Ёшлар ҳақ-ҳуқуқларини таъминлаш – пировард мақсад

24.02.2021, 10:29

Ёшлар ҳақ-ҳуқуқларини  таъминлаш – пировард мақсад

Куни кеча Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг  БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши йиғилишидаги нутқини диққат билан тингладик. Унда ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш доимо давлат эътибори марказида бўлиши таъкидланди.

Давлатимиз раҳбари БМТ Бош Ассамблеясининг 2017 йил 19 сентябрда бўлиб ўтган 72-сессиясида сўзлаган нутқида Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенцияни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш ғоясини илгари сургани ёдимизда. Ёшлар ҳар қандай жамиятнинг ажралмас қисми, тараққиёт катализатори ҳамда ўзгаришларга ундовчи катта кучдир. Шу боис Президентимиз ушбу масалага доимий эътибор қаратиб келмоқда.

Мамлакатимиз раҳбари 2020 йилнинг 23 сентябрь куни БМТ Бош ассамблеясининг 75-сессиясидаги нутқида яна бир маратоба халқаро ҳамжамиятни мазкур Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги БМТ конвенциясини қабул қилиш бўйича Ўзбекистон ташаббусини қўллаб-қувватлашга чақирган эди.

Албатта бу бежиз эмас. Чунки бугунги шиддат билан ўзгариб бораётган глобализация жараёнлари ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, шу жумладан уларнинг ижтимоий, иқтисодий, маданий, фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга оид механизмларни ишлаб чиқишга ундамоқда.

Шу жиҳатдан юртбошимиз бу галги нутқида Ёшлар ҳуқуқлари бўйича махсус маърузачи институтини таъсис этиш таклифини билдирди. Бу муҳим ташаббус бўлиб, шу орқали ёшлар масалаларини БМТнинг юқори минбарларида доимий равишда муҳокама қилиб бориш имконияти яратилади.

Анжуманда мамлакатимизда болалар ва мажбурий меҳнат бартараф этилганлиги таъкидлаб ўтилди. Ҳақиқатдан, бу борада охирги 4 йил ичида биз мисли кўрилмаган натижаларга эришдик. Яъни юртимизда болалар ва мажбурий меҳнатга батамом чек қўйилди. Аҳоли учун эркин, муносиб меҳнат билан таъминлаш ишлари қишлоқ хўжалигини модернизациялаш, меҳнат соҳасига бозор иқтисодиёти ва стандартларини жорий этиш ишлари билан биргаликда олиб борилмоқда.

Масалан, биргина 2020 йилнинг ўзида мамлакатимизда одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш йўналишидаги вазифаларни тартибга солиш мақсадида 19 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди. Қолаверса, мажбурий меҳнатга барҳам бериш мақсадида Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига маъмурий жавобгарликни кучайтирувчи ҳамда жиноий жавобгарликни белгиловчи меъёрлар киритилди.

Яна бир гап. Маълумки, 2020 йилнинг 12-13 август кунлари БМТ шафелигида нуфузли халқаро ташкилотлар иштирокида “Ёшлар 2020: глобал миқёсдаги бирдамлик, барқарор тараққиёт ва инсон ҳуқуқлари” мавзусида ўтказилаётган инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форуми доирасида ҳам БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси кенг миқёсда муҳокама қилиниб, бир қатор таклифлар олинган.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон ташаббуси билан мазкур халқаро конвенцияси лойиҳаси ишлаб чиқишда 3 та манбага таянилган:

биринчидан, 50 дан ортиқ давлатларнинг ёшларга оид қабул қилинган қонунлари;

иккинчидан, турли минтақалар доирасида ёшлар мавзуларига тегишли қабул қилинган 20 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар;

Шунингдек, унверсал характердаги халқаро ҳужжатлар, ЮНЕСКО, ЮНИСЕФ, Халқаро меҳнат ташкилоти, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, Парламентлараро иттифоқнинг 30 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари ўрганиб чиқилган.

Мухтасар айтганда, ҳозирги шароитда ёшларнинг овозига қулоқ тутиш жуда муҳимдир. Айниқса, уларнинг долзарб эҳтиёжларини таъминлаш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳар қачонгидан муҳимроқ. Демак, маърузада илгари сурилган ғоя ва ташаббусларни рўёбга чиқаришда биз халқ вакиллари янада фаол, ташаббускор бўлишимиз керак.

 Сардорбек ҒИЁСОВ,

 Олий Мажлис Қонунчилик

 палатаси депутати,

O'zLiDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    683
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+