O‘zLiDeP “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари ижросини таъминлашга жиддий киришди

25.03.2021, 18:30

O‘zLiDeP “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари ижросини таъминлашга жиддий киришди

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси томонидан партия ҳудудий кенгашлари раҳбарлари, депутатлик гуруҳи аъзолари, партия фаоллари иштирокида видеоконференцияалоқа шаклидаги навбатдаги йиғилиши ўтказилди. Унда Президентимиз раислигида 24 март куни “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида жорий йилда амалга ошириладиган ишлар муҳокамаси юзасидан бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишидан келиб чиқадиган партия олдидаги устувор вазифаларга қаратилди.

Маълумки, давлатимиз раҳбарининг 2018 йилдаги фармонлари билан “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари қабул қилинган эди. Ушбу дастурлар доирасида 5 миллионга яқин юртдошимиз яшайдиган 1 минг 200 та маҳалла ва қишлоқдаги шароитлар яхшиланди.

Бугунги кунда юртимизда шароити оғир бўлган 796 та қишлоқ ва шаҳарларда 188 та маҳалла мавжуд. 4 мингдан зиёд маҳалланинг электр таъминоти қониқарсиз аҳволда. Қишлоқларга инфратузилма борсагина, ҳаёт сифати ўзгаради, тадбиркорлик ривожланади. Шу сабабли, бу йил “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари янги ёндашувлар асосида шакллантирилди. Аҳоли талабларидан келиб чиқиб, 206 та туман ва шаҳар ҳокимлари, йўл, электр таъминоти, коммунал хизмат ва тадбиркорликка масъул раҳбарлар билан бирма-бир гаплашилиб, 8 мингта маҳаллада бажарилиши лозим бўлган ишлар белгилаб олинди. Бунда, ободончилик билан бир қаторда иш ўринлари ташкил этиш, аҳолини камбағалликдан чиқариш масалалари ҳам кўзда тутилган. Мазкур дастурларни амалга оширилишида жами 21 триллион сўм йўналтирилмоқда.

Партия йиғилишида ушбу белгилаб берилган дастурларни жойларда тўлиқ ижросини таъминлашда партиянинг барча маҳаллий кенгашлардаги депутатлик гуруҳлари қатъий депутатлик назоратини ўрнатиш лозимлиги таъкидлаб ўтилди.

Эндиликда бундан буён “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларига қайси маҳалла ёки қишлоқ киришини маҳаллий кенгашлар белгилаб беради. Туман ва шаҳар ҳокимининг иқтисод, қурилиш ва маҳалла масалалари бўйича ўринбосарлари зарур маблағлар ва амалга ошириладиган ишларни аниқ ҳисоб-китоб қилиб, маҳалла раиси билан бирга, ҳудудий кенгашларда ҳимоя қилади.

Маҳаллий кенгашлар ҳар бир маҳалла кесимида ижтимоий соҳа, ичимлик суви, йўл-транспорт ва инфратузилма объектлари манзилли дастурини тасдиқлайди. Қурилиш вазирлиги ҳокимликлар билан бирга уларнинг лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқишга масъул бўлади.

Давлатимиз раҳбари сиёсий партиялар раҳбарлари ва жойлардаги маҳаллий кенгашлар раҳбарлари ҳам бу борадаги ишларни сайловчиларига етказиш кераклигини таъкидлади. Шундан келиб чиққан ҳолда маҳаллий кенгашларда энг кўп ўринга эга бўлган Ўзбекистон Либерал-демократик партияси депутатларининг юқоридаги жараёнларда фаол иштироки таъминланади.

Бундан ташқари партия қатор масъул раҳбарлар, маҳалла тизими фаоллари билан ҳамкорликда маҳаллабай ишлаш тизимини йўлга қўйиб, ҳар бир хонадон вакиллари билан юзма-юз мулоқотга киришишни бошлаб юборди. Айниқса, “темир дафтар”, “аёллар” ва “ёшлар” дафтарларига киритилган фуқароларнинг муаммоларни ўрганиш, хотин-қизлар ва ёшларни тадбиркорликка жалб қилиш, партия электорати бўлган тадбиркорлар кўмагида турли касб-ҳунарларга ўқитиш, шу орқали уларнинг бандлигини таъминлаш масаласига ҳам жиддий эътибор қаратади.

Партия бу борада энг чекка ҳудудларгача амалга ошириб келаётган “Бир депутат - тўрт юз фуқарога мададкор” лойиҳасини янада оммалаштирмоқчи. Бунда Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига O‘zLiDePдан сайланган депутатларни аҳолига янада яқинлаштириш, шу орқали ёрдамга муҳтож юртдошларимизга кўмак кўрсатиш, уларни доимий даромадга эга бўлиши учун зарур саъй-ҳаракатларни амалга ошириш кўзда тутилган.

Партиянинг видеоконференцияалоқа шаклида бўлиб ўтган йиғилишида муҳокама қилинган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

  • Кўрилди
    1083
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+