Малакали кадрлар мамлакат тараққиётини таъминлайди

15.02.2021, 17:51

Малакали кадрлар мамлакат тараққиётини таъминлайди

Юқори малакали кадрлар мамлакат тараққиётини таъминлайди. Шу боис, ҳар бир халқ, миллат ўзининг келажагини қурар экан, профессионал, чуқур билимга эга, замонавий фикрлайдиган ва ватанпарварлик руҳида тарбияланган янги авлод кадрларини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратади.

Бинобарин, мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда илғор, ташаббускор, инновацияларни яхши тушунадиган, янгиликларни ҳаётга татбиқ эта оладиган раҳбар кадрларнинг ўрни беқиёс. Бу борада юртимизда ёш авлоднинг ҳаётий манфаатларини таъминлаш, уларнинг эзгу орзу-интилишлари, қобилият ва истеъдодини рўёбга чиқаришга давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида қаралмоқда.

Президентимизнинг жорий йил 11 февралдаги «Давлат хизматчилари ва мутахассисларни хорижда тайёрлаш ҳамда уларнинг салоҳиятини янада ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони замонавий фикрлайдиган ва ватанпарварлик руҳида тарбияланган янги авлод кадрларини шакллантириш ва уларни давлат хизматига жалб этишда навбатдаги муҳим қадам бўлди.

Унга биноан, давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 3 октябрдаги тегишли фармони билан Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича «Эл-юрт умиди» жамғармаси Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ихтиёрига ўтказилди.

Эндиликда мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича «Эл-юрт умиди» жамғармаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича «Эл-юрт умиди» жамғармасининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва шартномалари, шу жумладан халқаро шартномалари бўйича унинг ҳуқуқий вориси ҳисобланади.

Фармонга мувофиқ, профессионал, чуқур билимга эга, замонавий фикрлайдиган ва ватанпарварлик руҳида тарбияланган янги авлод кадрларини шакллантириш ва уларни давлат хизматига жалб этишга кўмаклашиш ҳамда ривожланган мамлакатлар тажрибасига таянган ҳолда хорижий экспертлар билан ҳамкорликда давлат хизмати ва таълим соҳасига рақамли технологияларни жорий этишга қаратилган илмий-амалий тадбирлар ташкил этиш Жамғарманинг қўшимча вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгиланди.

Мазкур ҳужжат билан Жамғарма 2021 йилда очиқ стипендия танловлари асосида ёшларнинг нуфузли хорижий мамлакатларда бакалавриат дастури бўйича таълим олиши учун 100 та ўрин, магистратура ва докторантурада ўқиш учун аввалги йилларга нисбатан ўртача 5 баробар кўп ўрин ажратади. Бунда Жамғармага Давлат бюджетидан тегишли йил учун ажратилиб ишлатилмасдан қолган маблағлар Жамғарма ихтиёрида қолдирилади ва кейинги йиллар учун унинг таълим дастурларини молиялаштириш учун йўналтирилади.

Булар ҳали ҳаммаси эмас. Жамғарма маблағлари ҳисобидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси тингловчиларининг хорижий таълим, илмий ва бошқа ташкилотларда стажировкаси ташкил этилади. Хорижда кадрлар малакасини ошириш, уларнинг стажировкадан ўтишини ташкил этиш ва хорижий тилларга ўқитиш тегишли вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар учун Давлат бюджетида назарда тутилган мақсадли маблағлар, буюртмачиларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ва қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан ташкил этилади.

Мазкур фармонда белгиланган яна бир янгилик – Вазирликлар, идоралар ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ҳар йили 1 сентябрга қадар энг яхши тайёрланган номзодларни Жамғарманинг очиқ саралаш танловида иштирок этишга тавсия этган ҳолда Жамғарма таълим дастурлари бўйича таълим олиш учун истиқболли ва талаб юқори бўлган мутахассисликлар бўйича реал эҳтиёж тўғрисидаги маълумотларни Жамғармага киритиб боради.

Давлатимиз раҳбарининг ушбу фармони билан Жамғармага истисно тариқасида, ўз таълим дастурларини ташкил этиши, республикага хорижий олимлар ва мутахассисларни, жумладан, ватандошларни жалб қилиши учун Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги «Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази» ДУКда импорт контрактлари (шартномалари)ни мажбурий тарзда рўйхатдан ўтказмаган ҳолда биржа танловлари ва ваколатли органларда контрактлар (шартномалар)ни экспертизадан ўтказмасдан хизматлар кўрсатиш бўйича хорижий ҳамкорлар билан тўғридан-тўғри шартномалар тузишга рухсат берилмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, бугунги кунда мамлакатимизда ўзининг шахсий фикри, принциплари ва соҳага янгича ёндашуви бўлган ёш раҳбар кадрларни масъулиятли лавозимларга тайинлашга катта эътибор қаратиляпти. Мазкур фармоннинг ижроси юқори касб маҳорати ва замонавий тафаккурга эга, ҳар томонлама тўғри қарорлар қабул қила оладиган, белгиланган мақсадларга эришадиган раҳбарларнинг янги таркибини шакллантиришга хизмат қилиши шубҳасиз.

Актам ҲАИТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси Спикери ўринбосари,

O'zLiDeP фракцияси раҳбари

  • Кўрилди
    763
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+