Қоракўлда ёшлар бандлиги таъминланаяптими?

19.03.2021, 18:36

Қоракўлда ёшлар бандлиги таъминланаяптими?

Қоракўл МФЙ, Дўрмон қишлоғида иссиқхоналар ташкил қилиш, шу орқали “Ёшлар дафтари”, “Аёллар дафтари” ва “Темир дафтари”даги аҳоли қатламининг бандлигини таъминлашга катта эътибор қаратилмоқда.  Айни пайтда мазкур маҳалла ҳудудида 100 га яқин иссиқхона ташкил қилинган. Бу билан 500 дан зиёд ёшлар доимий иш билан таъминланган.

O‘zLiDeP Бухоро вилоят Кенгаши Ёшлар билан ишлаш бўлими, партиянинг туман, Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгашлари ҳамда “Томорқа хизмати” МЧЖ ҳамкорлигида бўлиб ўтган тадбирда мазкур ҳудуддаги аҳолининг иссиқхоналардан самарали фойдаланиш ҳолати кўздан кечирилди.

Раим Зокиров уч сотих майдонда исссиқхона ташкил қилган. “Мана, кўриб турганларингиздек, лимон кўчатлари етиштираяпмиз. Бундан ташқари, булғор қалампири, помидор, бодринг ва тарвуз, қовун кўчатлари ҳам етиштираяпмиз. Ана шу ишимиз орқали тўрт кишининг бандлигини таъминладик. Худога шукр, рўзғорда кам-кўстимиз йўқ,” дейди тажрибали деҳқон биз билан суҳбатда.

Шу кеча-кундузда Раим Зокировнинг акаси Қаюм Зокиров ҳам иссиқхона ташкил қилиб, ундан мўл-кўл даромад олмоқда.

Акмал Ҳамдамов эса тўрт сотих майдонда иссиқхона ташкил қилган. Мазкур ерда помидор, бақлажон кўчатлари етиштирмоқда. Унинг таъкидлашича, иссиқхонадаги экинлардан топаётган даромади рўзғорини таъминлашга бемалол етаяпти. “Ҳамма гап ишни тўғри ташкил қилишда, меҳнатдан қочмасликда,” дейди у хурсандчилигини яширолмай.

Айни пайтда бундай иссиқхоналар “Томорқа хизмати” МЧЖ томонидан субсидия асосида ҳам қуриб берилмоқда. “Аёллар дафтари”га киритилган Саодат Бақиевага сингари кўпчиликка субсидия асосида иссиқхона қурилаяпти.  Тадбир ташкилотчилари ана шу қурилиш ишларини ҳам кўздан кечиришди.

Шундан сўнг уларнинг навбатдаги манзили “Жонибек Абдусалом ўғли” фермер хўжалиги экин ерлари бўлди. Бу ерда иккиламчи шартнома асосида 6 нафар ёшларга ер майдонлари топширилди. Бу ерларда асосан полиз экинлари каби бир йиллик экин маҳсулотлари етиштирилиши кўзда тутилган. Бунда фермер хўжаликлари томонидан зарур агротехник тадбирлар амалга оширилиб, ёшларга ер майдонлари тайёр ҳолатда топширилаётганини алоҳида таъкидлаш жоиз. 

O‘zLiDeP Бухоро вилоят Кенгаши

матбуот хизмати

  • Кўрилди
    693
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+