Янгиободда тадбиркорлар муаммоси оз бўлсада камаядиган бўлди

16.02.2021, 16:48

Янгиободда тадбиркорлар муаммоси оз бўлсада камаядиган бўлди

O'zLiDePнинг истиқболли лойиҳаси – “Депутатлар ва тадбиркорлар мулоқоти” Форуми доирасидаги тадбир Янгиобод туманида ҳам ташкил этилди.

Халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлари, ҳамкор ташкилотлар вакиллари ва туманда турли хил йўналишларда фаолият олиб бораётган тадбиркорлар, кичик бизнес вакиллари,  ўз бизнесини йўлга қўйиш иштиёқида бўлган ёшлар иштирок этган мазкур тадбирда ҳам  тадбиркорликни қийнаётган муаммолар очиқ-ойдин ўртага ташланди. Ҳамкор мутасадди ташкилот вакиллари юзага келаётган муаммолар сабабларини изоҳлаб, уларни бартараф этиш борасида қилинаётган ишлар юзасидан маълумотлар бериб ўтишди.

Туманда тадбиркорликни янада ривожлантиришга тўсиқ бўлаётган ва ҳамкорликда бартараф этиш лозим бўлган муаммолар эса, афсуски, етарли.

Мисол учун, Муқаддас Қозоқбоева оилавий тадбиркорликни ривожлантириш учун 30 миллион сўм кредит маблағини ололмай сарсон бўлган. Муаммо кўпчилик олдида ўртага ташлангач, тадбирда иштирок этган АТБ “Қишлоқ қурилиш банк” туман филиали мутасаддилари бу муаммони қисқа муддат ҳал қилишга ваъда беришди. Кўриниб турибдики, муаммо ечимини топса бўлар экан. Банк мутасаддилари нима учун тадбиркорга муаммо яратиб, кредит масаласини чўзиб келишган, тушунарсиз.

Шу сабаб,  тадбир давомида кредит олиш тартибини электрон тизимини тўлиқ жорий этиш орқали тадбиркор ва банк ўртасидаги муносабатларни тартибга солиш кераклиги бўйича таклифлар жуда ўринли, назаримизда.

-Оммавий ахборот воситалари орқали ушбу мулоқот ҳақида хабардор бўлган эдик. Шу сабаб, туманимиздаги мулоқотга катта иштиёқ билан ташриф буюрдик. Адашмаган эканмиз, деҳқон хўжалиги учун ер олиш ва сув чиқариш учун субсидия ажратиш тўғрисидаги мурожаатим ижобий ҳал бўлди, - дейди тадбир иштирокчиларидан бири Аббос Исаев қувончини яширмай.

Тадбир давомида иштирокчилар томонидан ўртага ташланган бошқа мурожаатлар ҳам депутатлар назоратига олинадиган бўлди.

Баҳром МИРЗАҚОБИЛОВ,

O'zLiDeP Жиззах вилоят кенгаши фаоли

 

  • Кўрилди
    590
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+