Депутатлар қурилиш соҳасидаги муаммоларни бартараф этиш борасида назорат ўрнатди

23.03.2021, 17:54

Депутатлар қурилиш соҳасидаги муаммоларни бартараф этиш борасида назорат ўрнатди

Юртимизнинг шаҳар ва қишлоқларида қурилаётган замонавий, кўп қаватли уй-жойларни кўриб кўзинг қувнайди.  Олиб борилаётган бу қурилиш ва бунёдкорлик ишлари юртимиз кўркига кўрк қўшиши билан бирга халқимизга қулайлик яратиб, аҳолининг уй-жойлар билан таъминланиш даражасини оширмоқда.

Янги қурилаётган биноларга маҳлиё бўлиб, унинг сифати қай даражадалигига, пойдевори мустаҳкамлигига базан аҳамият бермаймиз. Турли тадбиркорлар томонидан қисқа мудатда қуриб битказилаётган бинолар  архетектура ва қурилиш талабларига жавоб берадими, қурилиш ишларига малакали мутахассислар жалб қилинганми? Ушбу саволларга жавоб топиш мақсадида O’zLiDeP Хоразм вилоят ҳамда Хонқа туман Кенгаши вакиллари ва депутатлар, соҳага оид мутасадди ташкилотлар вакиллари иштирокида Хонқа туманида давра суҳбати ташкил этилди.

Туман кадастр бўлими вакили Қувондиқ Шарипов кўп қаватли уй-жой қуришда қандай талаб ва меъёрларга амал қилиш лозимлиги тўғрисида маълумотлар берди. Қурилиш қилишга мўлжалланган ернинг тупроқ таркиби текширилиб, талабга жавоб берсагина бу тўғрисида хулоса берилишини билдирди.

Мулоқотлар давомида “Юксак бунёдкор” МЧЖ қурилиш корхонаси раҳбари Ҳикмат Жуманиёзов қурилиш билан шуғилланаётган тадбиркорларнинг соҳага оид етарли билимга эга эмаслиги, қурилиш жараёнига малакали мутахассислар жалб қилинмаслиги ва шошиб бинони тезда битказиш пайида бўлиш оқибатида юзага келиши мумкин бўлган ноҳуш ҳолатлар хусусида ўз фикр ва мулоҳазаларини билдирди.

Мазкур ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида кенг жамоатчилик вакиллар ва маҳаллий кенгаш депутатлари томонидан жамоатчилик ва депутатлик назоратини  кучайтириш лозим. Депутатлар томонидан қурилиш соҳасида доимий равишда жамоатчилик назоратини йўлга қўйишга келишиб олинди.

Шундан сўнг мулоқот иштирокчилари “Мадир” қишлоғида “Янги аср орзуси” МЧЖ томонидан қурилаётган кўп қаватли уйлардаги қурилиш жараёни билан танишдилар.  Бу ерда қад рослаётган 7 та уй 210 хонадонга мўлжалланган. Партия вакиллари қурувчилар билан ўтказилган суҳбатларда ишлатилаётган қурилиш материаллари сифати талабларга жавоб беришига, ишчиларнинг ҳавфсизлиги таъминланишига аҳамият қаратиш лозимлигини билдиришди. 

Бугун ҳар бир депутат ўз ҳудудидаги қурилиш объектларида депутатлик назоратини йўлга қўйса, аниқланган камчиликлар тегишли мутадассилар кўмагида бартараф этиб борилса, қурилаётган биноларнинг янада сифатли, узоқ муддат хизмат қилишига замин яратилади.

O’zLiDeP Хоразм вилоят кенгаши

матбуот хизмати

  • Кўрилди
    443
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+