Боғот туманидаги 4-сонли оилавий поликлиниканинг қурилиш-таъмирлаш ишлари қачон якунига етказилади?

31.03.2021, 14:51

Боғот туманидаги 4-сонли оилавий поликлиниканинг қурилиш-таъмирлаш ишлари қачон якунига етказилади?

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, O'zLiDeP фракцияси аъзоси Ботирбек Тўразода Хоразм вилоятининг Боғот туманида бўлиб, “Ўзбекистон” маҳалласида яшовчи фуқаролар билан юзма-юз мулоқот қилди, уларни ўйлантириб келаётган муаммоларни ўрганди.

Учрашув давомида маҳалладаги 4-сонли оилавий поликлиника ҳозирги кунда маҳалла фуқаролар йиғини биносида фаолият юритаётгани, бу ерда аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш учун зарур шароитлар йўқлиги аниқланди.

Маълум бўлишича, мазкур тиббиёт муассасасини таъмирлаш ишлари 2019 йилда бошланган. Лекин орадан икки йил вақт ўтаётган бўлсада, таъмирлаш ишлари якунига етказилмаган. Тиббий асбоб-ускуналар билан таъминланиш даражаси ҳам замон талабларига жавоб бермайди. Оддий ҳолатларда ҳам беморлар туман марказидаги тиббиёт масканларига қатнаб, муолажа олишга мажбур бўлмоқда.

– Президентимиз раҳнамолигида тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад – одамларни рози қилиш, саломатлигини янада мустаҳкамлаш, – дейди Б.Тўразода.– Бинобарин, бугунги кунда ҳар қайси халқ, давлат ва жамиятнинг ривожланиш омили инсон, унинг соғлиғи ва турмуш даражасига бераётган эътибори, шу йўлдаги саъй-ҳаракати билан ўлчаниши барчамизга яхши маълум.

Депутат бу масала юзасидан тегишли ташкилот раҳбарлари билан учрашиб, таъмирлаш ишларини тезроқ якунига етказиш бўйича зарур кўрсатмалар берди. Ички йўллар, электр кучланиши пастлиги ва бошқа бир қатор муаммоларга мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда ечим топди.

Мазкур учрашувлар доирасида халқ ноиби Б.Тўразода Боғот туманидаги “Обод маҳалла” дастурига киритилган “Ортиқ Отажонов” маҳалласида ҳам бўлди.

Суҳбат ва мулоқотлар чоғида фуқаролар электр токи пастлигидан азият чекаётганини айтиб, шу масалада депутатдан кўмак сўрашди. Бу масала Боғот тумани электр таъминоти корхонаси раҳбари бошчилигида ҳал этилиб, электр энергия таъминотини яхшилаш мақсадида маҳаллага янги трансформатор ўрнатилди.

Депутат туманда “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар” дафтари”га киритилган фуқаролар бандлигини таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳолатини ўрганар экан, маҳаллада 44 нафар “Ёшлар дафтари”га, 31 нафар “Аёллар дафтари”га киритилган ишсиз ёшлар ва аёлларга 0,1 гектар ер майдони ажратилганига гувоҳ бўлди. Ердан юқори ҳосил олиш учун уларга зарур шароитлар яратиш, яъни оқар сув, уруғ ва кўчатлар билан таъминлаш лозимлигини билдирди. Энг муҳими, “Темир дафтар”га киритилган ишсиз фуқаролардан З.Худоёрова, Ҳ.Хусаинова, Г.Қурбоноваларни “Оазис агрофирма” МЧЖга, С.Рўзибоев, Б.Авезов, Б.Рўзибоевларни “Саҳродаги олам” оилавий корхонасига ишга жойлаштиришга кўмаклашди.

Парламент қуйи палатаси депутати Б.Тўразода шу куни “Боғзор” маҳалласида ўзбошимчалик билан қурилган иморатларни аниқлаш бўйича ўрганишлар олиб борди.

Аниқланган масалаларни бартараф қилиш, бу борада аҳолига тушунтириш ишларини олиб бориш бўйича Боғот тумани ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари О.Қурёзовга тегишли тавсиялар берди.

Қумбодоқ маҳалласи вилоят марказидан анча олисда жойлашган чекка ҳудудлардан бири. Айни вақтда маҳалладаги 601 та хонадонда 3 минг 348 нафар аҳоли истиқомат қилади.

Ҳозирги кунда маҳаллада “Хоразм ҳудудий электр тармоқлари” АЖга қарашли Боғот тумани электр таъминоти корхонаси томонидан давлатимиз раҳбарининг “2017-2021 йилларда паст кучланишли электр тармоқларини янада модернизация қилиш ва янгилаш дастури тўғрисида”ги қарорига асосан 4,2 км юқори кучланишли ва 3,1 км паст кучланишли электр тармоқлари тортиш, янги темир-бетон таянчлари ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда.

Шунингдек, маҳаллада мавжуд учта трансформатор таъмирланиши режалаштирилган бўлиб, айни пайтда мавжуд трансформаторни юкламасини камайтириш учун 2 та 250 кВАлик трансформаторларни ўрнатиш ишлари бошлаб юборилди.

Халқ вакили маҳаллада олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишиб, бу ишларни сифатли бажариш лозимлигини таъкидлади. Сайловчилар томонидан ўртага ташланган масалалар ўз жойида ҳал этилиб, муддат талаб этиладиган мурожаатлар назоратга олинди.

“Ашхабод” маҳалласида бўлиб ўтган мулоқотлар давомида ҳудуддаги 114 нафар “Ёшлар дафтари”га, 63 нафар “Аёллар дафтари”га киритилган ишсиз ёшлар ва аёлларга ҳам 0,1 гектардан ер майдони ажратилгани маълум бўлди.

Шу куни маҳаллада “Темир дафтар”га киритилган ишсиз фуқаролардан С.Абдуллаевага асаларичилик, Д.Мавлоновага тикувчилик, И.Бекмуротовага эса МТМ фаолият тури билан шуғулланиши учун имтиёзли кредитлар олишда кўмаклашилди.

  • Кўрилди
    661
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+