Депутатлар ташаббуси билан шароити энг оғир маҳаллалар “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларига киритилди

02.04.2021, 18:56

Депутатлар ташаббуси билан шароити энг оғир маҳаллалар “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларига киритилди

Президентимиз раислигида жорий йилнинг 24 март куни “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида 2021 йилда амалга ошириладиган ишлар муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилишида ушбу дастурлар ижросини амалга оширишда 21 триллион сўм маблағ йўналтирилди. Ушбу дастурларни амалга оширишда партиялар ва ҳудудий кенгашлар депутатлари олдига энг оғир шароитли маҳаллаларни тўғри танлаш, ажратилган пул маблағларини жой-жойига сарфланиши юзасидан назорат олиб бориш вазифаси юкланди.

Хоразм вилояти Тупроққальа туманининг “Нукус” ва “Соримой” маҳаллалари  вилоят марказидан 190 км, туман марказидан 105 км узоқликда жойлашган, кўп миллатли чегара худудда жойлашган маҳаллалардан ҳисобланади. Ушбу маҳаллалар депутатлар таклифи билан бу йил “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурига киритилиб, ушбу дастурга    ажратилган давлат маблағи, қўшимча ҳомийлик маблағлари, тадбиркорларнинг янги лойиҳалари ва банк кредитлари эвазига 30 млрд. сўм сарфланиши режалаштирилган.

Олий Мажлис Қонунчилик палати депутати Нигора Қутлимуратова, Халқ депутатлари Тупроққалъа тумани Кенгаши депутатлари “Нукус” ва “Соримой” маҳаллаларида бўлиб, у ердаги ҳолат билан танишди. Партия вакиллари хонадонларда бўлиб, аҳоли билан яқиндан мулоқот қилдилар. Аҳолининг ўз томорқа ерларидан унумли фойдаланиши, уйлари олдига гуллар, кўчатлар экишлари, ободонлаштириш ишларини олиб боришлари, атроф-муҳитни тоза сақлашлари лозимлиги бўйича тушунтириш ишлари олиб борилди.

Маҳаллаларда янги трансформаторлар ўрнатилиб, электр симлари устунлари янгидан таъмирланди. Йўлларда асфальт қилиш ишлари олиб борилмоқда. Энг муҳими бу маҳаллаларда ичимлик суви қувурлари ётқизилиб, ҳар бир хонадонларга уланмоқда. Биргина ичимлик суви олиб келиш учун етти миллиард сўм маблағ сарфланди.

- Аҳоли  бандлигини таъминлаш мақсадида “темир дафтар”, “аёллар дафтари”, “ёшлар дафтари”да ҳисобда турган фуқоролар учун янги иш ўринлари яратиш, кичик корхоналар, аҳоли учун сервис хизматлари ташкил қилиш, янги замонавий оилавий шифокорлик пункти қуриш, маҳаллада гилам тўқиш корхонаси ва маиший хизмат кўрсатиш шахобчалари қуриш режалаштирилган, - дейди “Нукус” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Ражаббой Жумаев.

Халқ вакили  Нигора Қутлимуратова маҳаллада жойлашган  16-сонли умумий ўрта таълим мактаби фаолияти билан танишди. Мактаб 45 ўринга мўлжалланган бўлиб, ҳозирда  130 нафар ўқувчилар икки сменада таҳсил олаётгани, мактабда стол-стулларнинг етарли эмаслиги, спорт майдончаси ва ўқитувчилар хонаси йўқлиги  маълум бўлди. “Обод  қишлоқ” дастурида ушбу мактаб учун қўшимча бино қуриш, ўқитувчилар учун шароит яратиш  ишлари амалга оширилади.

Озода Қаландарова,

O'zLiDeP Тупроққальа

туман кенгаши ижрочи котиби

  • Кўрилди
    703
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+