“Темир дафтар”га киритилган улуғнорлик 80 нафар фуқарога субсидия маблағлари ҳисобидан 40 та иссиқхона қурилди

24.03.2021, 17:32

“Темир дафтар”га киритилган улуғнорлик 80 нафар фуқарога субсидия маблағлари ҳисобидан 40 та иссиқхона қурилди

Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида Улуғнор  туманида ишсиз, кам таъминланган оилалар, четга ишлаш учун кета олмаган ва қайтиб келган фуқароларнинг бандлигини таъминлаш бўйича тизимли ишлар олиб борилди. Хусусан, махалла ва хонадонларда ўрганиш тартибидаги ишлаш механизми жорий қилиниб, аҳоли бандлигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар изчил амалга оширилди. Натижада Меҳнат вазирлиги томонидан маблағ ажратилиб, бунинг натижасида 404 нафар ишсиз фуқароларнинг бандлиги таъминланди. “Темир дафтар”га киритилган 80 нафар фуқарога шахсий ва дала томорқасига субсидия маблағлари ҳисобидан енгил конструкцияли 40 та иссиқхона қурилди.

Мазкур маълумотлар O’zLiDeP Улуғнор туман Кенгаши томонидан ташкил этилган депутатлик йиғилишида баён этилди. Халқ ноиблари Бандликка кўмаклашиш маркази туман бўлими томонидан жорий йилнинг айни кунига қадар амалга оширилган ишлари юзасидан хисоботини тингладилар.

-Ишсиз фуқароларни моддий қўллаб-қувватлаш ҳамда ишсизликдан ҳимоя қилиш мақсадидаги ўрганишларимиз асосида туманда жами 325 нафар фуқаролар рўйхати шакллантирилди, - дейди мутасадди О.Авазбекова. –Уларга белгиланган тартибда ишсизлик  нафақаси тайинлаш ва тўлаб бериш режалаштирилди. Бундан ташқари ҳозирда тумандаги ишсиз аҳолини талаб юқори бўлган касбларга ўқитилиб ишга жойлаштириш мақсадида ташкил этилган “Оқтом” маҳалласидаги Улуғнор Қурилиш касб-ҳунар коллежидаги ўқув марказида 371 нафар фуқаро 15 турдаги касб ва ҳунарларга ўқитилмоқда. Шу ўринда айтиш жоизки, туманда 2021 йилда янги иш ўринларини ташкил этиш бўйича давлат буюртмасига мувофиқ 2 минг 204 та янги иш ўрни ташкил этиш режалаштирилган. Мазкур режага мувофиқ амалий ишлар бошланган.

Йиғилиш якунида ҳар бир депутат ўз сайлов округи ҳудудидаги ишсизлик юзасидан муаммоларни ўрганиш, мавжуд муаммолар ечими юзасидан тегишли ташкилотларга депутат сўровлари юбориш, аҳоли ўртасида бандлик йўналишида олиб борилаётган ислоҳотларни сайловчилар ўртасида тарғиб қилиш масалалари юзасидан мутасадди ташкилот билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш бўйича дастурий режа ишлаб чиқдилар.

                        Гавҳарой Абдувоситова,

O’zLiDeP Улуғнор туман Кенгаши

ижрочи котиби

  • Кўрилди
    263
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+