Ҳам сайёр қабул, ҳам тиббий кўрик ўтказилди

29.03.2021, 18:45

Ҳам сайёр қабул, ҳам тиббий кўрик ўтказилди

“Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастури ижросини таъминлаш мақсадида ЎзЛиДеП Ёзёвон туман Кенгаши “Аёллар қаноти” ташаббуси билан туманнинг Қоратепа МФЙда “Соғлом оила – мустаҳкам оила” лойиҳаси доирасида сайёр қабул ва тиббий кўрик ўтказилди.

Депутатлар иштирокида ўтказилган сайёр қабулда фуқаролар М.Абдураҳмонова, Д.Азимова, Қ.Маматолипова, М.Қамчиевалар ўз соғлиқларини тиклашда ёрдам сўраб мурожаат қилдилар ва уларнинг мурожаатлари ижобий ҳал этилди. Шунингдек, аёллар имтиёзли кредит олиш, пазандачиликка ўқиш, тикувчилик цехи ташкиллаш, иссиқхона қуриш бўйича ҳам мурожаат қилдилар.

Мурожаатлар мутасаддилар иштирокида жойида ўрганилди. “Темир дафтар” рўйхатида бўлган Г.Нурматовага шу куни 21 миллион сўм кредит ажратилиб гулчиликни йўлга қўядиган бўлди. Яна икки нафар аёлларнинг ҳужжатлари ҳам банк учун ҳозирланди.

- Тадбир доирасида 58 нафар аёллар тиббий кўрикдан ўтказилди. 16 нафар аёлларда камқонлик ва гинекологик хасталиклар аниқланиб мутахассисларга йўлланмалар берилди. 9 нафар аёлларда эса сурункали касалликлар аниқланиб, даволаниш тартиби белгилаб берилди. 24 нафар онколог текширувидан ўтган аёлларнинг 14 нафарида саратоннинг илк босқичлари аниқланди. Аёлларга даволаниш ва хасталикка енгилмаслик борасида тавсиялар берилди, – дейди ЎзЛиДеП Аёллар бўлими мудири Шоҳиста Толипова.

Тадбир якунида бир гуруҳ аёлларга партиянинг байрам совғалари улашилди.

Ш.Тўхтаматов,

O'zLiDeP Фарғона вилоят Кенгаши

матбуот котиби

  • Кўрилди
    505
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+