Давлат раҳбари 17 миллион хотин-қизнинг тақдири ҳақида қайғураётган бир пайтда томошабин бўлишга ҳаққимиз йўқ

05.03.2021, 18:00

Давлат раҳбари 17 миллион хотин-қизнинг тақдири ҳақида қайғураётган бир пайтда томошабин бўлишга ҳаққимиз йўқ

Бугун мамлакатимизда хотин-қизларнинг жамиятдаги роли, ўрни ва нуфузини мустаҳкамлаш, ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш борасидаги ислоҳотлар янги босқичга кўтарилиб бормоқда. Айниқса уларнинг саломатлигига жиддий эътибор қаратилаяпти.

Давлатимиз раҳбари раислигида хотин-қизларнинг муаммоларини ҳал қилиш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишда ҳам шу масалага алоҳида тўхталиб ўтилди. Эътиборли томони бу борадаги мавжуд камчиликларни бартараф этиш масаласи Президентимизнинг доимий назоратида турибди. Мисол учун хотин-қизларнинг муаммоларини ҳал қилиш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокамаси юзасидан ўтказилган охирги видеоселектор йиғилишида мавжуд вазият танқидий таҳлил қилинди.

Хусусан, жорий йил якунига қадар қарийб 9 миллион аёлни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан, жумладан, саратон скринингидан ўтказиш вазифаси қўйилди. Онкологик касалликларни профилактика қилиш мақсадида 323 минг нафар қизлар одам папилломаси вирусига қарши эмланиши айтилди.

Эҳтиёжманд аёлларнинг даволаниши учун ҳар йили Хотин-қизлар жамғармасига қўшимча 30-50 миллиард сўм ажратилиши белгиланди.

Шунингдек, жойларда, айниқса, чекка ҳудудларда тиббий хизматлар сифати талаб даражасида эмаслиги кўрсатиб ўтилди. Хусусан, Сурхондарё вилоятининг Олтинсой туманида туғиш ёшидаги аёлларнинг 30 фоизида камқонлик аниқланган. Бундан ташқари, хотин-қизлар ўртасида нафас олиш, ҳазм қилиш аъзолари, юрак-қон томир тизими касалликлари ҳам кўп. Шу каби, тиббий ёрдамга муҳтожлиги аниқланган 44 минг нафар хотин-қизларни алоҳида назоратга олиб, тиббиёт бригадаларига бириктириш, тор доирадаги шифокорларни жалб қилган ҳолда, уларни даволаш бўйича топшириқлар берилди.

Ҳозирда Тошкент вилоятининг барча туманларида бу борада амалий ишлар бошлаб юборилди. Сайловчилар билан учрашувларимизда ҳам бунга гувоҳи бўлмоқдамиз.

Давлат раҳбари мамлакатимиздаги 17 миллион хотин-қизларнинг саломатлиги ҳақида қайғураётган бир пайтда халқ вакили сифатида биз депутатларнинг ҳам жим ўтиришга ҳаққимиз йўқ. Белгиланган вазифалар ижросини назоратга олиш баробарида, аёллар ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, айниқса чекка ҳудудларда яшаётган опа-сингилларимиз билан кўпроқ ишлашимиз керак.

Шифокор сифатида такрор бўлсада, бир нарсани айтишим мумкинки, касалликни даволагандан кўра уни олдини олган афзал. Яъни биз аёлларимизни соғлом бўлишини истасак, кўпроқ уларни фарзанд тарбияси ва кундалик уй юмушларидан ортиб спортнинг аёлларга мос турлари билан шуғулланишга даъват этишимиз лозим. Спорт тўгараклари мавжуд бўлмаган ҳудудлардаги хотин-қизлар учун уй шароитида шуғулланиш мумкин бўлган  тавсияларни беришимиз лозим. Бу борада тарғиботни кўпайтирмасак мақсадга эриша олмаймиз.

Шу асосда мен ҳам қуйидаги таклифларимни билдириб ўтмоқчиман: мамлакатимиздаги барча туманларда давлат бюджети ҳисобидан замонавий типдаги ёпиқ сув иншооти барпо қилиш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблайман. Бу эса болаларда ва катталарда ўпка, юрак қон-томир, бел, умуртқа, бўғимлар, ортиқча вазн ва бошқа касалликларнинг олдини олишда хизмат қилади.

Бир сўз билан айтганда, қанчалик қийин бўлмасин, Президентимиз томонидан белгилаб берилган устувор вазифалардан келиб чиқиб, хотин-қизлар билан манзилли ишлашни тизимли йўлга қўйиш учун барчамиз бирдек масъулмиз.

Дилбар Усмонова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

O'zLiDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    400
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+