Яхшилар кўмаги Бехзодни ҳаётга ишончини қайтарди

24.02.2021, 16:50

Яхшилар кўмаги Бехзодни ҳаётга ишончини қайтарди

Бир куни Бехзод мактабда тўсатдан бошланган оғриқдан кўксини чангаллаганча йиқилди. Синфдош дўстларию ўқитувчилари бир амаллаб тез ёрдамга олиб боришди. Биринчи ёрдам кўрсатилгач, Бехзодни шифокорлар обдон текширувдан ўтказишди. Таҳлиллар натижаси унинг юрагида Вольф-Паркинсон-Уайт синдроми борлигини кўрсатди.

(Вольф-Паркинсон-Уайт синдроми — юрак тузилишининг туғма аномалияси. Бу ҳақида биринчи бўлиб 1930 йилда Луи Вольф, Жон Паркинсон ҳамда Пол Дудли Уайт таърифлаган. 1940 йилда юрагида ҳам тахикардия асистоласи, ҳам пароксисмаси бўлган беморларга нисбатан “Вольф-Паркинсон-Уайт синдроми” атамаси қўлланилган. Бу синдром таъсирида тўсатдан юрак ўлими ҳар йили тахминан 0,25-0,39 фоиз беморларда учрайди.)

Мутахассисларнинг фикрича, бу касаллик билан оғриган беморларда тез-тез юрак хуружи кузатилади ва у беморнинг ҳаётини жиддий хавф остида қолдиради. Улар бу хавфни жарроҳлик амалиёти билан бартараф этиш мумкинлигини айтишди.

Бу хабар, Термиз шаҳри “Мажнунтол” маҳалласида яшовчи Бехзод Жумаев ва унинг яқинларини бироз шошириб қўйди. Хуружлар эса тез-тез қайталанаверди. Унинг тузалиши учун мураккаб юрак операцияси ўтказилиши, бунинг учун 15 миллион сўмга яқин маблағ зарур эди.

Бу пул бошқалар учун арзимас бўлиши мумкин, аммо бундан беш йил аввал ҳам отадан, ҳам онадан айрилган, акаси ва синглиси билан амакисининг қарамоғида қолган ўқувчи бола учун бу имконсиз. Амакиси Маҳмуд Жумаев ташкилотда оддий боғбон, янгаси мактабда ўқитувчи бўлиб ишлайди. Тўрт нафар фарзанди ва акасининг қоракўзларини ҳам бағрига олган оила маошга кун кўради. Шу боис, операция учун шунча маблағ тўплаш улар учун оғирлик қиларди. Бу вазиятда уларнинг жонига “Мажнунтол” маҳалласи фаоли Фароғат Хатамова ора кирди. У аввал, болаларни “Темир дафтар”га киргиздирди. Сўнг, кўп ташкилотларнинг идорасига ёрдам сўраб борди.

Вилоят кардиология маркази директорининг ёрдами билан операция қилиш учун соғлиқни сақлаш бошқармасидан 2020 йил октябрь ойида ордер олишга муваффақ бўлишди. Бироқ, операцияда керак бўладиган тиббий дори-дармонлар, анжомлар учун маблағ керак. Фароғат Хатамова илтимос қилмаган, бормаган эшиги қолмади. “Ёрдам берамиз” деган ваъдалар ваъдалигича қолар, пулдан эса дарак бўлавермади.

— 2020 йил 17 декабрь куни маҳалламизда жойлашган 7-умумтаълим мактабида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Ботир Мардаевнинг сайловчилар билан учрашув ўтказаётгани ҳақида хабар топдим, — дейди Фароғат Хатамова. — Чўкаётган одам хасга ҳам ёпишади дейишганидек, мен ҳам илинж топилса, ўша ёққа чопардим. У ерда депутат билан учрашдим ва бўлган воқеани айтиб бердим. Ундан ҳомий топиб бериши учун ёрдам сўрадим. Чунки, не машаққат билан олинган ордернинг муддати тугаб бораётганди. Бехзод учун эса ҳар дақиқа ғанимат эди. Депутат бу мурожаатимни ўз назоратига олишини айтиб, боғланишимиз учун телефон рақамини берди. Ишониб ишонқирамай раҳмат айтдим. Лекин, шундан сўнг ишлар юришиб кетди. Мен депутатни тинч қўймадим, депутат вилоят ва шаҳардаги мутасадди ташкилот раҳбарларини тинч қўймади. Ниҳоят, ҳомийлар топилди ва етарлича маблағ ҳисоб рақамга ўтказиб берилди. Вилоят кардиология маркази раҳбари Баҳодир Ғаффоров операция шу ернинг ўзида Республика ихтисослаштирилган кардиология марказидан чақиртирилган малакали шифокор билан бирга ўтказилишини айтиб қолди. Биз Бехзодни марказга ётқиздик. Уни бир ҳафтача операцияга тайёрлашди ва жарроҳлик амалиёти амалга оширилди.

— Хабарингиз бор, марказимизда биринчи марта юрак операциялари йўлга қўйилди, — дейди жарроҳлик амалиётида иштирок этган вилоят кардиология маркази директори Баҳодир Ғаффоров. — Ҳозирда 50 га яқин юрак операцияларини муваффақиятли ўтказдик. Бунда бизга Республика ихтисослаштирилган кардиология маркази шифокор-мутахассислари ҳам яқиндан кўмак бермоқда. Бегзод Жумаевнинг операциясида ҳам эндоваскуляр жарроҳ Бахтиёр Амирқуловнинг ёрдами катта бўлди. Касаллик юрак ритмининг бузилиши билан боғлиқ бўлгани сабабли, уни жарроҳлик йўли билан даволашга ҳаракат қилинди. Муҳими, айни пайтда беморда ижобий ўзгаришлар кузатилаяпти.

— Бехзоддан хабар олгани касалхонага борганимда унинг ҳаётга мустаҳкам ишонч билан қарай бошлаганини дарров сездим, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Ботир Мардаев. — Энди у келажаги ҳақида орзу қилишни бошлаганди.         Шифокорларга ҳамда ушбу эзгу ишга бош қўшган барча мутасадди ва ҳомийларга ўз миннатдорлигимни билдираман, озгина бўлса ҳам ҳиссам қўшилганидан жуда ҳам хурсандман.

Бехзод Жумаев ҳозирда 7-мактабнинг 10-синфида таҳсил олади. Унинг айтишича, саломатлиги анча яхшиланган. У билан суҳбатлашиш учун Маҳмуд Жумаевнинг хонадонига борганимизда Бехзоднинг ўзи бизни кулиб қарши олганини кўриб, қувондик. Суҳбат жараёнида у келажакдаги орзулари ҳақида гапирди. Ёш бўлса-да, синовлардан олган хулосалари билан ўртоқлашди.

— Тарих фанини яхши кўраман, — дейди Бехзод Жумаев. — Келажакда ўқитувчи бўлмоқчиман. Хорижий тилларни ҳам ўрганишга қизиқаман. Одам касаллик билан олишганда ҳаёт қанчалар ширин эканлигини яхшироқ англаркан. Мен ҳам шуни бошимдан ўтказдим. Аммо, бир нарсани билдимки, ҳеч нарсаси бўлмаса ҳам, киши кўксида уриб турган юраги ва ҳар бир соғлом аъзоси учун шукр қилиб яшаши керак экан. 

Ҳа, унинг англаганлари ҳақиқат. Лекин яна бир ҳақиқат борки, у ҳам бўлса дунёда яхшилар, яхшиликларнинг борлиги учун ҳам яшагимиз келади. Бехзоднинг соғлом ҳаётга қайтиши учун шунча инсоннинг ҳиссаси қўшилгани, ҳали инсонийликнинг не бир кўринишлари, сифатлари борлигидан далолатдир. Қўшнисининг фарзанди учун елиб-югурган бағри кенг аёлдан тортиб “бунақалар ҳозир камми” демай, ҳомийлик учун ҳиммат кўрсатганлар, халоскор шифокорларнинг орамизда борлиги кўнгилимизга таскин беради ва бошқаларни ҳам эзгу ишлар сари ундайверади.   

Феруза Раҳмонқулова,

O'zLiDeP Сурхондарё вилоят кенгаши

матбуот котиби

  • Кўрилди
    537
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+