Қуйи Чирчиқ тумани “Йилқитчи” МФЙда томорқачилик ҳадисини олганлар кўп

18.03.2021, 17:48

Қуйи Чирчиқ тумани “Йилқитчи” МФЙда томорқачилик ҳадисини олганлар кўп

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Актам Ҳаитов Тошкент вилоятидаги учрашувлари доирасида Қуйи Чирчиқ туманида бўлиб, маҳаллаларда аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш ҳолатларини ўрганди.

Тошкент вилоятида кичик бизнес ва оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, томорқадан унумли фойдаланиш учун кенг имкониятлар яратилган. Мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини, бозорларда тўкин-сочинликни таъминлашга вилоят деҳқонлари ҳам муносиб ҳисса қўшмоқда.

Қуйи Чирчиқ тумани “Йилқитчи” МФЙда 2401 нафар аҳоли истиқомат қилади. Тумандаги мавжуд томорқалардаги иссиқхоналарда эртанги бодринг, помидор, карам, булғор қалампири, саримсоқпиёз ва турли кўкатлар етиштирилади.

Мазкур маҳалладаги хонадонлардан бирини ижарага олиб иш бошлаган А.Пардаевлар оиласи 13 сотих ернинг 6 сотих ер майдонида иссиқхона қуриб, томорқадан унумли фойдаланиб келмоқда. 2009 йилда Сурхондарё вилоятидан кўчиб келган тадбиркор ҳозир Термиз усулида икки қаватли иссиқхона қуриб, томчилатиб суғориш усулида бодринг етиштирмоқда.

“Гулсарой” кўчаси 43 хонадонда яшовчи Йўлдош Ташмирзаев ҳам ернинг ҳадисини олган омилкорлардан. У ерни яхши кўради, унинг ҳар бир қаричидан самарали фойдаланади.

– Ўтган йили нафақага чиқиб 13 сотих ер майдоннинг 2 сотихида иссиқхона қурдик. Бугун мўъжазгина иссиқхонамизда помидор ва турли кўкатлар етиштириб келяпмиз, – дейди Й.Ташмирзаев. – Кўчат етиштириш жуда нозик иш. Иссиқхона ҳароратини мўътадил сақлаш, кўчат парваришлаш билан боғлиқ ҳар бир жараён ўз вақтида, сифатли бажарилса, даромади ҳам шунга яраша бўлади.

Спикер ўринбосари иссиқхона фаолияти билан танишар экан, бундай иссиқхоналар тармоғини янада кенгайтириш, аҳолини зарур қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан таъминлаш бўйича таклиф ва тавсиялар берди.

  • Кўрилди
    285
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+