Икки мамлакат ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик, ишонч ва стратегик шерикликка асосланган муносабатлар

13.03.2021, 10:35

Икки мамлакат ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик, ишонч ва стратегик шерикликка асосланган муносабатлар

Муҳтарам Президентимиз таклифига биноан Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаров давлат ташрифи билан мамлакатимизга келгани икки қардош давлатлар ўртасидаги дўстона алоқаларнинг янада мустаҳкамланишига хизмат қилди. Албатта, икки қардош давлатлар ўртасидаги муносабатларнинг бугунги ҳолати юқори бўлса-да, мамлакат раҳбарлари сиёсий, савдо-иқтисодий ва транспорт соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантиришнинг истиқболли режаларини муҳокама қилганликлари бу борада янги марраларга эришиш учун янги қадамлар қўйилди деганидир.

Маълумки, 2017 йил 5 сентябрда Ўзбекистон-Қирғизистон  давлат чегараси тўғрисида шартнома имзоланган эди. Мулоқотларда мазкур шартноманинг тарихий аҳамияти қайд этилиб, ушбу чегаранинг қолган қисмларини ҳам делимитация қилиш мақсадида Ҳукуматлараро комиссияга музокараларни фаоллаштириш бўйича кўрсатма берилди. Бу эса юртимизда турли сабаблар ва вазият, тақдир тақозоси билан истиқомат қилаётган қирғизистонлик ва ўз навбатида қўшни мамлакатда яшаётган ўзбекистонликлар учун яхши янгиликдир.

Музокараларда асосий эътибор икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларига қаратилгани бежиз эмас. Албатта, мамнуният билан таъкидлаш керакки, бу борадаги кўрсаткичлар ижобий динамикага эга. Чунончи, охирги тўрт йилда ўзаро савдо беш баробардан зиёдга ўсиб, 900 миллион доллардан ортган. Аслида ҳам ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш стратегик шерикликнинг устувор йўналишидир. Музокараларда маълум бўлдики, савдо айланмасини диверсификация қилиш ва номенклатурасини кенгайтириш  орқали келгусида унинг ҳажмини икки баробарга кўпайтириш мумкин. Бунинг учун ўз навбатида икки мамлакат бозорларида харидоргир бўлган, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар етказиб бериш, ташқи савдо инфратузилмаси ва экспорт-импорт операцияларини ўтказиш зарур. Бу борада тадбиркорларимиз ва ишбилармонларимиз яна етакчи куч сифатида майдонга чиқадилар. Икки мамлакатнинг бу борадаги имкониятлари улар орқали яққол намоён бўлади.

Шунингдек, давлат раҳбарларининг иқтисодиёт тармоқларида саноат кооперацияси бўйича лойиҳаларни амалга оширишларига келишувлари ҳар икки давлат иқтисодиёти ўсишида, барқарор ривожланишида муҳим аҳамият касб этади.

Хуршидахон ХАЛИЛОВА,

O’zLiDeP Андижон вилоят Кенгаши раиси,

халқ депутатлари вилоят кенгаши депутати

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    405
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+