Ўзбекистон — Германия: ишончли ва синалган шериклик

17.03.2021, 10:01

Ўзбекистон — Германия: ишончли ва синалган шериклик

Ривожланган давлатлар ҳақида гап кетганда Германия ҳам алоҳида тилга олиниши бежиз эмас. Чунки бугунги кунда жаҳоннинг илғор мамлакатларидан бири бўлган Германия саноат ва технологиялар борасида тан олинган пешқадам сифатида глобал иқтисодиётнинг турли тармоқ ва соҳаларда етакчи ўринни эгаллаб келмоқда.

Германия Федератив Республикаси мамлакатимиз мустақиллигини биринчилардан бўлиб тан олган. Бу юрт ўз навбатида, кўп йиллар давомида энг ишончли ва синалган ҳамкорларимиздан бири бўлиб келяпти. Мана, 30 йилдирки, Ўзбекистон ҳамда Германия ўртасида барча соҳада фаол мулоқот, яқин алоқа ва тажриба алмашув олиб борилмоқда. Жорий йил 12 март куни Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Германия Федерал канцлери Ангела Меркель билан видеоанжуман шаклида ўтган саммити кун тартибидан ҳам бугунги мураккаб шароитда мамлакатларимиз ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари ўрин олди.

Айтиш жоизки, икки томонлама муносабатлар мустаҳкам пойдеворга асосланган ва анъанага кўра ишонч хусусиятига эга. Икки республика ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилгандан буён сиёсий, иқтисодий ва маданий-гуманитар мулоқотларни мустаҳкамлашга қаратилган улкан ишлар амалга оширилди. Сўнгги йилларда кўплаб соҳаларда ҳамкорлик сезиларли даражада фаоллашди. Давлатлар ўртасида ўрнатилган сиёсий ўзаро ишонч ҳамкорлик ва дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш учун асос бўлиб хизмат қилаётир.

Германия айниқса, пандемия оқибатларини енгиб ўтиш бўйича халқаро ташаббусларни илгари суришда фаол иштирок этиб, жаҳон мамлакатларига, шу жумладан, Ўзбекистонга катта амалий ёрдам кўрсатмоқда. Масалан, немислар кўмаги билан COVAX ташаббуси доирасида шу ойнинг охирида мамлакатимизга коронавирусга қарши вакцинанинг биринчи йирик партияси етказиб берилиши кўзда тутилган. Қолаверса, Европанинг юқумли касалликларни ўрганиш соҳасидаги нуфузли илмий-тадқиқот муассасаси — Роберт Кох институти билан яқиндан ҳамкорлик ўрнатилган.

Давлатимиз раҳбари ва Германия Канцлери икки йил аввал Берлин шаҳрида ўтган олий даражадаги учрашувларда эришилган келишувларнинг биргаликда амалга оширилаётгани икки томонлама муносабатларнинг барқарор суръатлар билан ривожланишини таъминлаётганини ҳам катта мамнуният билан қайд этдилар. Президентимиз мамлакатимизда янги демократик янгиланишлар сиёсатини оғишмай қўллаб-қувватлаётгани ҳамда юртимиздаги ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларга молиявий-техник жиҳатдан кўмаклашиш дастурини кенгайтираётгани учун ГФР ҳукуматига миннатдорлик билдирди.

Саммитда иқтисодий ҳамкорлик масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Чунончи, Германия Ўзбекистоннинг муҳим технологик ва инвестициявий шериги бўлиб келмоқда. Кейинги йилларда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 1,5 баробар кўпайди, 50 га яқин янги қўшма корхона ташкил этилди. Ўзбекистонда Германиянинг «MAN», «Claas», «Knauf», «Papenburg» каби машҳур компаниялари фаол ишламоқда. «Volkswagen» ва «Viessmann» компаниялари илк бор юртимиз бозорига кириб келган бўлса, узоқ танаффусдан сўнг «Siemens» ва «Bosch» компаниялари қайтиб келди. Қувонарлиси, ўтган йилда Германия компаниялари томонидан мамлакатимиз иқтисодиётига киритилган инвестициялар ҳажми 700 миллион доллардан ошди.

Германия Марказий Осиёга йирик табиий, инсоний ва иқтисодий салоҳиятга эга минтақа сифатида қараши рост. Шу боис, учрашувда қўшма лойиҳалар, ишбилармонларнинг алоқалари ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, етакчи немис компаниялари ва банк институтларининг Ўзбекистондаги фаолиятини кенгайтиришга келишиб олинди.

Кооперациянинг янги йўналишларини, энг аввало, индустриал кластерлар, рақамлаштириш ва “яшил” иқтисодиётни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилиш, қайта тикланувчи энергетика соҳасидаги лойиҳаларни илгари суриш мақсадида жорий йилнинг май ойида Ўзбекистон — Германия ишбилармонлар кенгашининг навбатдаги учрашувини ўтказиш режалаштирилди. Томонлар мамлакатимизнинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши масаласида ҳамда Европа Иттифоқи билан конструктив мулоқот доирасида, шу жумладан, Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимни тайёрлашни тез фурсатда якунлаш бўйича ҳамкорликни давом эттиришга аҳдлашиб олдилар.

Ҳаммамизга яхши маълумки, Афғонистонда тинчлик ўрнатиш масаласида ҳам ҳар икки мамлакатнинг позицияларида ўхшашлик мавжуд. Ўзбекистон Президенти ва Германия Канцлери халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар ҳамда глобал ва минтақавий тузилмалар доирасидаги ҳамкорлик юзасидан фикр алмашаркан, расмий Берлин мамлакатимизнинг Марказий Осиёда дўстлик, яхши қўшничилик, ишонч ва шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш борасидаги сиёсатини қўллаб-қувватлади. Афғонистондаги тинчлик жараёнига кўмаклашиш, шу мақсадда транспорт ва энергетика соҳаларида минтақавий инфратузилма лойиҳаларини илгари суриш борасида кўрилаётган саъй-ҳаракатлар юксак баҳоланди. Бу эса Ўзбекистон Республикаси учун Германия Федератив Республикаси улкан сиёсий, иқтисодий ва илмий-интеллектуал салоҳиятга эга бўлган ишончли ҳамда узоқ муддатли шерик эканлигини амалда яна бир бор исботлади.

Бир сўз билан айтганда, Германия юртимизнинг барча соҳалардаги муҳим ҳамкори ҳисобланади. Шу жиҳатдан, келгусида ўзбек — немис алоқаларини ўзаро ҳурмат, тенг ҳуқуқлилик ва бир-бирининг манфаатларини ҳисобга олиш асосида ривожлантириш ғоят муҳим вазифалардан биридир.

Актам ҲАИТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Спикери ўринбосари,

   O'zLiDeP фракцияси раҳбари

  • Кўрилди
    782
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Рахманова Гульнара Арзеновна 2021-03-17 15:44:04

Райсимиз маколасида хакикатдан хам шерикчиликни тугри йулга куйиш билан давлатлараро дустлик ришталар янада мустахкамланиши, юртимизда тинчлигимиз обадий булиши ва албатта бугинги кунда Узбекистон Республикаси хам ривожланган давлатлар каторидан уз жойини топганлиги куриниб тур.


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+