“Аёллар” ва “Ёшлар” дафтарларига киритилиш сабабларини аниқлашга эътибор қаратяпмиз

17.02.2021, 16:51

 “Аёллар” ва “Ёшлар” дафтарларига киритилиш сабабларини аниқлашга эътибор қаратяпмиз

“Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастурининг қабул қилиниши олдимизга кўплаб вазифаларни қўйди. Президентимиз раислигида 10 февраль куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида мазкур давлат дастури ижросини самарали ташкил этиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Давлатимиз раҳбари видеоселектор йиғилишида 500 минг нафар ёш, 200 минг аёлни иш билан таъминлаш ҳамда 300 минг аҳолини камбағалликдан чиқариш зарурлигини алоҳида таъкидладилар. Мазкур ташаббус аслида биз учун долзарб топшириқдир. Ҳам депутат сифатида, ҳам партиямизнинг ҳудудий Кенгаши раҳбари сифатида ушбу вазифага астойдил ёндашиш, янада масъулиятлироқ бўлиш зиммамдаги долзарб юмуш эканлигини ҳис қилдим.

Сайловчиларим билан учрашарканман, аввало, маҳалла фуқаролар йиғинларидаги “Аёллар” ва “Ёшлар” дафтарларидаги рўйхат бўйича тизимли иш ташкил қилишни йўлга қўйдик. Илк навбатда, фуқаролар мазкур рўйхатларга нима сабабдан киритилганлигини аниқлашга эътибор қаратяпмиз. Оилавий шароит, имконияти чекланганлик, иш топа олмаётганлик каби сабаблар айни рўйхат шаклланишининг омиллари эканлигини ҳисобга олсак, демак, биринчи навбатда ана шу сабабларга қарши курашишимиз керак. Айтайлик, хонадонда ногиронлиги бор, имконияти чекланган оила аъзоси бор. Аввало, унинг саломатлигини тиклаш учун етарли шароитларни яратишга уриняпмиз, қандай ишга қобилияти борлигини билгач, унинг бандлигини шу билан таъминлашга ҳаракат қиляпмиз. Бу билан ҳам соғлиги учун қайғуряпмиз, ҳам қайсидир иш билан банд бўлиши орқали касалликдан чалғитяпмиз, шу билан бирга даромад топишга қизиқишини уйғотяпмиз. Бу билан ўз-ўзидан вақт ўтиб рўйхатдан чиқарилишига эришамиз.

Сайловчилар билан мулоқотларда асосан коммунал муаммоларга кўп дуч келамиз. Давлатимиз раҳбари мазкур масалалар ечимига ҳам алоҳида тўхталиб ўтдилар. Мамлакатимиздаги ривожланишдан ортда қолаётган туманлар, маҳаллаларнинг ички йўли, ичимлик суви, электр таъминоти ҳамда ирригация тармоғини яхшилаш зарурлигини қайд этдилар. Олдимиздаги вазифалардан бири ҳам айни масалалар ечимидир. Шунингдек, тиббиёт ва таълим тизимидаги ислоҳотларни энг чекка қишлоқларгача етказиш ҳам биз депутатлар зиммасига янада катта масъулият юклайди.

Халқ ва давлат ўртасидаги кўприк бўлиш машаққатли, албатта. Аммо давлат билан ҳамкорликда халқнинг биттагина муаммосини бартараф қилиш ҳам бизга фахр туйғусини беради. Ана шу туйғу барқарор бўлиши учун муаммолар ечимига елкадошмиз.

Хуршидахон ХАЛИЛОВА,

O’zLiDeP Андижон вилоят Кенгаши раиси,

Халқ депутатлари вилоят кенгаши депутати.

  • Кўрилди
    425
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+