Аудиторлик хизмати янги босқичга кўтарилмоқда

02.03.2021, 15:35

Аудиторлик хизмати янги босқичга кўтарилмоқда

Яқинда Президентимиз томонидан “Аудиторлик фаолияти тўғрисида”ги Қонун имзоланди. Бу қонун билан аудиторлик хизмати кўрсатишнинг янгича тартиб ва тамойиллари белгиланди. Энг муҳими, Қонунинг 5-моддасида аудитор тахминларга асосланиб фикр билдиришдан ҳоли бўлиши ва ўзининг обрусини туширадиган фактларга йўл қўймаслиги, аудиторлик ташкилоти мустақиллигига монелик қиладиган ҳолатлар мавжуд бўлган тақдирда, аудиторлик хизматлари кўрсатишни рад этиш Қонун билан мустаҳкамлаб қўйилди.

Бу Қонун орқали аудиторлик фаолияти соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари ҳам белгилаб қўйилди. Жумладан, аудиторлик фаолиятини ва аудиторлик хизматлари бозоридаги ҳалол рақобатни илғор халқаро амалиёт асосида ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш, аудиторлик текширувларининг ўрнини, аҳамиятини ва кўрсатилаётган аудиторлик хизматлари сифати учун аудиторлик ташкилотларининг жавобгарлиги оширилди.

Шунингдек аудиторларни касбга тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш, аудиторлик ташкилотлари ишини сифатини ташқи назорат қилиш тизимини шакллантириш, ёшларни аудиторлик касбига жалб этиш ва касбга оид аудиторларнинг республика жамоат бирлашмаларининг тегишли олий таълим ташкилотлари билан фаол ҳамкорлик қилишни таъминлаш белгилангани айни муддао бўлди.

Бир сўз билан айтганда, Қонунда аудиторлик ташкилотларининг фаолиятига аралашишга ва аудиторлик ташкилотига, шунингдек унинг ходимларига қандай шаклда бўлмасин таъсир кўрсатишга йўл қўйилмаслиги мустаҳкамлаб қўйилгани бу соҳани янги босқичга кўтаришда муҳим аҳамият касб этиши шубҳасиз.

Ҳазратқул ХЎЖАМҚУЛОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

O'zLiDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    809
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+