Бир умр ўз турар макони бўлишни орзу қилган кўплаб юртдошларимиз орзуси ушалади

05.03.2021, 18:37

Бир умр ўз турар макони бўлишни орзу қилган  кўплаб юртдошларимиз орзуси ушалади

Аҳоли сони ўсиши билан табиийки уй-жойга бўлган эҳтиёж ҳам ошиб боради. Шу боис сўнгги йилларда аҳолининг шинам уй-жойларга бўлган талаб-эҳтиёжларини мумкин қадар тўлиқ таъминлаш, уй-жой қурилишини, айниқса, кичик шаҳарлар ва қишлоқ жойларда жадал ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда.

Хусусан, давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 21 октябрдаги қарорига кўра, қишлоқларда, 22 ноябрдаги қарори билан эса шаҳарларда арзон уй-жойлар қуриш бўйича дастурлар қабул қилинди. Улар асосида, ўтган тўрт йилда 140 мингта уй-жой барпо этилгани эътиборга моликдир.

Лекин шунга қарамай уйга эҳтиёжи бор оилалар ҳали ҳам кўп. Кейинги пайтда бу бўйича халқдан кўплаб мурожаатлар бўляпти. Демак, энди яна минглаб уй-жойлар барпо этиш, лойиҳа ва қурилиш сифатини ошириш, янги уй-жойлар барпо этиш лозим бўлади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида 3 март куни уй-жой қурилиши ва ипотека бозорини ривожлантириш чора-тадбирлари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида бу борадаги мавжуд муаммолар таҳлил қилиниб, узоқ муддатга мўлжалланган аниқ, мақсадли вазифалар белгилаб берилгани билан аҳамиятлидир.

Давлатимиз раҳбари аҳолининг барча қатламларини уй-жой билан таъминлаш, бу борада танлаш имкониятини кенгайтириш зарурлигини таъкидлар экан, жорий йилда 54 минг оилани уй-жой билан таъминлаш мўлжалланаётганини, жумладан, давлат ипотека дастури доирасида жами 45 мингта уй қурилишини билдирди.

Йиғилишда қурилиш ишларининг молиявий манбалари ҳам кўриб чиқилди. Жорий йилда аҳолини уй-жой билан таъминлаш дастури доирасида 11 триллион 500 миллиард сўм маблағ ажратилиши қайд этилиб, бу йилдан бошлаб, ипотека кредити бўйича молиявий ресурслардан етишмовчилик ва чекловлар бўлмаслиги таъкидланди.

Уй-жойлар қурилиши учун давлат томонидан ҳам аҳолига, ҳам қурувчиларга катта имтиёзлар берилиши, паст даромадли, уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оилаларга 15 фоизлик дастлабки бадалнинг 10 фоизи субсидия сифатида тўлаб берилиши юртбошимизнинг халқимизга нисбатан ғамхўрликда ва юртга нисбатан меҳр-муҳаббатда эканлигини яна бир бор исботлади.

Бундай миқёсидаги ишлар кўламини хаёлга сиғдириш қийин. Ахир бир тасаввур қилинг, бу соҳага тўрт-беш йил илгари, бу даражада катта маблағ ажратилмасди. Энди эса, ана шундай ишларни ҳам амалга оширса бўларкан-ку, деймиз. Бугун Ўзбекистонда халқимизни рози қилиш, мавжуд муамоларни бартараф этиш борасида жуда катта ва тизимли ишлар амалга оширилаётганини ҳар бир юртдошимиз кўриб, ҳис этиб турибди.

Мамлакатимиз раҳбари оғир турмуш шароитидаги оилаларни ижтимоий ижара асосида уй билан таъминлаш масалаларига тўхталар экан, бунинг учун ҳудудларга мингта квартира сотиб олиш учун маблағ ажратилишини таъкидлади. Шу билан чекланиб қолмай, хусусий уйлар ижара ҳақининг бир қисмига субсидия бериш ёки фойданилмаётган ётоқхоналарни таъмирлаб, ижтимоий ижарага ажратиш мумкинлиги айтилдики, бу ҳам одамлар дилидаги гап бўлди.

Ҳар ойнинг охирги ҳафтасида ҳудудларни ривожлантириш бўйича белгиланган вазифаларнинг бажарилиш ҳолатини ўрганиш, халқ билан мулоқот қилиш, мавжуд муаммоларни аниқлаш ва уларни ҳал этиш чораларини кўриш мақсадида ўз сайлов округимизда бўлиб, фуқаролар билан мулоқот қиламиз. Учрашувлар давомида фуқаролар томонидан келиб тушаётган мурожаатларнинг салмоқли қисми ижтимоий-маиший масалаларга дахлдор бўлиб, одамларимизни кўпроқ ўйлантираётган ва ташвишга солаётган муаммолардан бири – бу уй-жойдир. Бу эса аҳолини, айниқса, эҳтиёжманд қатлам вакилларини тураржой билан таъминлашда мавжуд имкониятларга таяниб, оқилона ёндашув асосида аниқ манзилли ишлар олиб боришни тақозо этади.

Видеоселектор йиғилишида юртбошимиз айни шу масалаларни ечимини кўрсатиб берди. Масалан, Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятларда якка тартибдаги уй-жой қуриш учун 500 тагача, жами 6,5 мингта оилага кредит берилиши, оғир турмуш шароитига тушиб, бошпанасиз қолган мингта оила, айниқса, аёлларга ижара асосида ижтимоий уй-жойлар ажратилиши кўплаб оилалар ҳаётига қувонч олиб кириши, айни ҳақиқат.

Ишончим қомилки, йиғилишда белгилаб берилган аниқ вазифаларни ўз вақтида, сифатли амалга оширилиши минг-минглаб юртдошларимиз, айниқса, ёшларнинг эртанги кунга бўлган ишончини янада оширади. Шак-шубҳасиз, бу бир умр ўз турар макони — хотиржамлик ошёни бўлишни орзу қилган инсонлар учун жуда катта бахтдир.

Ботирбек ТЎРАЗОДА,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси депутати,

O'zLiDeP фракцияси  аъзоси

  • Кўрилди
    493
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+