Эркин ва адолатли фуқаролик жамиятини шакллантиришда муҳим қадам

05.03.2021, 18:35

Эркин ва адолатли фуқаролик жамиятини шакллантиришда муҳим қадам

Фуқаролик жамияти, бу — демократик давлатнинг асосий кўрсаткичи ҳисобланади. Кейинги пайтда мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида фуқаролик жамияти институтлари тобора муҳим ўрин тутмоқда. Хусусан, барча жабҳаларда демократик ўзгаришларни амалга оширишда нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда фуқаролик жамияти бошқа институтларининг роли ва аҳамиятини, ижтимоий фаоллигини ошириш бўйича сезиларли чора-тадбирлар кўрилди. Улар фаолиятининг самарадорлигини ошириш ҳамда ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш учун зарур институционал база яратилди.

2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш, уларнинг ижтимоий ва сиёсий фаоллигини ошириш давлат ва жамият қурилишини такомиллаштиришнинг асосий йўналиши сифатида белгиланган.

Президентимиз шу йил 22 февраль куни Женева шаҳрида бўлиб ўтган БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46­сессиясидаги нутқида ҳам бу масалага тўхталиб, “Биз эришган натижаларимиз билан кифояланиб қолмасдан, бундан буён ҳам фуқаролик жамияти институтларини янада ривожлантириш, Ўзбекистонда сўз эркинлигини ҳар томонлама қўллаб­қувватлашни қатъий мақсад қилганмиз”, дея таъкидлаган эди.

Мана орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, нодавлат нотижорат ташкилотларининг ролини янада ошириш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоясини мустаҳкамлаш мақсадида “Нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаолияти эркинлиги, ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Мазкур қарорда муҳим масалаларнинг ечими кўрсатиб ўтилгани катта амалий аҳамиятга эга. Бинобарин, илгари мамлакатни янада ижтимоий-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий ривожлантириш учун инновацион ғояларни таклиф этадиган фаол, ташаббускор нодавлат нотижорат ташкилотларнинг фаолиятини давлат томонидан қўллаб­қувватлаш ва рағбатлантириш чоралари етарли даражада амалга оширилмаётган эди.

Ушбу ҳужжатда ННТларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш кўламини кенгайтириш ҳамда уларга қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича аниқ вазифалар белгиланиб, соҳада юзага келаётган муаммоларнинг ечими ҳам кўрсатиб ўтилган. Бу эса Ўзбекистонда нодавлат нотижорат ташкилотларининг ролини янада оширишга хизмат қилиши муқаррар.

Ҳужжатга мувофиқ, 2021 йил 1 мартдан бошлаб нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан рўйхатдан ўтказувчи органни хабардор қилган ҳолда, хорижий манбалардан олинадиган пул маблағлари ва мол-мулкнинг бир календарь йилидаги жами суммаси базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан юз бараваригача оширилади. Ташкилотни қайта рўйхатдан ҳамда унинг рамзини давлат рўйхатидан ўтказиш муддати бир ойдан ўн беш кунгача қисқартирилиб, ногиронлиги бўлган шахслар, фахрийлар, нуронийлар, хотин-қизлар, болалар жамоат бирлашмалари рамзларини давлат рўйхатидан (қайта рўйхатдан) ўтказиш учун давлат божи ундирилмайди.

Мазкур қарор билан қуйидагилар Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси фаолиятининг асосий йўналишлари этиб белгиланганди:

биринчидан, нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини давлат органларида, судларда, халқаро, хорижий, шунингдек, бошқа ташкилотларда ифода этиш ҳамда ҳимоя қилиш;

иккинчидан, нодавлат нотижорат ташкилотлари, тадбиркорлик субъектлари, халқаро ва хорижий тузилмалар ҳамда давлат органлари ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришда иштирок этиш;

учинчидан, нодавлат нотижорат ташкилотлари ташаббусларини амалга ошириш учун уларга қулай ҳуқуқий, иқтисодий ва ижтимоий шароитлар яратишга кўмаклашиш;

тўртинчидан, нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда иштирок этиш ҳамда соҳани тартибга солувчи қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан таклифлар тайёрлаш.

Шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотлари раҳбарлари ва ходимларининг ташкилотни самарали бошқариш, молиявий барқарорликка эришиш, ижтимоий муҳим лойиҳаларни ишлаб чиқиш, ижтимоий шериклик ва таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга ошириш, волонтёрларни, хайрия ва бошқа ресурсларни жалб қилиш, ижтимоий менежмент, ижтимоий тадбиркорлик йўналишларида салоҳиятини ошириш фаолиятининг асосий йўналиши ҳисобланади.

Қарорда белгилаб қўйилганидек, ассоциация раҳбари бир вақтнинг ўзида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Жамоатчилик палатаси раисининг, ассоциация ҳудудий бўлинмалари раҳбарлари эса — ҳудудий жамоатчилик палаталари раисларининг нодавлат нотижорат ташкилотлари масалалари бўйича жамоатчилик асосида фаолият юритадиган маслаҳатчилари ҳисобланади.

Аҳамиятли томони шундаки, ушбу ҳужжатга асосан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳридаги “Нодавлат нотижорат ташкилотлари уйлари”га ижтимоий аҳамиятга эга бўлган соҳаларда ўз фаолиятини амалга ошираётган нодавлат нотижорат ташкилотларини жойлаштириш ассоциациянинг тавсияномаси асосида амалга оширилади.

Президентимиз қарорида ўз ифодасини топган яна бир муҳим янгилик — “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати, “Тараққиёт стратегияси” маркази ва Ассоциациянинг халқаро грант маблағлари ҳисобидан 2021–2022 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида фуқаролик жамияти институтлари фаоллари ўртасида самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш, янги фуқаролик ташаббусларини амалга ошириш, мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалаларини муҳокама қилиш, мавжуд муаммоларнинг ечими юзасидан таклифлар тайёрлаш ҳамда шахсий билим ва кўникмаларини оширишга хизмат қилувчи коворкинг-марказлари ташкил этилмоқда.

Бундан ташқари, эндиликда фаолиятини устав мақсадларига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг барча ҳудудида олиб борадиган ҳамда икки ёки ундан ортиқ маъмурий-ҳудудий бирликда алоҳида бўлинмаларига эга бўлган нодавлат нотижорат ташкилотлари республика нодавлат нотижорат ташкилотлари деб эътироф этилади. Фаолиятини устав мақсадларига мувофиқ вилоят, туман, шаҳар, шаҳарча, қишлоқ ва овул ҳудудида олиб борадиган шундай ташкилотлар эса ҳудудий нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳисобланади.

Бугунги кунда республикамизда 10 минг 500 га яқин нодавлат нотижорат ташкилот фаолият кўрсатмоқда. Улар фаолиятига доир 200 дан ортиқ меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилингани, мамлакатимизда фуқаролик жамиятини ривожлантиришга катта эътибор қаратилаётгани натижасида ННТлар бугунга келиб том маънода жамият ва давлатимизнинг барқарор тараққиёти, халқимиз фаровонлигини оширишнинг муҳим омилларидан бирига айланди.

Бир сўз билан айтганда, улар бугун фуқаролик институтлари юртимизда кечаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг фаол иштирокчисига айланиб, ижтимоий-иқтисодий ривожланиш давлат ва ҳудудий дастурларини амалга оширишда, айниқса, фидойилик кўрсатмоқда. Фуқаролик жамияти институтларини янада ривожлантириш Ўзбекистоннинг халқаро имижини мустаҳкамлайди. Шу жиҳатдан мазкур қарорнинг ижроси нодавлат нотижорат ташкилотларининг нуфузини янада оширишга хизмат қилади.

 Абдулла РЎЗМЕТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси депутати

  • Кўрилди
    1105
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+