Шаҳар ва қишлоқларда бирдек замонавий шароитлар яратилади

27.03.2021, 12:49

Шаҳар ва қишлоқларда бирдек замонавий шароитлар яратилади

Ҳар биримиз қўни-қўшничилик анъаналари давом этаётган, одамлари орасида самимийлик, бир-бирига елкадошлик фазилатлари йўқолмаган маҳалла аталмиш муқаддас масканда туғилиб ўсдик. Бизни жамият билан уйғун яшашга ўргатган ана шу табаррук гўшани ўзимизга Ватан ичра кичик Ватан, деб билдик.

Бугун ҳам ёш авлодни тарбиялаш, баркамол инсон қилиб вояга етказишда қишлоқлар, маҳалларнинг алоҳида ўрни бор. Сўнгги тўрт-беш йилда юртимизда маҳалла тизими нафақат шаклан, балки ижтимоий-иқтисодий ҳаётда эгаллаган ўрни жиҳатидан ҳам улкан ўзгаришларга юз тутди. Қишлоқ ва маҳалларни обод қилиш, халқнинг турмуш даражасини ошириш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди.

Давлатимиз раҳбари вазифасига киришган илк палладаноқ бу долзарб масалани алоҳида эътиборга олиб, халқимиз ҳаётини яхшилаш, ҳудудларни обод қилиш, одамларга муносиб турмуш шароити яратишга киришди. Мамлакатимиз раҳбарининг 2018 йилдаги тегишли фармонлари билан қабул қилинган “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида 5 миллионга яқин юртдошимиз яшайдиган 1 минг 200 та маҳалла ва қишлоқдаги шароитлар яхшиланди.

Бироқ ўтган йилги мураккаб пандемия шароити бу борада бошланган ишларни вақтинча тўхтатиб қўйди. Шу сабаб, бугунги кунда юртимизда шароити оғир бўлган 796 та қишлоқ ва шаҳарлардаги 188 та маҳалла, электр таъминоти қониқарсиз аҳволда бўлган 4 мингдан зиёд маҳаллани обод қилиш, аҳолисини қийнаётган барча муаммоларни ҳал этиш вазифаси олдимизда турибди.

Жорий йил 24 март куни Президентимиз раислигида “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида жорий йилда амалга ошириладиган ишлар муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида бу борадаги амалий ишлар муҳокама қилиниб, бажарилиши лозим бўлган муҳим вазифалар белгиланди.

Хусусан, қишлоқ жойларида зарур шарт-шароитлар яратиб бериш, аҳолининг турмуш даражаси ва яшаш шароитини яхшилаш, йўллар, ижтимоий объектлар, мактаб, боғча, поликлиникаларни таъмирлаш ва бошқа шу каби масалалар учун ташқи қарз жалб этмасдан, жами 21 триллион сўм йўналтирилиши халқимизнинг узоқ кутилган орзу-умидларини рўёбга чиқариш, янгиланишлар остонасига қадам қўйишига замин яратди, десак муболаға эмас.

Бинобарин, бу мақсадлар учун Ўзбекистон тарихида бунча катта миқдордаги маблағ ажратилмаган. Демак, энди бу маблағларни лойиҳа билан, ҳалол-пок ишлатиб, одамларга муносиб шароит яратиш, айниқса, қишлоқ аҳолисининг энг катта муаммоларидан бўлган ичимлик сув, йўл, электр энергияси билан боғлиқ бирламчи ҳаётий масалалари ҳал қилиб бериш лозим бўлади.

Қишлоқларга инфратузилма борсагина, ҳаёт сифати ўзгаради, тадбиркорлик ривожланади. Шу жиҳатдан жорий йил “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари янги ёндашувлар асосида шакллантирилди. Аҳоли талабларидан келиб чиқиб, 206 та туман ва шаҳар ҳокимлари, йўл, электр таъминоти, коммунал хизмат ва тадбиркорликка масъул раҳбарлар билан бирма-бир гаплашилиб, 8 мингта маҳаллада бажарилиши лозим бўлган ишлар белгилаб олинди. Бунда, ободончилик билан бир қаторда иш ўринлари ташкил этиш, аҳолини камбағалликдан чиқариш масалалари ҳам кўзда тутилган.

Йиғилишда бундан буён “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларига қайси маҳалла ёки қишлоқ киришини маҳаллий кенгашлар белгилаши, туман ва шаҳар ҳокимининг иқтисод, қурилиш ва маҳалла масалалари бўйича ўринбосарлари зарур маблағлар ва амалга ошириладиган ишларни аниқ ҳисоб-китоб қилиб, маҳалла раиси билан бирга, ҳудудий кенгашларда ҳимоя қилиши айтилдики, бу инсон манфаатларини таъминлашга қаратилган мутлақо тўғри ва ниҳоятда оқилона қарордир.

Боиси, улар доим халқнинг ичида юради, энг қуйи тизимдаги аҳволни яхши билади, одамларни нима қийнаётгани, қайси кўчанинг йўли таъмирга муҳтож, қайси маҳаллада боғча йўқ, электр энергияси, газ таъминоти қониқарли аҳволда эмаслигидан хабардор. Шу жиҳатдан, маҳаллий кенгашлар ҳар бир маҳалла кесимида ижтимоий соҳа, ичимлик сув, йўл-транспорт ва инфратузилма объектлари манзилли дастурини тасдиқлаши кўплаб муаммолар ечимига хизмат қилади.

Йиғилишда Вазирлар Маҳкамаси ва вилоят ҳокимликларига ўн кун муддатда дастурга киритилган барча қишлоқ ва маҳаллаларда қурилиш ишларини бошлаш вазифаси қўйилдики, бу қишлоқ жойларида яшовчи минг-минглаб фуқароларимизнинг кўнглини тоғдай кўтарди, уларни мамнун этди. Ижтимоий-иқтисодий аҳволи оғир 325 та қишлоқ ва 71 та маҳаллани комплекс ривожлантириш учун уларда ичимлик сув ва электр тармоқлари, ички йўллар, ижтимоий объектлар қуриш ҳамда таъмирлаш учун 3 триллион 300 миллиард сўм ажратилиши кўплаб оилаларга бахт, қувонч, шодлик олиб кириши аниқ.

Шунингдек, 2 минг 721 та маҳалладаги 10 минг километрдан ортиқ ички йўлларни таъмирлашга 2 триллион сўм, 500 та маҳаллага 4 минг километрдан ортиқ ичимлик сув тармоғи тортиш учун 1 триллион сўм ажратилиши янги Ўзбекистонда одамларнинг орзу-умидларини рўёбга чиқариш учун барча чора-тадбирлар кўрилаётганидан далолатдир.

Электр таъминотини яхшилаш долзарб эканини ҳаётнинг ўзи кўрсатмоқда. Негаки, электр ва газ тармоқларидаги муаммолар узоқ йиллар давомида тўпланиб қолган, халқнинг энг кўп норозилигига сабаб бўлаётган эди.

Яширишнинг ҳожати йўқ, яқин-яқингача аксарият жойларда, олис қишлоқ ва маҳаллаларда электр таъминотида тинимсиз узилишлар кузатилар, бундай ҳолат ҳатто кундуз кунлари ҳам рўй берарди. Энди бундай муаммолар юзага келмайди. Охирги тўрт-беш йилда юртимизда узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш борасида катта қадамлар ташланди. Биргина

жорий йилда 5 минг 377 та маҳалладаги 15 минг километр электр узатиш тармоқлари ҳамда 4 мингдан ортиқ трансформаторни янгилаш белгиланаётгани, ушбу чора-тадбирларга қарийб 2 триллион 100 миллиард сўм йўналтирилиши айни муддаодир.

Яна бир муҳим жиҳат, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида қилиниши лозим бўлган ишлар фақат қишлоқ ва маҳаллаларни обод қилиш ёки таъмирталаб аҳволга келиб қолган биноларни замонавий қиёфага келтириш эмас. Дастурда асосий эътибор ҳудуддаги ишсизлик билан боғлиқ муаммоларга ечим топишга ҳам қаратилган.

Бу жараёнда биринчи навбатда, ижтимоий ҳимояга муҳтож, энг оғир шароитда яшаётган ногиронлиги бор шахслар, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилалар, ишсиз инсонларнинг муаммосини ҳал қилишга катта куч ташланади. Уларга тайёр уй бериш ёки уйини таъмирлаб бериш йўли билангина эмас, балки имконияти даражасида ишлаб ҳаётда ўз ўрнини топишлари учун шароитлар яратиш йўли билан ҳам кўмак берилади. Касб-ҳунарга ўқиши, кафолатланган иш билан банд бўлиши ва уйда тадбиркорликни йўлга қўйиши учун барча имкониятлар яратилади. Бу эса “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” дастурларини дунёда ўхшаши йўқ, ноёб ва янги тизим дейиш учун етарлича асосдир.

Тадбиркорлик ва бандлик дастурларини маҳаллага боғлаб, 500 минг нафар ёшлар ва 200 минг аёлларни иш билан таъминлаш, “темир дафтар”га киритилган 300 минг нафар аҳолини камбағалликдан чиқариш мақсад қилиб қўйилгани, биргина жорий йилнинг ўзида “Оилавий тадбиркорлик” дастурлари учун 9 триллион сўм ресурс йўналтирилиши, шунингдек, 1 триллион сўм маблағ эвазига 128 та маҳаллада кичик саноат зоналари ташкил этилиши қанчадан-қанча ишсиз ёшлар ва хотин-қизларни бандлигини таъминлашга хизмат қилади. Бу борада Бош вазир ўринбосарлари, Савдо-саноат палатаси раиси ва Бизнес-омбудсманга тадбиркорлар билан мунтазам учрашувлар ўтказиб, муаммоларини ҳал қилиб бориш юзасидан топшириқлар берилди.

Дастурларда ижтимоий соҳаларни ривожлантириш чора-тадбирлари ҳам белгиланган. Хусусан, “Обод қишлоқ” дастури доирасида 379 та мактаб, 171 та мактабгача таълим ва 161 та тиббиёт муассасасини, “Обод маҳалла” дастури доирасида 57 та мактаб, 37 та боғча ва 15 та тиббиёт масканини қуриш-таъмирлаш ишлари олиб борилади. Соғлиқни сақлаш вазирлигига “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларига кирган аҳоли пунктларининг “тиббий харитаси”ни шакллантириш вазифаси қўйилди. Сектор раҳбарлари ўз ҳудудида бажарилаётган ишлар бўйича маҳаллий кенгашларда ҳамда оммавий ахборот воситалари орқали аҳолига ҳисобот бериши зарурлиги айтилди.

Йиғилишда давлат маблағларини талон-торож қилиш ҳамон оғриқли масала бўлиб қолаётгани бежиз таъкидланмади. Ҳақиқатдан ҳам, кейинги пайтда ОАВ орқали давлат маблағлари ўзлаштирилгани ҳақидаги хабарларга кўп дуч келяпмиз. Бу борада зарур чоралар кўрилаётган бўлсада, халқнинг пулини ўзлаштириш ҳолатлари камаймаяпти. Шунинг учун энди бу масалада қатъий тартиб ўрнатиш даркор.

Президентимиз Бош прокурор ўринбосарига ҳар ҳафтада биттадан вилоятдаги ишлар аҳволини ўрганиб, натижаси бўйича ахборот киритиш юзасидан топшириқ бердики, бу ЎзЛиДеП ва унинг парламентдаги фракцияси олдидаги масъулиятни янада оширади. Бундан буён улар мамлакатимиз ҳудудларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш мақсадида давлат томонидан йўналтирилаётган катта ҳажмда маблағларнинг тўғри ва унумли ишлатилиши устидан парламент ва депутатлик назоратини ўрнатади.

Бугун янги Ўзбекистонда ислоҳотлар шиддат билан амалга оширилаётгани учун ҳаётимизда ҳар куни қандайдир бир муҳим ўзгариш, янгилик бўлаяпти. Йиғилишда белгиланган вазифалардан сўнг бундай ўзгаришлар энди жадаллашишига қатъий ишонч ҳосил қилдик. Президентимиз ташаббуси билан бошланган ғоят эзгу ташаббус — “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлардан кўзланган пировард мақсад — шаҳар ва қишлоқларда бирдек замонавий шарт-шароит яратиш, одамларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашига эришишдир.

Актам ҲАИТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Спикери ўринбосари,

O'zLiDeP фракцияси раҳбари

  • Кўрилди
    658
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+