Суғоришнинг интенсив технологияси самарали натижа бермоқда

27.03.2021, 13:40

Суғоришнинг интенсив технологияси самарали натижа бермоқда

O'zLiDeP Самарқанд вилоят ва Тойлоқ туман Кенгаши фаоллари  туманидаги  “Дилшоджон-Дилмуроджон ишонч” фермер хўжалиги фаолияти билан танишди.

Бугунги кунда Суғоришнинг интенсив технологияси самарали натижа бермоқда ва бу технология фермерларга қўл келмоқда.

Томчилатиб суғоришнинг афзаллиги, энг аввало, сув ресурсларини тежашда намоён бўлади. Энг муҳими, томчилатиб суғоришда сув ўсимликка шланглар воситасида етказиб берилганлиги учун дала тупроғи қотмайди, натижада қатор ораларига ишлов беришга эҳтиёж туғилмайди. Тупроғи қотмаган майдон эса мавсум охирида сифатли ва осон ҳайдалади. Ўғит сув билан бирга берилганлиги боис, ўғитлаш учун техника ишлатишнинг зарурияти йўқолади. Натижада меҳнат ва ёнилғи-мойлаш материаллари тежалади. Далада сувчиларнинг қўл меҳнати кескин камаяди, - дейди  фермер хўжалиги раҳбари Дилшод Ражабов.    

“Дилшоджон-Дилмуроджон ишонч” кўп тармоқли фермер хўжалигида 20 гектар ер майдони бўлиб, шундан, 3 гектари терак майдони, 1,5 гектар тутзор, 1 гектар иссиқхона, 14 гектар интенсив боғдан иборат. Фермер даласида 14 нафар доимий ишчи меҳнат қилади. Улар айни дамда иссиқхонада бодринг кўчатларини экиш билан банд.

-Иссиқхонада бир йилда икки марта экин экиб, фойда кўриш мумкин, -дейди фермер. - Масалан, август ойида булғор қалампири экиб, айни қиш чилласида ҳосил олинади. Ундан бўшаган ерга февраль-март ойларида бодринг экилади. Бодринг экишда вақт муҳим роль ўйнайди. Бодрингни қиш ойларида экмоқчи бўлсак, аввало уруғни махсус идишчаларга экиб, кўчат қилиб кўкартириб оламиз ва иссиқхона ичида тайёрланган ерга кўчириб экамиз. Баҳор ойларида эса уруғнинг ўзини ерга қадаса ҳам бўлади.

Миришкор фермер Дилшод Ражабов 14 гектар ер майдонида интенсив боғ барпо этган. Ҳар гектарига 3100 донадан Туркия давлатидан келтирилган “Голден делишес” “Скарлет” каби олма навларидан экиб, парваришламоқда. Аҳамиятли жиҳати шундаги, мазкур интенсив боғда томчилатиб суғориш технологияси жорий қилинган.

Дилшод Ражабов ўз ҳисобидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш учун сиғими 300 тонналик музлатгич ҳам барпо этди. Айни дамда мазкур музлатгичда олма мевалари сақланмоқда.

Фермернинг ютуқларидан бири шундаки, у ток парвариши учун зарур ҳисобланган шпалларни ҳам ўзи ишлаб чиқаради.

 Амалий учрашувда фермер Дилшод Ражабов партияга 13 нафар ишчилари билан аъзо бўлиш истагини билдирди.

Насиба Мўминова,

O'zLiDeP Самарқанд  вилоят Кенгаши

бўлим мудири

  • Кўрилди
    453
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+