Бувайдада тадбиркорларга бино ва ер ажратиш масаласи нега ечимини топмаяпти?

30.03.2021, 15:18

Бувайдада тадбиркорларга бино ва ер ажратиш масаласи нега ечимини топмаяпти?

Бугун мамлакатимизда маҳаллаларни қўллаб-қувватлаш, инфратузилмасини ривожлантириш учун дастурлар ишлаб чиқилиб, катта маблағ сарфланаяпти. Аммо дастурларни ижроси ва маблағларни сарфлаш борасида ҳали камчиликлар кўп. Шунинг учун ҳам 24 март куни “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида жорий йилда амалга ошириладиган ишлар муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида Президентимиз бундан буён “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларига қайси маҳалла ёки қишлоқ киришини маҳаллий кенгашлар белгилашини, туман ва шаҳар ҳокимининг иқтисод, қурилиш ва маҳалла масалалари бўйича ўринбосарлари зарур маблағлар ва амалга ошириладиган ишларни аниқ ҳисоб-китоб қилиб, маҳалла раиси билан бирга, ҳудудий кенгашларда ҳимоя қилиши белгиланишини айтиб ўтди.

Маҳаллий Кенгашлар зиммасига юкланган масъулиятли вазифаларни амалга оширишда депутатларнинг ўрни ва ролини ошириш юзасидан Бувайда туманида ўтказилган учрашувда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Мавлуда Ибрагимова қатнашиб, ҳар бир депутат ўз ваколатидан келиб чиқиб, сайловчилар олдидаги мажбуриятларини сидқидилдан бажариши лозимлиги ҳақида фикр юритди. Энг муҳими, ҳудудда тадбиркорликни ривожлантиришга катта эътибор қаратиш орқали бандликни таъминлаш имкониятини яратиш мумкинлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Халқ вакили туманда фаолият юритиб келаётган тадбиркорлар муаммосини ҳам ўрганди.

- Тумандаги “Бувайда” МФЙ да жойлашган Ёқубжон Деҳқонов раҳбарлигидаги «Муҳаммад  Мадина Барака» хусусий корхонаси фаолияти билан танишар эканман, бу ерда 30 нафар  тикувчи хотин-қиз иш билан банд этилгани мени қувонтирди, - дейди М. Ибрагимова. -  Корхонада асосан эркаклар кийим-кечаги ишлаб чиқарилмоқда. Ё. Деҳқоновнинг келгусидаги режасида тўқув станок олиш ва  унда ип-йигирув ишларини амалга ошириш, хамда яна 30 нафар ишсиз фуқароларни иш билан таъминлаш кўзда тутилган. Ана шу хайрли ишларни амалга оширишда тадбиркорга биз депутатларнинг кўмаги керак бўлди. 

Шунингдек, М. Ибрагимова “Тўда” МФЙда жойлашган «Ҳуснияхон моҳир қўллари» оилавий ишлаб чиқариш корхонасида ҳам бўлиб, тадбиркорлик субъекти фаолияти билан яқиндан танишди. У ерда эркаклар ва болалар спорт либослари тикилади, корхонада 50 нафар аёл иш билан банд этилган. Корхонани кенгайтириш учун бино ва ер майдонига эҳтиёж жуда катта. Бу масалалар ижобий ҳал этилса, яна бир нечта иш ўрни яратилиши мумкин.

Ёки Бувайда қишлоғи Қум маҳалласида  яшовчи Шуҳратжон Ҳайдаров хонадонида мавсумий эркаклар кийими тикилади ва 30 нафар аёл тикувчилик қилади. Бу ерда ҳам жой масаласи муаммо. Бувайда МФЙ, Қум махалласида яшовчи Ҳавасхон Мавлонова хонадонида эса 40 нафар хотин-қизлар иш билан таъминланган. Шунингдек, «Донтекс» хусусий корхонасида эркаклар ич кийимлари ишлаб чиқарилаётгани ҳам тақсинга сазавор. Аммо жой жуда тор ва ишлаб чиқаришни кенгайтириш учун туман мутасаддилари қўллаб-қувватласа, нур устига нур бўлар эди. Тадбиркорларнинг ушбу муаммоларини депутат ўз назоратига олди.

Кўриниб турибдики, Бувайда туманида тадбиркору ҳунармандлар сафи кенгайиб бораяпти. Бундан қувониш керак. Лекин тан олиш керак, тадбиркорлар муаммоларини ҳал этишда уларга кўмакдош бўлишда туман мутасаддилари, депутатлар янада фаоллик ва ташаббус кўрсатишса, мақсадга мувофиқ бўлар эди. Маҳаллаларда хотин-қизлар ва ёшлар бандлигини таъминлаш, аҳоли реал даромадларини ошириш ва ҳудуд инфратузулмасини ривожлантиришда бу саъй-ҳаракатларнинг аҳамияти жуда катта.

  • Кўрилди
    674
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+