Ўзбекистон – Қирғизистон: ҳамкорлик стратегик шериклик асосида изчил ривожланмоқда

13.03.2021, 10:47

Ўзбекистон – Қирғизистон: ҳамкорлик стратегик шериклик асосида изчил ривожланмоқда

Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида ўзаро тушуниш, ҳурматли ва барқарор муносабатларни сақлаб қолиш, ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш икки мамлакат халқларининг манфаатларига тенг даражада жавоб беради. Бугунги кунда Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги муносабатлар тенг ҳуқуқлилик ва ўзаро манфаатдорлик асосида аввал қабул қилинган ҳужжатларнинг изчил амалга оширилиши билан ажралиб туради.

Давлатлараро муносабатларнинг муҳим катализаторларидан бири – мамлакатлар раҳбарларининг ташрифи бўлмоқда. Президент Садир Жапаровнинг Ўзбекистонга ташрифи якунлари бўйича давлатимиз раҳбари музокаралар ишонч муҳитида ўтгани, томонлар ўзаро ҳурмат ва манфаатларни ҳисобга олиш тамойиллари асосида кенг миқёсли вазифаларни ҳал қилишга тайёр эканини қайд этди.

Президентлар икки мамлакат ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини тенг ҳуқуқлилик ва ўзаро манфаатдорлик асосида мустаҳкамлаб бориш, аввал қабул қилинган ҳужжатларни амалга ошириш йўлида қатъий эканини тасдиқлади. Барча соҳалардаги ҳамкорликни изчил кенгайтириш учун олий ва юқори даражадаги сиёсий мулоқотни мунтазам давом эттиришга келишиб олинди.

Бизнинг фикримизча, бўлиб ўтган ташрифнинг давлатлараро муносабатлар учун аҳамияти шундаки, унда икки томонлама муносабатларнинг барча долзарб масалалари муҳокама қилинди. Бу борада устувор эътибор савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришга, ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш чораларини кўришга қаратилганини алоҳида таъкидлаш лозим.

Ўзбекистон – Қирғизистон шериклигида, шубҳасиз, муҳим ўрин тутадиган ҳудудлараро ҳамкорликни фаоллаштириш масалалари чегараолди вилоятлар ҳокимларининг мунтазам учрашувларини ўтказиш нуқтаи назаридан кўриб чиқилди. Шу жиҳатдан O'zLiDeP ва унинг парламентдаги фракцияси ишбилармонлар ўртасидаги алоқалар фаоллашиши учун қулай шароитлар яратилиши, савдо, саноат, қишлоқ хўжалиги, транспорт, инфратузилма соҳаларида кооперация лойиҳалари амалга оширилиши тарафдори.

Садир Жапаровнинг Ўзбекистонга ташрифи давомида, жумладан, ҳамкорликда ташкил этилган Инвестиция жамғармаси доирасида умумий қиймати 900 миллион АҚШ долларидан зиёд бўлган келишувларга эришилгани ниҳоятда аҳамиятлидир.

Бинобарин, музокаралар доирасида  “Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой” темир йўли ҳамда “Тошкент – Андижон –Ўш – Иркештом – Қашғар” мультимодаль йўлаги сингари самарали транспорт йўлакларини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Энг муҳими, ташриф чоғида қўшни мамлакатларнинг кўп қиррали шериклик муносабатларининг деярли барча йўналишларини қамраб олган 22 та ҳужжат имзоланди.

Қарийб 50 та қўшма лойиҳани амалга ошириш назарда тутилган Саноат кооперациясини кенгайтириш ва чуқурлаштириш бўйича амалий чора-тадбирлар режаси, Ўзбекистон – Қирғизистон Инвестиция фондини ташкил этиш тўғрисидаги битим, электр энергиясини ўзаро етказиб бериш, Қирғизистонда гидроэнергетика объектларини қуриш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги ҳужжатлар шулар жумласидандир.

Булар ҳали ҳаммаси эмас. Чегара вилоятлари раҳбарлари ҳам  ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича “йўл хариталари”ни имзолашди. Қолаверса, ташқи сиёсат идоралари ўртасидаги ҳамкорлик дастури ҳамда божхона иши, ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкорлик, соғлиқни сақлаш, озиқ-овқат хавфсизлиги, ўсимликлар карантини, таълим, фан ва маданият соҳалари бўйича қатор муҳим ҳужжатлар имзоланди.

Халқларимиз ўртасидаги дўстлик давлатлараро муносабатлар асосини ташкил қилади. Бу борада фан, таълим, маданият, спорт ва туризм каби соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш бўйича эришилган келишувлар муҳим аҳамиятга эга. Маданият кунлари ва бошқа гуманитар тадбирларни қайта тиклаш икки халқ ўртасида ўзаро тушуниш ва дўстона муносабатларни мустаҳкамлашда муҳим роль ўйнайди.

Хулоса ўрнида айтганда, бўлиб ўтган ташрифни муваффақиятли деб баҳолаймиз. Чунки давлатлар раҳбарлари ўртасидаги учрашувлар очиқ ва дўстона муҳитда ўтди. Бу икки томонлама муносабатлар даражасини янада оширишга хизмат қилиши шубҳасиз. Зотан, Қирғизистон Президентининг Ўзбекистонга ташрифи сиёсий-иқтисодий, транспорт-коммуникация соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантиришнинг кенг кўламли масалаларини муҳокама қилиш имконини берди.

Актам  ҲАИТОВ,

Олий  Мажлис  Қонунчилик

палатаси  Спикери ўринбосари,

O'zLiDeP фракцияси раҳбари

  • Кўрилди
    516
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+