Хотин-қизлар учун муносиб турмуш тарзини яратиш – устувор вазифа

19.03.2021, 16:58

Хотин-қизлар учун муносиб турмуш тарзини яратиш – устувор вазифа

Мамлакатимизда давлатимиз раҳбари томонидан аёлларга эҳтиром кўрсатиш, айниқса, ишсиз хотин-қизлар бандлигини таъминлаш борасида улкан ислоҳотлар олиб борилмоқда. Хусусан, Юртбошимиз томонидан жорий йил 5 март куни имзоланган “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарор аёллар учун барча шароитларни яратиш борасидаги ишларнинг мантиқвий давоми бўлди.

Ушбу қарор билан Республика хотин-қизлар жамоатчилик кенгаши ташкил этилди. Кенгашга хотин-қизларни ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларни қўллаб-қувватлашга доир ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилиш, хотин-қизларнинг таълим ва касбий кўникмалар олишлари, муносиб иш топишларига ҳар томонлама кўмаклашиш, тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, иқтидорли ёш хотин-қизларни аниқлаш ва уларнинг қобилиятларини тўғри йўналтириш, турар жойга муҳтож хотин-қизларни уй-жой билан таъминлаш, турмуш ва меҳнат шароитларини яхшилаш, даромадларини кўпайтириш борасида тизимли чора-тадбирларни белгилаш ҳамда “Аёллар дафтари” билан манзилли ишлаш, мутасадди ташкилотлар, секторлар томонидан хотин-қизларнинг муаммолари ўз вақтида бартараф этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш каби бир қатор вазифалар белгиланди.

Хотин-қизлар муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича республика комиссияси ҳар бир хонадон ва маҳалла кесимида хотин-қизларнинг муаммолари, эҳтиёжлари ва қизиқишларини уйма-уй юриш орқали ўрганиш ишлари олиб борилади. Шунингдек, мазкур комиссия сектор раҳбарлари, маҳалла раислари ва уларнинг оила, хотин-қизлар ва ижтимоий-маънавий масалалар бўйича ўринбосарларининг аёллар билан ишлаш борасидаги фаолиятини самарали ташкил қилиш, «Аёллар дафтари»ни шакллантириш ва унга киритилган хотин-қизлар билан манзилли ишлаш, ижтимоий аҳволи ва турмуш шароити оғир, ишсиз ҳамда зўравонликка учраган аёллар муаммоларини аниқлаш ва ҳал қилиш бўйича масъул идора ва раҳбарларнинг натижага йўналтирилган фаолиятини йўлга қўйиш ва мувофиқлаштириш, сектор раҳбарлари, ҳокимларнинг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчилари томонидан жойлардаги хотин-қизлар муаммоларини ҳал этиш бўйича “йўл хариталари”ни ишлаб чиқиб, амалга ошириш ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларида ҳар ойда ҳисобот беришни йўлга қўйиш, муҳтож хотин-қизларни санаториялар, даволаш-профилактика муассасаларида соғлигини тиклаш, ички туризм учун яратилган имкониятлардан кенг фойдаланган ҳолда саёҳат ва дам олишларини ташкиллаштириш ишларини амалга оширади.

Бундан ташқари, хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси қайта ташкил этилди ва унинг асосий вазифалари белгиланди.

Оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларга, шу жумладан, ногиронлиги бўлган шахслар, ногиронлиги бўлган фарзандларини тарбиялаётган, кам таъминланган, фарзандларини тўлиқсиз оилада тарбиялаётган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож хотин-қизларга уй-жойларнинг бошланғич бадалини тўлаб бериш ҳамда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, соғлиғини сақлаш, аёллар спортини ривожлантириш, меҳнат ва ўқиш шароитларини яхшилаш билан боғлиқ тадбирларни молиялаштиришга кўмаклашиш асосий вазифалар сирасига кирмоқда.

Бир сўз билан айтганда, хотин-қизларнинг жамиятдаги мавқеини ошириш, ҳаётдан рози қилиш ҳамда муносиб турмуш тарзини яратиш устувор вазифалардан бири ҳисобланади.

Ферузахон Мадалиева,

Халқ депутатлари Фарғона вилояти Кенгаши депутати,

Фарғона шаҳридаги 5-оилавий поликлиника бош шифокори.

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    525
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+