Асосий мақсад – ҳар бир инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш

24.02.2021, 16:59

Асосий мақсад – ҳар бир инсоннинг  ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш

Ривожланган давлатлар қаторидан ўрин олишга демократик йўлдан дадил одимлаётган Ўзбекистоннинг энг олий мақсади – инсон ҳуқуқларини таъминлашдир. Бугун ушбу эътироф ҳаётимизда чин маънода ўз ифодасини топмоқда.

Президентимизнинг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясида сўзлаган нутқи нафақат юртдошларимиз, балки дунё ҳамжамияти томонидан кенг эътироф этилмоқда. Негаки, юртбошимиз ўз нутқида инсон ҳуқуқларига доир бир қатор ғоя ва долзарб ташаббусларни илгари сурди.

Юксак минбардан туриб, инсон ҳуқуқларини таъминлаш бўйича мамлакатимизда амалга оширилаётган ишлар, мажбурий меҳнатнинг ҳар қандай турини олдини олиш, болалар меҳнатига барҳам бериш, сўз эркинлиги, гендер тенглиги, ёшлар масаласи борасида тарихий нутқ сўзлаб, бу борадаги демократик ислоҳотларни амалга оширишда танлаган йулимиздан ортга йўл йўқлигини билдирди.

Ҳақиқатдан, инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш Ўзбекистон давлат сиёсатида биринчи ўринда туради. Бу борада Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий стратегияни амалга ошириш эса бунинг кафолатидир.

Анжуманда мамлакатимиз раҳбари Ўзбекистон фуқаролик жамияти институтларини янада ривожлантириш, эришилган ютуқлар билан тўхтаб қолмаслик ва сўз эркинлигини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ниятида эканини билдирди.

Шунингдек, Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциянинг парламент томонидан ратификация қилиниши кутилаётганини алоҳида таъкидлаб, мамлакатимизда мазкур Конвенцияни ратификация қилиш учун ҳуқуқий асослар такомиллаштирилганини қайд этди.

Яна бир эътиборли жиҳати шуки, қийноқларнинг ҳар қандай кўринишига мутлақо йўл қўймаслик, Қийноқларга қарши конвенциянинг факультатив протоколини ратификация қилиш, Қийноқлар бўйича БМТнинг махсус маърузачисини Ўзбекистонга таклиф этиш каби долзарб масалалар бўйича сўз юритилди.

Албатта, анжуманда илгари сурилган ғоя ва ташаббуслар биздан янада фаол ва ташаббускор бўлишни, бу борада аниқ режа ва йўналишларни белгилаб олиб, инсон мафаатларини таъминлаш учун кўпроқ халқ орасида юришни, одамлар билан мулоқот қилишни талаб этади. Асосий мақсадимиз ҳам ҳар бир инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашдан иборатдир.

 Феруза НИГМАТОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси депутати

  • Кўрилди
    192
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+