Қуйи Чирчиқда томорқадан самарали фойдаланиш бўйича семинар ўтказилди

29.03.2021, 19:14

Қуйи Чирчиқда томорқадан самарали фойдаланиш бўйича семинар ўтказилди

Қуйи Чирчиқ туманида аҳоли томорқаларидан самарали фодаланиш, очиқ ва ёпиқ майдонларда маҳсулот етиштириш бўйича семинар ташкил этилди ва бу бўйича хонадонларда ўрганишлар олиб борилди. 

Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Актам Ҳаитов, O'zLiDeP Тошкент вилояти Кенгаши, Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, туман ҳокими ўринбосарлари, туман аҳолиси, ҳудуддаги маҳалла фуқаролар йиғинидаги томорқа бўйича ўринбосарлари, аграр соҳа мутахассислари иштирок этди.

Ушбу семинардан кўзланган асосий мақсад фуқароларнинг ўз томорқаларидан самарали фойдаланишини ташкил этиш, уларга амалий кўникма ва илмий асосланган билим бериш, фуқароларнинг ўз томорқасидан даромад олишга ўргатишдан иборатдир.

Айни пайтда мазкур тумандаги 2329.1 гектар ер майдонида 20 минг 500 та томорқа хўжалиги мавжуд бўлиб, шундан 544 тасида иссиқхона қуриб фойдаланилмоқда.

Ишчи гуруҳ вакиллари тумандаги “Сергели” МФЙдаги Марказий, Сайхун, Соҳил ва Замондош кўчаларида аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш ҳолатини ўрганди. Айни пайтда маҳаллада 2 минг 450 нафар аҳоли яшайди, 568 та хонадон, 16,1 гектар томорқа ер майдони мавжуд.

“Сергили” маҳалла фуқаролари йиғини Найман кўчаси, 11 уйда истиқомат қилувчи Баратова Кенжагул опа 6 сотихли томорқасидан самарали фойдаланиб, бир йилда 2-3 маротаба ҳосил олади.  Бугунги кунда сабзи маҳсулотини етиштириб келмоқда. Буни йиғиштириб олгач, баҳор ойининг ўрталарида ўрнига-ўрин помидор, фасол кўчатларини қадайди.

Шунингдек, “Шодлик” маҳалласида яшовчи Бобобеков Жалил ота ҳам ўтган йили кичик фарзандига 1 сотих ер майдонига иссиқхона қуриб берди.

- Сентябрь ойида биринчи ҳосилга саримсоқ пиёз, кўк пиёз ва кўкатлар экиб, декабрь, январь ойларида ҳосилни йиғиштириб олдик. Маҳсулотларимизни бозорларга сотиб, 5-6 млн даромад олдик, - дейди Бобобеков Жалил ота. - Сўнгра, иккинчи ҳосилга 400 туп булғор қалмпири экдик. Ҳозирда ҳосилга кириш арафасида, насиб этса май ойларига бориб ҳосилни йиғиштириб оламиз. Булардан ташқари очиқ ер майдонидаги 2 сотих ерга картошка, кўк пиёз, редиска экиб қўйганмиз.

Туман хонадонларида шахсий томорқлардан самарали фойдаланиш борасида бир қатор таҳсинга лойиқ ижобий ишлар амалга оширилган. Аммо айрим томорқа эгалари, “Мен сенга тегмайман, сен менга тегма” қабилида иш тутиб, олтинга тенг ер қадрини менсимай ҳаёт кечиришмоқда.

Дастурхонимиз тўкин-сочинлиги, хонадонимиз хайр-баракаси, тинчлиги ва хурсандчилиги бебаҳо хазина бўлмиш томорқага, унумли меҳнатга боғлиқлигини унутмаслигимиз лозим.

 O'zLiDeP Тошкент вилояти Кенгаши

матбуот хизмати

  • Кўрилди
    588
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+