Бандлик билан таъминланган ёшлар ўзларига тақдим қилинган иш ўрнидан розими?

25.03.2021, 16:57

Бандлик билан таъминланган ёшлар ўзларига тақдим қилинган иш ўрнидан розими?

Жорий йил март ойининг ўзида Халқ депутатлари Навбаҳор тумани Кенгаши депутати М.Андаева “Депутат маҳаллада – муаммолар ечими сари” лойиҳаси доирасида “Ёшлар дафтари”га киритилган 20 нафар ёшларни Навбаҳор туманидаги “Кўҳрон” маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган “IMAХA KASABA GRANТ ART” МЧЖга ишга жойлаштирди.

Хўш, бандлик билан таъминланган навбаҳорлик ёшлар ўз иш ўринларидан розими?

O'zLiDeP Навоий вилояти ҳудудий партия ташкилотининг Ёшлар билан ишлаш бўлими “IMAХA KASABA GRANТ ART” МЧЖга бориб, депутат томонидан ишга қўйилган ёшлар фаолиятини ўрганди.

Ўз округига қарашли депутатига ишсизлик муаммоси билан мурожаат қилган ёшлар асосан хотин-қизлар эканлигини ҳисобга олган депутат масалани тезлик билан ҳал этган эди. Айни пайтда эса улар корхонада чинни идишлар тайёрлаш, уларга ишлов бериш ва зийнатлаш ишлари билан банд.

-Бу корхонада ишлаш менга ҳам, оила аъзоларимга ҳам жуда маъқул келди. Ҳам уйимга яқин, ҳам иши оғир эмас. Пахта гулли чинни идишлар ишлаб чиқармоқдамиз, - дейди мазкур МЧЖ ишчисиси Муниса Раҳматова.

Ўз ўрнида партия ходимлари қизларнинг маошлари билан ҳам қизиқишди.

- Корхонамизда фаолият олиб бораётган 55 нафар ишчиларнинг  ишига қараб 700 мингдан 1 миллионгача ойлик белгиланган. Тушлик эса ойликдан ташқари, ишхона ҳисобидан берилади. Қизлар йўлкира қиламан демайди. Иш ҳақлари ҳеч қандай сарф-харажатларсиз ўзларига қолади, - дейди МЧЖ раҳбари И. Турдиев.

Ўз ўрнини топган ёшлар бир жамоа бўлиб аҳилликда ишларини бошлашган. Муаммолар ҳал этилаётган жойда сайловчилари мурожаатларини назардан қочирмаган депутатнинг ҳурмати ҳам баланд бўлиши шубҳасиздир.

O'zLiDeP Навоий вилояти кенгаши

матбуот хизмати

  • Кўрилди
    854
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+