«Аёллар дафтари»га кирган фуқаро учта иш ўрни яратиб, ҳомийлик қилишни ҳам бошлади

23.03.2021, 14:56

«Аёллар дафтари»га кирган фуқаро учта иш ўрни яратиб, ҳомийлик қилишни ҳам бошлади

Бухоро вилояти Ғиждувон туманида 3 минг 278 нафар хотин-қиз «Аёллар дафтари»га киритилган.

Айни кунга қадар туман Халқ банки томонидан тадбиркорлик қилиш истагини билдирган 99 нафар аёлга жами 253 миллион сўм кредит ажратилди. Шунингдек, 76 нафар «Ёшлар дафтари»га киритилганларга 235 миллион сўм ва «Темир дафтар»ига киритилганларга 500 миллион сўм кредитлар йўналтирилган.

Нигора Собирова асли тошкентлик. У неча йиллар олдин Ғиждувонга келин бўлиб тушган. Айни пайтда 3 нафар фарзанднинг онаси. Қўлида чеварлик ҳунари бор Нигоранинг турмуш шароити маҳалла фаоллари томонидан ўрганилди. Натижада «Аёллар дафтари»га киритилди.

– Туман Халқ банки томонидан 11 миллион 150 минг сўмга 3 та тикув машинасини имтиёзли кредитга олдим, – дейди Зарангари МФЙ Калон қишлоғида яшовчи Нигора Собирова. – Ҳовлида кичкина цех очдим. Ҳозирда 3 та иш ўрни яратган ҳолда миллий қўғирчоқ тикишни йўлга қўйдим. Ғиждувон бозоридаги сотувчилар ўзбек миллий қўғирчоқларимнинг харидори.

– Ўзим тикувчиман, – дейди Калон қишлоғида яшовчи Дилдора Исломова. – Маҳалладошим Нигорахон кичкина цех очиб ишга таклиф қилди. Келиб ҳунаримни кўрсатиб ишларига ёрдамлашиб турибман. 600-700 минг сўм ойлик маош ҳам тўлаб турибди. Бўш вақтларимда уйимда тикувчилигимни давом эттириб оиламга ёрдам бериб келяпман. Бундан хурсандман.

Нигора Собированинг ўғли Бухоро шаҳридаги 24-кўзи ожиз мактабда таҳсил олади. Наврўз байрами муносабати билан ўғлининг 15 нафар синфдошига ҳомийлик асосида кўйлак ва яктак тикиб берди.

– Маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида 88 нафар хотин-қиз «Аёллар дафтари»га киритилган, – дейди Зарангари МФЙ раисининг ўринбосари, Ўзбекистон Либерал-Демократик партиянинг бошланғич партия ташкилоти раиси Гуландон Зокирова. – 10 нафар аёлга Халқ банкидан имтиёзли кредит олиб берилди. Натижада оиласи тикланди. Шундан 6 нафарига 1 сотихли субсидия асосида иссиқхона қуриб берилди. 4 нафарига тикув машинаси етказилди. 6 нафари томорқа ишлари билан ўз-ўзини банд қилди. Айни кунда чорвачилик, паррандачиликни йўлга қщйиш учун 10 нафар хотин-қизга кредит олиб бериш режалаштирилмоқда.

  • Кўрилди
    1207
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+