёш деҳқонларнинг яқин атрофдаги маҳаллаларда истиқомат қилиши ортиқча харажатларсиз, вақтдан унумли фойдаланиб, кўпроқ меҳнат қилиш, даромад олиш имконини беради.

“Шоҳидон бургути” фермер хўжалиги раҳбари Абдулҳоди Азизовнинг айтишича, 3-сектордаги маҳаллаларнинг 70 нафар ёшларига ажратиб берилаётган ушбу ер майдонларидан 40 центнердан ортиқ пахта ҳосили олиб келган. “Ёшлар дафтари”даги бу йигитлар ўзининг ҳамқишлоқлари, қадрдон маҳалладошлари. Шунинг учун фермер деҳқончиликдаги узоқ йиллик бой тажрибасини ҳам улар билан баҳам кўрадиган бўлди.

Булар ҳали ҳаммаси эмас. 4-сектордаги маҳалла ёшлари ҳам бугун илк марта 20 сотихдан ер олишди. “Юксак Шаҳанд тараққиёти” фермер хўжалигига қарашли 4,5 гектар майдон улар ихтиёрига берилди.

Суҳбат ва мулоқотлар жараёнида давлатимиз томонидан ёшларга қаратилаётган юксак эътибордан мамнун ўғил-қизлар дастлаб картошка, сўнг дуккакли экинлар, учинчи мартасига маккажўхори ёки бошқа экин экишини айтиб, билдирилган ишончни оқлашга ваъда бердилар.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, бугун Наманган вилоятида ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, деҳқончилик билан шуғулланишни истаган йигит-қизларга ер ажратиш, уларни иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга қаратилган амалий ишлар давом этмоқда.

  • Кўрилди
    1255
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+