Эртанги кунимиз қатъиятли, юксак билимли ёшлар шижоатига бевосита боғлиқ

19.02.2021, 16:50

Эртанги кунимиз қатъиятли, юксак билимли  ёшлар шижоатига бевосита боғлиқ

Мамлакатимизда ёшларнинг билим олиши, орзу-ниятлари, эзгу мақсадларини рўёбга чиқариш учун барча имконият мавжуд. Уларнинг касб-ҳунар эгаллаб меҳнат қилишлари учун энг илғор технологиялар билан жиҳозланган корхонаю ташкилотларнинг эшиги очиқ.

Жорий йилга Президентимиз томонидан “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” деб ном берилиши замирида йигит-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, бу борада бошлаган ишларни давом эттириш ва янги, юксак босқичга кўтаришдек улкан мақсадлар мужассам.

2021 йилда кўзда тутилган асосий масала бу – ёшлар учун ҳар томонлама қулай иш ўринлари яратиш, уларнинг бизнес ташаббусларини рўёбга чиқариш, субсидиялар, имтиёзли кредитлар ажратиш, касб-ҳунарга ўқитишдир. Президентимизнинг жорий йил 3 февралдаги фармони билан тасдиқланган “Ёшларни қўллабқувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастурининг асосий мақсади ҳам шу.

Юртимизда 30 ёшгача бўлган ёшлар сони 18 миллиондан ошди ва уларга оид масалалар билан ишлашда янгича ёндашув ва талабларни юзага чиқармоқда. Дастурда “Ҳар бир тадбиркор — ёшларга мададкор” тамойили асосида кўнгилли тадбиркорларни жалб этган ҳолда 1 нафар тадбиркорга 1 нафардан ишсиз ёшни бириктириш ташаббусини амалга ошириш вазифаси қўйилгани эътиборга моликдир.

Ёшларни қўллаб-қувватлаш, ижтимоий муҳофазага муҳтож талабаларни ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш, ижтимоий адолат тамойилини таъминлаш мақсадида 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларида энг юқори балл тўплаган 200 нафар ёшлар учун Ўзбекистон Республикаси Президенти гранти жорий этилиши минг-минглаб ёшлар учун қувончли янгилик бўлди.

Республикада талаб юқори бўлган касблар бўйича иқтидорли мутахассисларни нуфузли хорижий таълим, илмий ва бошқа муассасаларда тайёрлашнинг самарадорлигини тубдан оширишда жорий йил 1 апрелдан бошлаб “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали нуфузли хорижий олийгоҳларнинг магистратура ва докторантурасида ўқишга юбориладиган ёшлар сони 5 баробарга оширилиши уларнинг қалбларини беихтиёр тўлқинлантирди, ёруғ келажакка бўлган ишончини янада нурлантирди.

Фақат шугина эмас. Дастурнинг 233-бандининг ҳаётга тадбиқ этилиши натижасида ёшларнинг олий таълим олиш имкониятлари сезиларли даражада оширилади. Масалан, олий таълимнинг қамрови ва сифати оширилиб, 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларига ажратиладиган давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичлари камида 25 фоизга, эҳтиёжманд оилалар қизлари учун ажратилган грантлар сони 2 баробарга кўпайтирилиб, 2 мингтага етказилади.

Умуман олганда, Дастур ёшларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлаш, касбга йўналтириш, бандлигини таъминлаш, иқтидор ва салоҳиятини рўёбга чиқаришга қаратилгани билан алоҳида эътиборга молик. Бу борада таъсирчан депутатлик назоратини ўрнатиб, ҳудудларда ёшларнинг бандлигини таъминлаш бўйича устувор вазифаларни белгилаб олдик. Зотан, эртанги кунимиз иродали, қатъиятли, юксак билимли ёшлар шижоатига бевосита боғлиқ.

Абдулло АСЛОНОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси депутати

  • Кўрилди
    603
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+