Уй –жой масаласида берилаётган имтиёзларни ҳалол-пок қўлланилишида масъулмиз

05.03.2021, 18:03

Уй –жой масаласида берилаётган имтиёзларни ҳалол-пок қўлланилишида масъулмиз

Кўплаб ривожланган мамлакатларда фуқароларнинг аксарияти ўз уйига эга бўлмай, ижарада туришни маъқул кўрса, мамлакатимиз аҳолиси, асосан, ўз уй-жойига эга бўлиш, унда оиласи билан бахтли ҳаёт кечириш, фарзандларини замонавий андозалар асосида барпо этилган, барча шарт-шароитга эга уйда тарбия қилишга интилади. Одамларимиз ўз уйига эга бўлишни фаровон ва барқарор турмушнинг муҳим омили, деб билади.

Мазкур масаланинг долзарблигини ҳисобга олган ҳолда, кеча давлатимиз раҳбари раислигида уй-жой қурилиши ва ипотека бозорини ривожлантириш чора-тадбирлари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Айтиш керакки йиғилишда соҳада ечимини кутаётган барча масалалар кўриб чиқилди, халқимизни уй-жойга бўлган эҳтиёжини инобатга олиб, соҳада қатор имтиёзлар жорий этиш бўйича аниқ кўрсатмалар берилди.

Эътиборга молик жиҳати Президентимиз аҳолининг барча қатламларини уй-жой билан таъминлаш, бу борада танлаш имкониятини кенгайтириш зарурлигини таъкидлади. Шу мақсадда жорий йилда 54 минг оилани уй-жой билан таъминлаш мўлжалланмоқда. Жумладан, давлат ипотека дастури доирасида жами 45 мингта уй қуриладиган бўлди.

Уй-жойлар қурилиши учун давлат томонидан ҳам аҳолига, ҳам қурувчиларга катта имтиёзлар берилмоқда. Жумладан, жорий йилда ипотека кредити бўйича 6 ойлик имтиёзли давр киритилади. Шаҳарларда дастлабки бадал миқдори 20 фоиздан 15 фоизга туширилади.

Паст даромадли, уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оилаларга 15 фоизлик дастлабки бадалнинг 10 фоизи субсидия сифатида тўлаб берилади. Яъни, аҳоли уй олиш учун дастлабки бадалнинг 5 фоизини тўлайди, холос.

Албатта биз имтиёзларнинг бир қисминигина тилга олиб ўтдик. Умуман олганда, уй-жой масаласида жуда катта марра кўзланаяпти. Ушбу ишларни сифатли бажарилиши, яъни ернинг адолатли ажратилишидан тортиб, имтиёзга мос эҳтиёжманд оилалар рўйхатининг шаклланиши ва қурилишлар сифати барча даражадаги депутатларнинг доимий назоратида бўлиши лозим. Қолаверса, берилган имкониятларни халқимизга етказишимиз, уларнинг бу борадаги хабардорлигини ошириш ҳам асосий вазифаларимиздан саналади. Давлатимиз раҳбари масаланинг шу жиҳатига алоҳида тўхталиб, “Энг муҳим масала, берилаётган имтиёзларни ҳалол-пок қўллаш бўйича адолатли тизим яратиш, бу борада одамларимизнинг хабардорлигини ошириш зарур” дея таъкидлаганлари халқ вакиллари зиммасига катта масъулият юклайди.

Ҳар ойда сайловчилар билан бевосита мулоқот қиламиз. Ана шу учрашувларда фақатгина уларнинг муаммоларини эшитиш ва ҳал этиш билан чекланиб қолмасдан, уй-жой масаласида давлат томонидан яратилаётган имтиёзларни ва ислоҳотларни оддий содда тилда тушунтиришимиз зарур.

Бир сўз билан айтганда уй-жой қурилиши ва ипотека бозорини ривожлантириш орқали аҳоли фаровонлигини ошириш мақсад қилинган. Эндиги вазифа уни ўз муддатида ва сифатли тарзда амалга ошириш ҳисобланади.

Нодир Абдувалиев,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси депутати,

O'zLiDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    496
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+