Музработлик томорқачи ишсиз ёшларга мастер-класс ташкил қилди

23.03.2021, 17:19

Музработлик томорқачи ишсиз ёшларга мастер-класс ташкил қилди

Ҳудудларга чиққанимизда биринчи кўз ташлайдиганим бу томорқалар бўлади. Кимники бўш ётибдию, ким гуллатиб-яшнатиб қўйибди экан, деб қизиқсиниб кузатишни бошлайман. Хайриятки, бугун 2-3 йил олдингидан кўра, аҳвол анча яхшиланган.

Илгари қуриб-қақшаб, янтоғу бегона ўт босиб ётадиган томорқаларга бугун жўя тортилган, турли полиз экинлари экилганини кўриш мумкин. Бу эса одамларда томорқа маданиятининг шаклланганига ишорадир.

Музработлик Ҳусниддин Йўлдошев анча вақт ишсизликдан азият чекиб юрганди. Аммо, “Ҳар бир оила — тадбиркор” давлат дастури ҳақида эшитдию сўраб-суриштириб, ҳужжатларини тахт қилиб, маҳаллага, ундан банкка мурожаат қилди. Кредит олишку осон эмас, лекин Ҳусниддинга яхшиларнинг кўмаги қўл келди. 2019 йилда унга АТ “Микрокредит банк” Музработ филиалидан 13 миллион 600 минг сўм миқдорда имтиёзли кредит ажратилди. Ҳусниддин дарров ишга киришди, ҳовлисининг 2 сотих ерига иссиқхона қурдирди.

Сўнг, иссиқхонада бодринг ва помидор етиштириш техникасини обдон ўрганди, суриштирди, ўзича ҳисоб-китоб қилиб чиқди-да биринчи экинга бодринг уруғини қадади. Фарзандлари билан бирга тер тўкиб меҳнат қилишгани зое кетмади. Биринчи ҳосилдан 35 миллион сўм даромад олди. Унинг пулидан кредит қарзини ҳам тўлаб, биратўла қутулди. Изидан помидор экиб, ундан ҳам яхшигина даромад кўрди.

O'zLiDeP Сурхондарё вилоят Кенгаши вакиллари Ҳусниддин Йўлдошевни йўқлаб боришганда уни иссиқхонасида учратишди. Ҳозир у ерда бодринг парваришланаяпти. Партия вакиллари Ҳусниддиннинг тажрибасини бошқаларга ҳам кўрсатиш, ўргатиш мақсадида “Олмазор” маҳалласидаги фуқаролар учун мастер-класс ташкил қилди. Унда йиғилганларга Ҳ.Йўлдошев ўз тажрибаси билан ўртоқлашди.

Тадбир сўнгида O'zLiDeP Сурхондарё вилоят Кенгаши раиси Алишер Рўзиев Ҳусниддин Йўлдошевга партия аъзолик гувоҳномасини топширди.

O'zLiDeP Сурхондарё вилоят Кенгаши

матбуот хизмати

  • Кўрилди
    496
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+