Булоқбошилик тадбиркорларнинг муаммоларига депутатлар ечим топишдими?

26.02.2021, 17:00

Булоқбошилик тадбиркорларнинг муаммоларига депутатлар ечим топишдими?

Нозимжон Қодиров булоқбошилик интилувчан тадбиркорлардан. Фаолиятини кенгайтириши учун кредит маблағи зарур. Бизнес лойиҳаси аллақачон тайёр. Ўзининг бирмунча маблағи ҳам бор. Аммо режадаги фаолиятни йўлга қўйиши учун етмайди.

O’zLiDeP Булоқбоши туман Кенгаши томонидан тумандаги 14-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабида ташкил этилган “Депутатлар ва тадбиркорлар мулоқот” форуми давомида Н.Қодировнинг муаммосига ечим топилди. Халқ банки Булоқбоши туман филиалидан ёғоч маҳсулотларини қайта ишлаш фаолиятини йўлга қўйиш учун бизнес лойиҳада кўрсатилган 30 миллион сўм кредит маблағи 5 иш кунлик муддатда ажратилиши депутатлар томонидан назоратга олинди.

Тадбиркор Насибахон Бадаловаам ўзини қийнаётган муаммоси ечими учун форумда иштирок этаётган ишбилармонлардан. Фаолият тури қонуний асосда мусодара товарлари савдосига асосланган. Бироқ муаммо шундаки, бундай турдаги маҳсулотлар тадбиркорга ўз нархидан сунъий оширилган тарзда етказилмоқда. Мазкур масала юзасидан ўрганиш ишларини Булоқбоши туман прокуратураси мутасаддилар зиммасига олди. Муаммонинг бартараф этилиши эса Халқ депутатлари Булоқбоши туман Кенгашидаги O`zLiDeP депутатлик гуруҳи томонидан назоратга олинди.

-Тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўймоқчиман, - дейди “Шарқ юлдузи” МФЙда яшовчи Зиёдулла Янгибоев. – Маҳалламизга мини-стадион қуриш бўйича бизнес лойиҳам тайёр. Спорт – саломатлик гарови эканлиги таъкидланаётган айни кунда бу ташаббусим қўллаб-қувватланишини истайман. “Таяка” кўчасида мини-стадион ташкил этиш бўйича майдон ҳам мавжуд. Аммо шу вақтга қадар мазкур ер майдони қайси ташкилотнинг тасарруфида эканлиги маълум бўлмаяпти. Ер майдонининг кадастр ҳужжатлари тикланса, бу муаммога ечим топилади.

Мазкур муаммо Халқ депутатлари Булоқбоши туман Кенгашидаги O`zLiDeP депутатлик гуруҳи томонидан назоратга олинди.

Шерзодбек Тўраев ҳунармандлик йўналишида тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириб келмоқда. Фаолиятини кенгайтириш мақсадида тумандаги кичик саноат зонасидан 4 сотих ер майдони ажратилишида амалий кўмак сўраб қилган мурожаати Халқ депутатлари Булоқбоши туман котибияти мудири Нодирбек Бердиқулов томонидан назоратга олинди. Ҳунарманд томонидан сўралган Қумариқ МФЙ ҳудудидаги ёшлар учун кичик саноат зонасидан ажратиладиган ер майдони учун депутат томонидан зарурий ҳужжатлар рўйҳати тақдим этилди.

Муяссархон УМУРЗАҚОВА,

O’zLiDeP Андижон вилоят Кенгаши бўлим мудири

  • Кўрилди
    433
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+