Шаҳрихонда партия вакиллари қандай ўзгаришлар қилмоқчи?

24.02.2021, 18:06

Шаҳрихонда партия вакиллари қандай ўзгаришлар қилмоқчи?

“Зарра-зар” нодавлат мактабгача таълим муассасасини ташкил этган халқ депутатлари вилоят кенгаши депутати, салоҳиятли тадбиркор Мансурбек Мамаюсуповнинг бугун нафақат вилоятда, балки республикада ҳам нуфузи баланд. Унинг ишбилармонлик муҳитидаги ютуқлари, сиёсий майдондаги фаоллиги, ташаббускорлиги, халққа камарбасталиги ҳавасга арзийди.

Бир муддат партия Шаҳрихон туман Кенгаши раиси лавозимининг очиқ қолиши, аппарат раҳбари вазифасидагиларнинг қўнимсизлиги ҳудудий Кенгаш фаолиятидаги сусткашликларга сабаб бўлди. Айни М.Мамаюсупов номзодининг партия туман Кенгаши раислигига кўрсатилиши бежиз эмас. Ундаги ташкилотчилик, янгиликларга ўчлик, эзгу ғоялар ва ташаббуслар ижрочиси бўлишлик фазилатлари сиёсий майдонда аллақачон бўй кўрсатиб улгурди. Аммо қилинажак ишлар талайгина...

O’zLiDeP Андижон вилоят Кенгаши раиси Хуршидахон Халилова раҳбарлигидаги ишчи гуруҳнинг тумандаги ўрганишлари М.Мамаюсупов билан суҳбатдан бошланди. Партия туман кенгаши раислигига тавсия этилган муносиб номзоднинг ташаббуслари саъй-ҳаракатларида намоён бўлди. Халқ депутатлари маҳаллий кенгашлардаги O’zLiDeP депутатлик гуруҳларининг шаҳрихонлик 14 нафар аъзоси тарғибот тадбирига “лаббай” дея йиғилдилар.

Дастлабки манзил М.Мамаюсупов томонидан ташкил этилган “Зарра-зар” нодавлат мактабгача таълим муассасаси бўлди. Таълим-тарбия масканининг қуйи бўғинидаги 30 нафар ишчи ходимларнинг партия аъзолигига қабул қилинганликлари бошланғич партия ташкилоти тузишга хизмат қилди.

Элёрбек Мамажонов халқ депутатлари туман кенгаши депутати, “Гулжаҳон” фермер хўжалиги раҳбари. Фермер хўжаликда ер билан тиллашаётган 23 нафар ишчилар сафдошларимиз сафини кенгайтирдилар.

Халқ депутатлари туман кенгаши депутати Санжарбек Раҳимов раҳбарлигидаги “Универсал агро люкс” масъулияти чекланган жамияти томонидан гидропоника усулида етиштирилаётган помидор, бодринг ва қулупнай ҳосиллари харидоргирлиги билан ажралиб туради. Қишнинг совуқ кунларида дастурхонларимизга баҳорий ва ёз тароватини бахш этувчи бу маҳсулотлар кўзни қувнатади. Масъулияти чекланган жамиятда меҳнат қилаётган 100 нафардан зиёд ишчи, ходимларнинг 100 нафари тарғибот тадбирида партия аъзолигига қабул қилиндилар.

Халқ депутатлари туман кенгашидаги партия депутатлик гуруҳи раҳбари сифатида Улуғбек Хаитовнинг фаолияти ёрқин чизгиларни намоён этмоқда. Мавжуд 14 нафар халқ ноибини бирлаштириш, бир ёқадан бош чиқаришларига бош бўлиш машаққатли албатта. Бу вазифага сидқидилдан ёндашаётган У.Хаитовнинг фаолияти ишчи гуруҳ тарғиботларида янги ташаббуслар билан юз очди. У раҳбарлик қилаётган “Қирмизи олма ёғдуси” масъулияти чекланган жамиятининг 12 нафар ходимлари сафдошларимизга айланганлари сиёсий майдонда елкадошларимиз ортгани исботидир.

Халқ депутатлари туман кенгаши депутати Дилшодбек Рўзматов ҳам ишчи гуруҳнинг тарғибот тадбирига ташаббус билан келганлардан бўлди. Биринчилардан бўлиб ўзи раҳбарлик қилаётган “Шаҳрихон милк” масъулияти чекланган жамиятидаги 40 нафар кўнгилли ходимни партия аъзолигига қабул қилинишига эришди.

Достонбек Эркинов ёш депутатларимиздан. Бокс оламида юқори натижаларни қўлга киритаётган спортчининг халққа ҳамнафаслиги кўпларга намуна. У раҳбарлик қилаётган бокс мактаби ҳамда “Чемпион имрон савдо” масъулияти чекланган жамияти ходимларининг сафдошларимизга айланганлигини ҳам мамнунлик билан таъкидлаш зарур.

Партия вилоят Кенгаши раиси Х.Халилова ҳамда партия туман Кенгаши раислигига тавсия этилган М.Мамаюсуповлар раҳбарлигидаги ишчи гуруҳнинг мактабгача таълим ташкилотининг туман бўлимидаги тарғибот тадбирлари кўтаринки руҳда ўтди. МТТ туман бўлими мудири, партия туман Кенгаши раисининг аёллар масалалари бўйича ўринбосари Манзурахон Мамажонова ташаббуси билан бу ердаги сафимиз ҳам кенгайди.

O’zLiDeP вилоят Кенгаши раиси Х.Халилова раҳбарлигидаги ишчи гуруҳнинг бундай тарғибот тадбирлари жойларда давом этмоқда.

Зилола РАҲМОНОВА,

O’zLiDeP Андижон вилоят Кенгаши

матбуот хизмати раҳбари

  • Кўрилди
    388
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+